Нанкин-2014. Совриндор бўлган спортчиларимиз ҳақида
Бугунги кунда миллионлаб юртдошларимизнинг диққат эътиборлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган II ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларига қаратилган десак муболаға бўлмайди. Бўлмасамчи, ахир дунёнинг 204 давлатининг тўрт мингга яқин атлетлари ўртасида ўта кучли рақобат остида ўтаётган мана шундай йирик мусобақада Ўзбекистон спортчиларининг ҳар бир иштироки, улар томонидан қўлга киритилаётган ҳар бир ғалабалар қалбдаги фахр ва ифтихор ҳисларини янада жўш урдирмоқда.
Ёш спортчиларимизнинг эришаётган муваффақиятлари мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин тасдиғидир.
Эътиборли томони, Ўзбекистон спортининг эртанги ёрқин келажагини белгиловчи ёшларимиз олимпиада ўйинларининг биринчи куниданоқ совринли ўринларни қўлга кирита бошладилар.
Бугунги кунга келиб мамлакатимиз спортчилари томонидан 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Қуйида, 22 август кунига қадар ўтказилган мусобақаларнинг якунларига кўра II ўсмирлар ёзги олимпиада ўйинларида совринли ўринларни банд этган спортчиларимиз ҳақида маълумот берилган:
Свечников Владимир Александрович – 1998 йил 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Пойтахтимиздаги 18-умумтаълим мактаби ўқувчиси. Истеъдодли спортчимиз ўсмирлар олимпиада ўйинларида 10 метр масофадан тўппончадан ўқ отиш бўйича микст (ўсмир – қиз) мусобақаларида олтин медаль соҳиби бўлди. Бундан ташқари Владимир Свечников шахсий ҳисобда бўлиб ўтган мусобақада 6-ўрини эгаллади.
Турсунов Суҳроб Шокирович – 1996 йил 14 октябрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Чирчиқ шаҳар олимпия захиралари коллежи ўқувчиси. Суҳроб ўсмирлар олимпиада ўйинларида бир йўла иккита медални делегациямиз ҳазинасига келтирди. Дастлаб вазни 66 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида бронза медалига сазовор бўлган юртдошимиз, жамоавий (етти давлат вакилларидан иборат терма жамоа) мусобақаларда олтин медални қўлга киритди.
Абдуллаева Умида Алишер қизи – 1997 йил 27 июль куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган. Чирчиқ шаҳар олимпия захиралари коллежи талабаси. Тажрибали спортчимиз ўсмирлар олимпиада ўйинларида таэквондо бўйича вазни 63 кг.дан юқори бўлган қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада кумуш медаль совриндори бўлди.
Собиров Фарҳод Анвар ўғли – 1997 йил 10 сентябрь куни Хоразм вилояти, Хива туманида таваллуд топган. Ургенч олимпия захиралари коллежи ўқувчиси. Истеъдодли спортчимиз ўсмирлар олимпиада ўйинларида оғир атлетика бўйича вазни 85 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида кумумш медаль соҳиби бўлди.
Эргашев Адҳамжон Абдуллажон ўғли – 1999 йил 12 март куни Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида туғилган. Чирчиқ олимпия захиралари коллежи ўқувчиси. Адҳамжон ўсмирлар олимпиада ўйинларида оғир атлетика бўйича вазни 56 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида бронза медали совриндори бўлди.
Ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган олимпиада ўйинлари 27 августга қадар давом этади ва умид қиламизки 23-27 август кунлари спортнинг бокс, байдарка ва каноэ, спорт гимнастикаси, юнон-рум кураши, аёллар кураши ҳамда бадиий гимнастика турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз ҳам делегациямиз ҳисобидаги медаллар сонини янада юксалтириш учун бор куч ва имкониятларини ишга соладилар. Бу йўлда уларга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 19:38, 22.08.2014.
Ўқилди: 4860 марта.
Фикрлар: 2 та.