"Реал" чемпионатни ғалаба билан бошлади. Мадридликлар 42 йилдан сўнг Ла лигага қайтган "Кордоба" устидан "Сантьяго Бернабеу"да ғалаба қозонишмаса ҳам бўлмасди.
Ўйин давомида "Қироллик клуби" катта ҳудудий устунликка эришди. Улар биринчи бўлим давомида рақиб дарвозасига кўпроқ босим уюштиришди ва бурчак тўпидан бўлса ҳам ҳисобни очишди. Ўйиннинг 30-дақиқасида Бензема бош билан дарвозани ишғол қилди.
Ушбу голдан кейин "Реал" бироз хотиржамликка берилгандек бўлди ва бу кайфият уларни деярли ўйин охиригача тарк этмади. 1:0 қалтис ҳисоб эди ва у исталган вақтда ўзгариб кетиши ҳеч кетиши ҳеч гап эмасди. Иккинчи бўлимда тўп бир марта Касильяс дарвозасидан ўрин олди ҳам, аммо "Мадрид" бахтига Икер қайтарган тўпни яқин масофадан дарвозага йўллаган футболчи офсайдда қолганди.
"Реал" таркибида ўзининг 250-ўйинини ўтказаётган Криштиану Роналду гол уришни жуда ҳам истади, бунга кўп интилди. Бир вазиятда унинг голи офсайд туфайли инобатга олинмади. Аммо у ўйиннинг сўнгги дақиқасида барибир ўз мақсадига эришди. Иско тўпни ҳимоячидан олиб қўйиб, Криштиануга узатди. Роналду бироз олдинга сурилди ва 25 метрлардан зарба берди. Тўп ерга урилиб сакради ва дарвозанинг яқин бурчагига кириб кетди. Бу португалиялик футболчининг "Реал" сафида урган 255-голи бўлди.
"Мадрид" турдан турга ўз ўйинини кучайтириб боришига шубҳа йўқ. Ҳозирча кучсиз жамоалар Анчелотти шогирдлари учун "спарринг" вазифасини ўтаб туришади.
Испания Ла-лигаси, 1-тур
Реал Мадрид – Кордоба 2:0 (1:0)
Голлар: 1:0 – 30 Бензема, 2:0 – 90 Роналду.
"Реал Мадрид": Касильяс, Арбелоа (Карвахаль, 73), Рамос, Пепе, Марсело, Хамес (Иско, 72), Бэйл, Кроос, Модрич, Бензема (Хедира, 76), Роналду.
"Кордоба": Хуан Карлос, Пантич, Пинильос (Картабия, 46), Иньиго Лопес, Гунино, Лопес Гарай, Ф. Росси, Лопес Сильва, Х. Креспо, Матос (Фидель, 62), Хавенар (Хиско, 67).
Огоҳлантиришлар: Пинильос (18), Лопес Гарай (59), Бензема (72).