Кириш Регистрация
21/11 18:00 Пахтакор 0-2 ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе - Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик - Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол

Фарғонадаги янги стадион ҳақида

Баҳо:
+ | -

Аввал хабар берганимиздек, кеча Фарғонада “Нефтчи” мухлислари ва расмий шахслар билан учрашув бўлиб ўтди.

Кеч соат 18:00га яқин бошланган жонли мулоқотда “Нефтчи” клуби раиси Тоҳир Кападзе ҳамда Фарғона шаҳрида янги қад ростлаган “Истиқлол” номли стадионнинг директори Илҳомжон Собитов ва директор ўринбосари Алматжон Ҳомитов йиғилган ишқибозларнинг бир қатор саволларига жавоб бериб ўтишди.

“Киргули СК” стадионида йиғилган мухлислар сони шу куни 100дан зиёд бўлди. Ишқибозлар мулоқот жараёнида бевосита “Нефтчи” машғулотларини ҳам кузатиб борди.

Дастлаб сўзга чиққан клуб раиси Тоҳир Кападзе жумладан шундай деди:
— Авваламбор, бугун сизлар билан кўришиб турганимиздан хурсандмиз. “Навбаҳор” билан ўйиндан сўнг кўпчилик ишқибозлар менга учрашув ташкил этишни сўради. Олдин ҳам айтганман, бир ойда бир маротаба ишқибозларимиз билан учрашиб, улар билан суҳбатлашамиз. Кимда қандай саволлар бор? Кимнинг қандай таклифи бор? Сиздек содиқ мухлисларнинг фикрини албатта тинглаймиз, ундан ўзимиз учун тўғри хулоса чиқариб оламиз. Мақсадимиз битта, яъни Фарғона футболини янада юксалтириш. Бунинг учун барчамиз аҳил бир оиладек бўлишимиз керак бўлади. Мазкур учрашувни ташкил этаётганимизнинг яна бир сабаби шуки, охирги пайтларда қаерда бўлмай, мухлислар Фарғонадаги янги қуриб битказилаётган “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” қачон ўйнашни бошлайди?  Шуни инобатга олиб, стадион раҳбариятини ҳам бугунги учрашувимизга таклиф этдик. Қимматли вақтларини аямасдан тадбиримизда қатнашаётгани учун уларга миннатдорчилик билдириб ўтишни истардим.

Шундан сўнг стадион директори Илҳомжон Собитов сўз олиб, дастлаб стадион ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

— Ассалому алайкум, ҳурматли футбол ишқибозлари. Бугунги учрашувга таклиф этишганидан жуда хурсанд бўлдик. Аслида ўзимизда ҳам шундай ният йўқ эмасди. Чунки янги стадион бугунги кунда футболга бефарқ бўлмаган кишиларни қизиқтириб келмоқда. Стадионимиз режага кўра, 1 сентябрь куни фойдаланишга топширилиши керак эди. Лекин айрим техник сабабларга кўра, бу муддат бирозга чўзилди. Стадионда ҳамон пардозлаш ишлари жадаллик билан кетмоқда. Қурилиш 2012 йилнинг январь ойидан бошланган. 20 000 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. Умумий ер майдони 22 гектарни ўз ичига олади. Шундан 10 гектарига кўкамламзорлаштириш ва хориждан келтирилган бир қатор манзарали дарахтлар ўтқазилган.

6 гектари эса стадион учун ажратилган. Тринубага ўриндиқлар Жанубий Кореядан олиб келинди. Ўйлаймизки, мухлислар учун жуда қулай бўлган шароитлар яратилган. Хусусан ҳожатхона жуда катта қурилган. Тозаликка ва ҳар қандай жаҳон андозаларига тўла жавоб беради. Трибунага кириб, чиқиш учун 8та эшик бор. 13х4 ҳажмда замонавий электрон табло олиб келинган. Ўйин пайтида гол бўлган ҳолат ва умуман учрашув чоғида мунтазам ишлаб турадиган таблода хавфли вазиятларни ҳам қайтадан кўриш имкони бўлади. Жамоалар учун кийиниш ва ечиниш хоналари 2тадан 4та қилинган. “А” ва “Б” класс тоифасида. Булар ҳам халқаро талабларга тўла жавоб беради. 9 қатордан иборат югуриш йўлакчаси бор. Унинг ранги қизил кўринишда бўлади. Стадиондаги секторларнинг умумий миқдори 32тани ташкил этади. Спортнинг бошқа турлари бўйича ўтказиладиган мусобақалар жараёнида машъала ёқиш учун стадионнинг марказий қисмида махсус жой қилинган.

Стадионнинг ичига икки томондан кириш мумкин бўлади. Стадионнинг олди ва орқа томонида чипта сотиш учун касса дўконлари жорий этилган. Шунингдек, мухлислар учун яна бир қулайлик томони, 650та автомашинага мўлжалланган махсус турар жойлар қилинган.  Ёриткич прожекторлари 56 метрдан иборат. Уни Хитойда тайёрлаб олиб келинди. Ҳозирга келиб, унинг асосий қисми ўрнатиб бўлинди. Хитойдан мутахассислар келишини кутмоқдамиз. Айнан улар келиб, ўрнатиб беради. Стадион ичида емоқ учун буфетлар қурилган. Умуман олганда, ишқибозларимиз учун барча шароитлар муҳайё этилган. Қолаверса, жамоалар ва тартибни сақлаш ходимлари учун ҳам қулай шароитлар яратилган.

Стадион директорининг берган маълумотларидан сўнг, ишқибозлар Илҳомжон Собитовга яна бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди.

— Янги қуриб битказилган стадион ҳақида интернет нашрларида ўқиб турамиз. Лекин унинг номини очиғи, билмасдим. Нима учун айнан “Истиқлол” дея ном берилди? Кейин саволимнинг иккинчи қисми шундан иборатки, бизда ўйинлар эрта вақтда бошланади, нима учун биздаги янги стадионнинг устки қисми очиқ ҳолатда. Шуни худди Европадаги ареналар каби, ёпиқ холатда қурса бўлмасмиди?
— Фарғона вилояти футбол федерацияси томонидан “Истиқлол” дея ном берилди. Агарда у “Нефтчи” клубининг шахсий стадиони бўлганида, клуб номи берилиши ҳам мумкин эди. Иккинчи саволингизга келадиган бўлсак, стадионнинг қурилиши олдидан шундай лойиҳа қилинганки, унда стадионинг устки қисми очиқ холатда қурилиши режалаштирилган. Ушбу ҳолатига ҳам катта маблағ сарф этилган. Сиз айтгандек, қилиш учун янада катта сумма талаб этилади. Қолаверса, унинг фойдаланишга топширилиши ҳам яна бироз муддатга чўзилиб кетади.    

— Стадионда мухлислар сиғими 20 000 экан. Бу оз эмасми?  
— Бу нарса ҳукмат томонидан режалаштирилган лойиҳа бўйича қилинган. Сизга шуни айтаманки, бу менга боғлиқ эмас.

— Чипталар сотуви қандай бўлади?
— Шу кунгача чипталар оддий қоғозларга, махсус муҳр босилиб чиқарилмоқда. Шу боис илгари қалбаки чипталар кўп бўлган. Янги стадионга эса чипталар штрих кодли чиқарилади. Ҳар бир мухлис олган чиптасини, стадионга киришда махсус аппаратга тутиб тасдиқдан ўтказган ҳолда кейин киради. Ундан кейинги одам бу чиптани тутиб, бошқа кира олмайди. Мавсумий чипталар ҳам жорий этилади. Чиптанинг нархи қанча бўлиши ҳозирча расман аниқ бўлмади. Лекин табиийки янги стадионга кириш учун чипта нархи маълум миқдорда ошади. Чунки бундай катта стадионни талаб дажарасида бўлиши айнан чиптадан тушган молия эвазигадир. Қолаверса 100 зиёд ишчи ходимлар бор. Электр энергия ва бошқа ўзига яраша сарф-харажатлари мавжуд.

— Чипта сотиш учун мўлжалланган касса дўконлар сони кўпайтириладими? Чунки ҳозир бу борада қийинчиликларга дуч келяпмиз.
— Стадион ҳудудида 4та касса дўкони мавжуд. Бундан ташқари “Дамас” автомашиналарида ҳам чипта сотувини йўлга қўямиз. Афиша чиқариб, автоуловларда туман ва бозор ҳудудларга бориб, чипта сотувини жорий этишни режалаштирганмиз. Умид қиламизки, шунда туманлардан келадиган мухлислар учун ҳам бироз бўлсада қулайлик яратилади. Ушбу масала юзасидан ходимлар олганмиз. Бизга қанча кўп мухлис келса, шунча яхши

— У ҳолда мухлислар учун лоторея ва шунга ўхшаш кўнгилочар тадбирлар бўладими?
— Буни ўйлаб қўйганмиз. Албатта ташкил қиламиз.

— Қачондан фойдаланишга топширилиши мумкин?
— Бунга аниқ жавобни ҳозир айтиш қийин. Махсус ёриткичнинг барчаси бутунлай ўрнатиб бўлинган кейин, маълум бўлади. Насиб қилса, жорий мавсум очилишига умид қилмоқдамиз.

— Қачонгача “Нефтчи” ўйинини кўриш учун Қўқонга борамиз?       
— Янги стадионимиз фойдаланишга топширилганидан сўнг, бормайсиз. Шундан сўнг қўқонликларни Фарғонага таклиф қиламиз (шу ерда бироз кулгу — муаллиф).   

— Майдоннинг холати қай даражада?
— Чимни яхши холатда дейиш мумкин. Қаров бўляпти.

Мухлислар яна бир қатор саволларга жавоб олди. Стадион директори И.Собитов янги стадионда ишқибозлар клуби учун махсус сектор ажратилишини такидлаб ўтди. Кейинги мавсумдан бошлаб, 12-рақам мухлислар учун эканлигини ҳам айтиб ўтилди. Ишқибозларни эса янги стадионда тартибли ва ҳар томонлама намунали бўлишлари талаб этилиши аълоҳида такидланди. Стадионда шунингдек ОАВ ходимлари учун ҳам барча қулайликлар яратилгани айтилди.

Бундан ташқари жамоага оид қатор саволлар билан мухлислар “Нефтчи” клуби раиси Тоҳир Кападзега ҳам мурожаат этишди. Бу ҳақда кейинроқ сайтимизда батафсил ўқишингиз мумкин.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 13:42, 26.08.2014.
Ўқилди: 11567 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.