Англия Премьер-лигаси бу мавсум олдингисидан ҳам шиддатлироқ бўлиши аниқ. Чунки ўтган мавсумда чемпионлик учун курашдан жуда эрта чиқиб кетган «Манчестер Юнайтед» бу сафар анчагина кучайди ва ғолиблик учун астойдил курашишни ният қилган. Айнан шу мақсадни амалга ошириш учун эса «Монако»дан Радамель Фалькао клуб таркибига жалб қилинди. Ўзига хос тажриба эгаси, гол уришни яхши кўриши билан мухлислар меҳрини қозонган Фалькаодан эса журналистлар аллақачон интервью олишга ҳам улгуришди. Демак, бугун ана шу суҳбат билан танишасиз.
— «Манчестер Юнайтед»га хуш келибсиз, Радамель. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Катта раҳмат. Мен дунёнинг энг кучли клубларидан бирига ўтганимдан жуда хурсандман. Мен бу лаҳзаларни узоқ йиллар кутдим ва ниҳоят «МЮ» футболчисига айландим.
— Таъкидлаш жоиз, трансфернинг сўнгги куни энг узоқ кун бўлди, якунда эса сиз энг қиммат футболчилардан бирига айландингиз...
— Сиз ҳақсиз. Ростдан ҳам охирги куннинг ўтиши жуда қийин бўлди. Мен сўнгги дақиқаларгача сабр қилдим, сўнгги дақиқаларгача ишондим, мен учун керакли воқеа содир бўлишини ич-ичимдан ҳис қилдим. Мени ўз таркибига қўшиб олгани учун «Манчестер Юнайтед»га миннатдорчилик билдираман.
— Луи ван Гал билан ишлаш ҳаяжонли бўлса керак?
— Ҳа, жуда. Ван Гал — кучли билимга эга бўлган ажойиб мураббий. Мен жамоа, бош мураббий ва мухлисларни қувонтириш учун бор имкониятимни ишга соламан.
— Сиз энди Премьер-лигада ўйнайсиз. Инглиз футболи ҳақида нималар дея оласиз?
— Мен ҳар доим Англия чемпионатида ўйнашни орзу қилганман. Доим шу ерда бўлишни хоҳлаганман, чунки Премьер-лига — жуда кучли чемпионат ва бу ерда кучсиз клубнинг ўзи йўқ. «Манчестер Юнайтед» эса Англиянинг энг кучли жамоаси. «МЮ»га ўтганим шунчаки мўъжиза.
— Жамоада испан тилида гаплашадиган футболчилар жуда кам. Бу муҳитга мослашиб кетишингиз учун ёрдам беришяптими?
— Албатта, бу ерда ҳамма бир-бирига кўмаклашади. Мен Англияда эндигина тажриба орттиряпман, жамоадошларимнинг ёрдамисиз эса буни эплай олмайман. Ўйлайманки, клуб менга қулай шароит яратиб берса, жамоани чемпион қилишим учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
— Янги жамоангиз ҳақида нималар дея оласиз?
— Клубда иқдиторли футболчилар йиғилган. Манчестерда ҳар бир нарсадан завқ оляпман ва, албатта, клуб билан янги совринларга эришишни интизорлик билан кутяпман. Бу мавсумда жамоа олдинги савиясига қайтишига ва чемпион бўлишига ишонаман.
— Ишқибозлар сизни илиқ кутиб олишгандир?
— Албатта. Айниқса, табрик хабарлари анча кўпайиб кетди. Ҳалигача SMSларни ўқиб тугата олганим йўқ. Менинг бу ҳурматга жавобим эса ажойиб ўйин ва кўплаб голлар киритиш.
Интернет материаллари асосида НИЗОМ тайёрлади.