Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочино Непалга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида терма жамоадан омад юз ўгирганини таъкидлади.
«Сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориш алам қилади. Бизда ўйин охирида қарши ҳужумларда гол киритиш учун имкон бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. Рақиб эса ўзи яратган кам сонли ҳужумлардан бирини голга айлантира олди», - дейди Мочинов ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.
«Ўйин сўнггида футболчиларга нима бўлганини тушунмадим. Иқлим шароити бироз ноқулай, шунинг учун ҳам чарчаб қолгандек кўринишди. Сўнгги дақиқаларда концентрацияни йўқотдик ва гол ўтказиб юбордик. Шу ўринда, Непал терма жамоасини табриклайман. Непал кўпчилик кутганидек кучсиз жамоа эмас. Улар ўйин сўнгида катта иштиёқ билан ўйнашди», - дейди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.
Александр Мочинов, терма жамоа кейинги ўйинларда бугунги ўйиндаги хатоларни такрорламаслиги кераклигини таъкдлади. «КХДР ва Кувайтга қарши ўйинларда бундай хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Бугунги ўйинни унутиб, кейинги икки ўйинга тайёргарлик кўришимиз керак. Биринчи ўйин доим қийин кечган. Бир ўйин билан жамоа кучига баҳо бериб бўлмайди», - дейди Мочинов.