Ўтган дам олиш кунлари хорижда тўп сураётган бир қатор ўзбекистонлик футболчилар ўз жамоалари сафида майдонга тушишди.
РОССИЯ
20-сентябрь куни Россия Премьер-Лигасида 8-тур ўйинларига старт берилди.
Москванинг «Локомотив» клуби аъзоси Виталий Денисов мазкур турда сафарда ЦСКАга қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди. ЦСКАнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувда Денисов тўлиқ 90 дақиқа ўйнаган.
«УФА» клубида тўп сураётган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Вагиз Галиулин ушбу тур ўйинида жамоаси заҳирасида қолган.
УКРАИНА
20 сентябрь куни Украина премьер-лигасида ҳам навбатдаги тур ўйинларига старт берилди. Полтаванинг «Ворскла» клубида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Санжар Турсунов мазкур турда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйишга эришди. Сафарда Запарожьенинг «Металлург» клубига қарши тўп сурган «Ворскла» йирик - 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голлардан бирига эса, 72-дақиқада Санжар Турсунов муаллифлик қилган.
ЖАУБИЙ КОРЕЯ
21 сентябрь куни Жанубий Корея К-Лигасида 27-тур баҳслари бўлиб ўтди. «Сеонгнам» клубида ўйнаётган миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров мазкур турда ўз ҳисобида навбатдаги голини ёзиб қўйишга эришди. Айни дамда Лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Сеонгнам» ушбу турда «Жеджу Юнайтед» клуби билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Мезбонларнинг учрашувдаги ягона голига эса, 49 дақиқада Жеапаров муаллифлик қилган.
ҚОЗОҒИСТОН
Қозоғистон Премьер-Лигасида плей-офф баҳслари давом этмоқда. 20 сентябрь куни сафарда «Остона» клубига қарши майдонга тушган Қарағанданинг «Шахтер» клуби 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Эслатиб ўтамиз, «Шахтёр» сафида икки нафар ўзбекистонлик футболчилар - Камолиддин Мурзоев ва Шавкат Саломовлар тўп суришмоқда. «Остона»га қарши учрашувда Мурзоев тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Саломов 79 дақиқа майдонда тўп сурган.
БАА
20 сентябрь куни БАА Про-Лигасида 2-тур ўйинларига старт берилди. Дубайнинг «Аш Шабоб» клубида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров мазкур турда ўз жамоаси сафида меҳмонда «Ал Аҳли» клубига қарши асосий таркибда майдонга тушиб 90 дақиқа тўп сурди. «Аш Шабоб» 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинда Ҳайдаров жамоасининг учинчи голига ассистентлик қилган.