Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Инчеон-2014. Кун якунлари

Баҳо:
+ | -

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида давом этаётган XVII ёзги Осиё ўйинларида бугун спортнинг 25 тури бўйича мусобақалар ўтказилиб, 39 комплект медаллар ўйналди.

Эътиборлиси, қизғин кечган мусобақаларнинг якунларига кўра совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган спортчилар орасидан уч нафар ҳамюртимиз ҳам жой олди.

Жумладан, спорт гимнастикаси бўйича таяниб сакраш мусобақаларининг ҳал қилувчи финал баҳсида 14.750 балл жамғарган Оксана Чусовитина делегациямиз ҳисобига кумуш медални келтирди. Мазкур мусобақада КХДР вакиласи Хонг Юн Чжонг (15.349 балл) олтин медални қўлга киритган бўлса, въетнамлик Пан Ти Ха (14.683 балл) учинчи ўринни эгаллади.

Осиё ўйинларининг яна бир кумуш медалга эса конда бажариладиган машқларда Абдулла Азимов 14.866 балл жамғариб сазовор бўлди.
Бугунги мусобақаларда делегациямиз ҳисобига еттинчи бронза медалини оғир атлетикачимиз Улуғбек Алимов (-85 кг) келтирди. Улуғбек даст кўтаришда 164 кг., силтаб кўтаришда эса 205 кг. тошни ўзига бўйсинтириб, бронза медали совриндори бўлди.

Ушбу вазн тоифасида кураш асосан уч нафар спортчи – Улуғбек Алимов (Ўзбекистон), Шин Тен Тао (Хитой) ва Киануш Рустами (Эрон) ўртасида кечди.

Қизғин кечган мусобақа якунларига кўра умумий 381 кг. натижани қайд этган Хитой вакили биринчи, 380 кг. натижага эга бўлган эронлик спортчи иккинчи, 369 кг. натижани қўлга киритган ҳамюртимиз учинчи ўринни эгаллади.

Бугун, шунингдек, тўрт бор 100 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича ўтказилган саралаш мусобақаларида мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари (Алексей Дерлюгов, Дмитрий Швецов, Даниил Тулупов, Хуршиджон Турсунов, Ислам Асланов) 3:26.22 натижани қайд этишди ва ҳал қилувчи финал босқичи мусобақаларида қатнашиш хуқуқига эга бўлдилар.

Камондан ўқ отиш мусобақаларида эркаклар жамоамиз 3389 очко билан 15-ўринни, хотин-қизлар терма жамоамиз эса 3478 очко билан 12-ўринни эгаллашди.
Гандбол бўйича аёллар терма жамоамиз Япония терма жамоаси билан кечган учрашувда 18:51 ҳисобида имкониятни бой бердилар.
Академик эшкак эшиш мусобақаларининг (LM1X) “А” гуруҳи ҳал қилувчи финал босқичида иштирок этган ҳамюртимиз Артем Кудряшев белгиланган масофани 7:46,02 сонияда босиб ўтиб, кучли олтиликдан ўрин эгаллади.

Икки кишилик қайиқда ўтказилган пойгаларда иштирок этган ҳамюртларимиз Достон Орипов ва Бабрилло Баротов 6:55,99 сония натижа билан “В” гуруҳида 7-ўринни банд эттилар. Тўрт кишилик қайиқда ўтказилган пойгада эса терма жамоамиз аъзолари (Эрназар Ҳамидуллаев, Абубакр Узоқбоев, Юрий Суховлянский, Руслан Наурзалиев) “В” гуруҳида еттинчи ўринни эгаллашди.

Теннис бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда бугун хотин-қизлар ўртасида яккалик ҳамда жуфтлик баҳслари бўлиб ўтди. Яккалик баҳсларида кортга тушган ҳамюртимиз Оқгул Омонмуродова Комбоджа вакили Ка Андреа Дарави устидан икки сетда ғалаба қозонди. Афсуски, жуфтлик мусобақаларида ҳамюртларимиз Сабина Шарипова ва Арина Фольц Гонгконглик ракетка усталари билан кечган баҳсда имкониятни бой бердилар.

Сув полоси бўйича аёллар терма жамоамиз Гонгконг термасига қарши кечган баҳсда катта устунликка эга бўлди ва 16-1 ҳисобида зафар қучди.

Ва ниҳоят оғир атлетика бўйича хотин-қизлар ўртасида ўтказилган “А” гуруҳи баҳсларида ҳамюртимиз Манзура Мамасолиева иккикураш якунларига кўра 222 кг. натижани қайд этиб, бешинчи ўринни эгаллади.

24 сентябрь кунги мусобақаларнинг якунларига кўра делегациямиз ҳисобидаги медаллар сони 10 тага етди (3 та кумуш ва 7 та бронза) ва ҳозирда ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 17-ўринда боришмоқда. Жадвални эса Хитой делегацияси вакиллари (59 та олтин – 32 та кумуш – 27 та бронза) бошқариб боришмоқда. Иккинчи ўринда бораётган кореялик спортчилар ҳисобида 26 та олтин, 23 та кумуш ва 25 та бронза медаллари мавжуд бўлса, 20 та олтин, 29 та кумуш ва 27 та бронза медалига сазовор бўлган Япония делегацияси учинчи ўринда бормоқда.

Эртага Осиё ўйинларида спортнинг 27 тури бўйича 38 комплект медаллар ўйналади. Мамлакатимиз вакиллари спортнинг 9 тури бўйича бўлиб ўтадиган баҳсларда иштирок этадилар.

Шавкат Жалилов
Инчеон шаҳридан махсус тайёрланди

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 23:01, 24.09.2014.
Ўқилди: 4871 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.