Бу йилги мавсумни кузатиб бораётган бўлсангиз, “Металлург” натижаларида ғайриодатий номутаносиблик кузатилмоқда. Ёшлар ғалаба қозонган турда, асосий таркиб имкониятни бой бермоқда. Асосий таркиб ғалабага эришганида, ёшларимиз натижаси кўнгилдагидек бўлмаяпти. Шу боисдан ҳам Янгиерда ёшларимиз муваффақиятга эришганларидан сўнг, Зоминдаги ўйинни хавотир билан кутгандик. Афсуски, кўнгилсиз анъана бу сафар ҳам бузилмади...
Учрашув майдон эгаларининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Меҳмонлар ҳали майдонга мослашиб улгурмасидан Суҳроб Бердиев қанотдан жарима майдончасига етиб келди ва жуда қулай вазиятда турган Жасур Ҳакимовга тўпни ташлаб берди. У эса Суҳроб Султонов қўриқлаётган дарвозани нишонга олишда янглишмади – 1:0.Аммо меҳмонлар қараб туришмади. Бекободликларнинг биринчи позицион ҳужуми жавоб голининг киритилиши билан тугади. Шоҳназар Норбековнинг тезкорлиги бу ерда қўл келди ва у Шуҳрат Йўлдошевга ўз вақтида тўпни етказиб берди. Тажрибали Йўлдошев бу имкониятни қўлдан чиқармади ва ҳисобни тенглаштирди.
Зоминдаги нотекис майдон барибир “Металлург” жамоасига қатор қийинчиликларни туғдирди. Тўпнинг бир текисда сакрамаслиги, тез-тез йўналишини ўзгартириб юбориши, кутилмаган рикошетларга кўникиб қолган мезбонлар эса биринчи бўлимнинг ўзидаёқ меҳмонларни яна икки марта ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур этишди. 18-дақиқада Сардор Эминов – Жасур Ҳакимов комбинацияси гол билан якунланган бўлса, биринчи тайм тугашига ўн дақиқача қолганда Собир Ҳамидов жарима зарбасини мукаммал бажарди – 3:1.
Иккинчи таймни ҳам мезбонлар кескин ҳужумлар билан бошлади ва 56-дақиқада меҳмонлар ўз жарима майдончалари ичида Олександр Коблашни қоидага хилоф равишда тўхтатиб қолишди. Пенальтини Собир Ҳамидов аниқ амалга оширди – 4:1. Ҳисобнинг йирик кўриниш олиши бекободликларни чўчитмади. Жамоа бош мураббийи Рустам Мирсодиқов таркибдаги муаммоларга қарамасдан сафарга ёшларни ижобий натижа кайфиятида олиб келганлигини исботлади. Бундан ташқари ўйинчиларни алмаштиришда ҳам мураббий янглишмади. 58-дақиқада Муроджон Тошматов собиқ жамоадошларини “гол” билан сийлаган бўлса, кейинги икки голда ёш ҳужумчи Суннат Эрматов бевосита иштирок этди. Даставвал у Муроджон Тошматовнинг бурчакдан етказиб берган тўпини қайчи услубида рақиб дарвозасига жойлаб қўйган бўлса, учрашув тугашига уч дақиқа қолганда у қулай вазиятда турган Сардор Расуловни тўп билан таъминлаб, голга ассистентлик қилди – 4:4.
Аммо “Металлург”нинг Зоминдан очко олиб қайтишини Валентин Коваленко “истамади”. У ўзи томонидан қўшиб берилган дақиқаларда бекободликлар дарвозаси томон иккинчи пенальтини белгилади. Бу туҳфани эса Аюбхон Нўъмонов жон деб қабул қилди ва мезбонларнинг ғалабасини таъминлади. Меҳмонларга эса яна ирода намойиш этишлари учун эса вақт қолмаганди.
«Сўғдиёна» (Жиззах) – «Металлург» (Бекобод) 5:4. Зомин. 26.09.2014. 2645 томошабин.
Ҳакамлар: В. Коваленко (Тошкент), Т. Галеев (Тошкент), А. Пўлатов (Тошкент), Н. Болтаев (Навоий)
Голлар: Жасур Ҳакимов (2, 18), Собир Ҳамидов (34, 56-п) – Шуҳрат Йўлдошев (5), Муроджон Тошматов (58), Суннат Эрматов (77), Сардор Расулов (87).
"Сўғдиёна": Александр Меленчук, Илҳом Комилов (Олександр Коблаш, 18), Аюбхон Нўъмонов, Рустам Аъзамов, Ориф Мамажонов, Жасур Ҳакимов (Сардор Қаҳҳоров, 65), Сардор Эминов, Вусол Магеррамов (Нодир Ибрагимов, 59), Асил Бегимқулов, Суҳроб Бердиев, Собир Ҳамидов.
Заҳира: Рустам Ашурматов, Расул Ҳайитов, Ботир Каримжонов, Акмал Абдураҳмонов.
"Металлург": Суҳроб Султонов, Саидкомил Акбаров, Ҳикмат Ҳошимов, Шоҳназар Норбеков (Миртўра Акбаров, 65), Шуҳрат Йўлдошев (Суннат Эрматов, 59), Даврон Каримқулов, Алишер Зиёвуддинов, Саиджон Абдужабборов (Сардор Расулов, 69), Мирғиёз Сулаймонов, Мурод Тошматов, Маъруф Муродов.
Заҳира: Раҳим Раҳмонбердиев, Суннатилла Мамадалиев, Нозимжон Эсонов, Азизхон Ибрагимов.
Назоратчи: С. Эрматов (Тошкент).
Огоҳлантириш:Суҳробжон Султонов (55).