Ниҳоят, Осиё ўйинларининг саккизинчи кунига келиб эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов (-70 кг) делегациямиз ҳисобига олтин медални келтирди.
Жорий йилнинг 8-14 сентябрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган Бекзод Абдураҳмонов, ўз вазнида дунёнинг энг етакчи спортчиларидан бири эканлигини Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида давом этаётган XVII ёзги Осиё ўйинларида ҳам исботлади.
Эътиборлиси, Бекзод қайси курашчи билан гиламда бел олишмасин, маҳорат ва тажриба борасида рақибидан анча устун эканлигини намойиш этди.
Хусусан, нимчорак финалда тожикистонлик Сомиршо Воҳидов, чорак финалда эса хитойлик Линг Хаивеи йирик 10:0 ҳисобларида муддатдан аввал мағлуб этилган бўлишса, ярим финалда япониялик Кожима Такафуми ҳам 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Таъкидлаш жоизки, Жанубий Корея вакили Ох Манхога қарши кечган финал беллашуви ҳам ҳамюртимизнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Ҳакамнинг беллашувнинг бошланганлиги ҳақидаги ҳуштаги янграши билан Бекзод рақибини шундай таъқибга ола бошладики, беллашувни бу тарзда бошланшини кутмаган мезбонлар вакили кетма-кет очколарни бой бера бошлади. Ҳисоб 7:0 кўринишига келганида, кореялик курашчи ҳам ўзига кела бошлади. Лекин вақт ўтган эди. Сўнгги сонияларда Ох Манхо икки очко ишлаб, ўртадаги ҳисобни бироз қисқартиришга эришди.
Ҳалол ютган спортчига тан бериш ҳам мардлик. Гарчи Бекзод мезбонлар вакилини мағлуб этган бўлсада, зални тўлдириб ўтирган мухлисёларнинг аксарияти полвонимизни ўрниларидан турган ҳолда олқишлар билан кузатиб қолишди. Бу олқишлар Бекзод Абдураҳмоновнинг ғалабаси шарафига Давлатимиз байроғи кўтарилганидан кейин янада кучлироқ янгради.
“Албатта, ғолиблик шохсупасига кўтарилиш ёқимли. Ўз навбатида бугун мени қўллаб-қувватлаш мақсадида бевосита залга ташриф буюрган ҳамда она Ватаним Ўзбекистонда менга мухлислик қилган барча-барчага миннатдорчилигимни билдираман. Юртдошларимнинг кўмаги менга қўшимча куч бағишлади. Ғалабага бўлган ишончни янада оширди. Халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаганимдан бахтиёрман”, - деди Бекзод Абдураҳмонов мусобақадан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобида бугунги кун мусобақаларининг якунларига кўра 1 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза медали мавжуд.
Бугун бўлиб ўтган мусобақаларда, шунингдек, боксчиларимиз Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Исроил Мадримов (-69 кг) мос равишда Ёнг Чанг (Хитой) ва Дипеш Лама (Непал) устидан яққол устунлик билан ғалабага эришдилар.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган мусобақаларда ҳам мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этдилар. Жумладан, турли масофаларга бўлиб ўтган пойгаларда Эрнест Эрназаров, Алексей Мачалов, Вадим Меньков, Сергей Борзов, Вячеслав Горн, Александр Тропин, Мирзиёд Хожиев, Серик Мирбеков, Герасим Кочнев, Ольга Умаралиева, Ксения Калинина ва Виктория Осокина финал босқичига чиқишди.
Енгил атлетика бўйича ўтказилган мусобақаларда Ситора Ҳамидова 10000 метр масофага югуриш баҳсларида 32:12.54 сония натижа билан 4-ўринни эгаллади. Ядро улоқтиришда Сафия Бурханова 16.95 метр натижа билан 5-ўринни банд этди.
Босқон улоқтиришда мусобақасида ҳам Сухроб Ходжаев 71.43 метр натижа билан 5-ўринни эгаллади.
Велошоссе бўйича бўлиб ўтган мусобақада Муроджон Холмуродов марра чизиғига 52:32.04 сонияда етиб келиб, бешинчи ўринни эгаллади.
28 сентябрь куни мамлакатимиз спортчилари енгил атлетика, боулинг, гандбол, бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велошоссе ҳамда эркин ва аёллар кураши бўйича ўтказиладиган мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладилар.
Шавкат Жалилов
Инчеон шаҳридан тайёрланди.