Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Енгил атлетикачиларнинг оғир медаллари

Баҳо:
+ | -

Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган енгил атлетика мусобақаларининг учинчи куни биз медаллардан умидвор эдик. Аёллар ўртасида кўпкурашда Екатерина Воронина ва Юлия Тарасова пешқадамлар сафида боришаётган эди.

Узоққа сакраш секторида, кутилганидек, Тарасова биринчи ўринни эгаллади. У илк уринишдаёқ 6 метр 20 сантиметрга сакради ва 912 очко ишлашга муваффақ бўлди. Мусобақа пешқадами хитойлик Ванг охирги уринишда 6 метр 13 сантиметрга бориб тушди (890 очко). Воронина 6 метр 3 сантиметрга сакради (859 очко).

Навбатдаги тур - найза улоқтиришда қизларимиз барча рақибаларини ортда қолдиришди. Екатерина Воронина найзани 49 метр 53 сантиметрга йўллади (851 очко), Юлия Тарасова 42 метр 47 сантиметр натижа билан иккинчи бўлди (715 очко). Хитойлик Ванг бор-йўғи 37 метр 12 сантиметр билан кифояланди (612 очко).

Якунловчи тур - 800 метрга югуришдан аввал Екатерина Воронина 5105 очко тўплаб пешқадамликни қўлга олди. 5081 очкога эга Ванг иккинчи, 4965 очко билан Юлия Тарасова учинчи ўринда эди. Ўз навбатида, Юлиянинг энг яқин таъқибчилари 500 очкодан кўпроқ масофада ортда қолиб кетишганди.

Ниҳоят, старт берилди. Масофанинг ярмигача Воронина пешқадамлар сафида хитойлик рақибасини назорат қилиб югурди. Маррага 150 метрлар қолганида Екатерина тезликни кескин оширди, рақибаларини ортда қолдирди ва марра чизиғини яққол устунлик билан якка ўзи кесиб ўтди - ғалаба қўлга киритилди! 2 дақиқа 21,21 сония натижага эришди (807 очко). Хитойлик спортчи икки ярим сонияча ютқазиб, ушбу турда 775 очко ишлади. Юлия Тарасова маррага 2 дақиқа 45,01 сонияда етиб келди (517 очко).

Шундай қилиб, еттикурашнинг барча турларида Екатерина Воронина 5912 очко тўплаб, Осиё ўйинлари чемпиони унвонига сазовор бўлди. Хитойлик Ванг 5856 очко билан иккинчи, юртдошимиз Юлия Тарасова 5482 очко билан учинчи ўринни эгаллашди.

Воронина ўтган йили Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган эди. Мана энди у қитъада тенгсиз эканини исботлади. Биз Екатерина ва унинг устози Павел Андреевни муваффақият билан қутлаймиз ва янги зафарлар ёр бўлишини тилаймиз!

Узоққа сакраш секторида терма жамоамиздан Дарья Резниченко омадини синаб кўрди. Биринчи уринишида қайд этилган натижа - 6 метр 25 сантиметр энг яхшилигича қолди ва спортчимиз 7-ўрин билан кифояланди.

1500 метрга югуришда юртдошимиз Ирина Мороз иштирок этди. Бир неча марта жаҳон чемпиони бўлган, бриллиант лигада ўзини кўрсатган Марьям Юсуф Жамол ва Мими Белетте каби юлдузлар билан баҳсда Мороз 4 дақиқа 22,85 сония натижа билан маррага еттинчи бўлиб келди.

Омонбой Тўхтамирзаев

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:59, 30.09.2014.
Ўқилди: 5720 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.