Кириш Регистрация
03/05 20:30 Япония 1-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза 1-2 Монпелье
03/05 23:45 Торино 0-0 Болонья
04/05 00:00 Лутон 1-1 Эвертон
04/05 00:00 Ланс 2-0 Лорьян
04/05 00:00 Хетафе 0-2 Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико
05/05 15:30 Кальяри - Лечче
05/05 17:00 Осасуна - Бетис
05/05 18:00 Брайтон - Астон Вилла
05/05 18:00 Челси - Вест Хэм
05/05 18:00 Эмполи - Фрозиноне
05/05 18:00 Верона - Фиорентина
05/05 19:15 Сельта - Вильярреал
05/05 20:30 Ливерпуль - Тоттенхэм
05/05 21:00 Милан - Женоа
05/05 21:30 Валенсия - Алавес
05/05 23:45 Рома - Ювентус
06/05 00:00 Райо Вальекано - Альмерия
06/05 00:00 Севилья - Гранада

Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқми?

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоамиз Осий ўйинларининг нимчорак финалида Саудия Арабистонига имкониятни бой бериб мусобақани тарк этгач, футболимизга янги қон жуда ҳам зарур, аниқроғи, шартлигини тушуниб етдим. Аслида аллақачон бу ишни амалга ошириш керак эди, бироқ биз ҳеч ким эшитишни истамаётганди. Сўнгги бир ой ичида бошимиз икки марта деворга урилгани мутасаддиларимизнинг кўзини очилишига замин яратар, яна ким билади дейсиз?

Албатта бу ҳақида олдин ҳам гапирганмиз, аммо ҳозирги вазият умуман бошқача. Энди футболимизда ўзгаришларни амалга оширмасак, бундан ҳам ёмонроқ вазиятга тушиб қоламиз. Биз, яъни ОАВ ходимлари томонидан айтиладиган ҳар қандай танқидга футболимиз мутасаддилари тўғри кўз билан қарашлари сўраб қолардик. Чунки биз ҳам футболимиз ривожини хоҳлаймиз. Тўғри, футболимизда фаолият кўрсатаётган ҳамма мутасадди раҳбарлар ҳам ёмон ишлаётгани йўқ, аммо яхшисидан ёмони кўпроқ. Буни барча билиб бўлди. Бугун эшитганларимиз ҳақида гапирмоқчимиз. Айтадиганларимиз орасида ёлғон йўқ, лекин ҳеч кимнинг исм-шарифини очиқ ёзмаймиз. Сабаби тўғри тушунасизлар деган умиддамиз.

30 миллион халқнинг ҳурмати учун ўйнашсин!

Яқинда “Металлург” жамоаси бош мураббийи Рустам Мирсодиқов ОАВ ходимларига интервью берар экан, Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқлигини, бунга ишонмаслигимизни сўради. Албатта футболимиз учун кўп меҳнати синган тажрибали мутахассиснинг сўзларига ишонгиз келади, аммо биз ҳам бир неча йиллардан буён ўзбек футболининг ичида юрибмизку?! Яқин-яқингача мухлислар чемпионатимизда келишилган ўйинлар йўқлигига ишонишарди, сабаби, улар футболимизнинг ичида нималар бўлаётганини билишмасди. Аммо касалини яширсанг иситмаси ошкор қилади деган мақол барибир ўз сўзини айтди. Гарчи ўсмирлар, ёшлар терма жамоаларимиз кетма-кет мундиалларда иштирок этган бўлса-да, бу футболимиз олдинга қадам ташлаётганидан дарак бермасди. Олий ва биринчи лигамизнинг савияси футболимизнинг ҳақиқий юзидир. Осиё ўйинларидаги муваффақиятсизликни шу билан боғлаш мумкин. Нега дейсизми? Терма жамоамиз бу мусобақада атиги биттагина жиддий рақибга қарши майдонга тушди ва мағлубиятга учраб, ўз олдиларига қўйилган вазифани бажара олишмади. Арабларга қарши ўйинда ўтказиб юборилган уч голнинг дастлабки иккитаси чемпионатимизнинг савиясини кўрсатиб берди дейиш мумкин. Сабаби, биринчилигимизнинг савияси юқори бўлганида Ислом Тўхтахўжаев ва Бобур Йўлдошев йўл қўйган жуда кулгули хатолар гувоҳ бўлмасдик. Чемпионатдаги учрашувларда босимни ҳис қилмай ўйнаб келаётган йигитлар биздан унчалик кучли бўлмаган арабларга қарши баҳсда шошилиб қолишди. Ваҳоланки, ҳар иккала вазиятда ҳам футболчиларимизга араблар томонидан босим бўлмаётганди. Эркинроқ тўп суришга рақибнинг номидан ҳайиққан йигитлар хато қилмаслик важида шошиб қолишди ва керагидан ортиқ даражада бўлган қўпол хатога йўл қўйишди. Кўпчилик Тўхтахўжаев хато қилган вазиятда ҳакам пенальти белгиламаса ҳам бўлаверарди, демоқда. Шахсан менинг фикрим бошқача: рефери тўғри қарорга келди. Футболчиларимиз ҳеч бўлмаса халқаро учрашувларда бундай хатолар кечирилмаслигини тушуниб етишсин. Бу босимсиз, ҳакамлар билан келишиб кетаверадиган олий лига эмас. Ёки рақибига озгина пул берса, ютқазиб берадиган жамоа эмас. Шундай экан, футболчиларимиз ҳеч бўлмаса халқаро мусобақаларда орқасида 30 миллиондан ортиқ халқ турганини ҳис қилиб, ўзини қўлга олиб тўп сурсин. Ҳа, ҳеч бўлмаса халқаро баҳсларда шундай бўлсин! Ўзбекистонда миллионлар ўйини миллионлаб мухлислар учун ўйналмаётганига анча бўлди. Юртимизда футбол миллионлар учун ўйналяпти. Буни тан олайлик! Чемпионатда қачон босим бўлади? Қачонки ҳаққоний учрашувларнинг сони кўп бўлса! Қачонки келишувлар камайса! Қачонки савия ошса! Савия ошиши учун биринчи навбатда юқоридаги икки иллатни йўқ қилишимиз шарт!

Биз савиямиз ошяпти деймизку, лекин йилдан-йилга орқага қараб кетаётганлигимизни тан олгимиз келмайди. Савиямиз ошаётганини ўсмирларимиз, ёшларимизнинг кетма-кет жаҳон чемпионатларига чиқаётгани билан изоҳлаймиз. Ваҳоланки, ҳар қандай мамлакат футболининг савияси бу билан ўлчанмаслигини жуда яхши биламиз. Нега ўсмирлар, ёшлар футболида доимий равишда дунёда тенгсиз бўладиган Африка давлатлари на миллий биринчиликлари ва на бош терма жамоасининг муваффақияти билан мақтана олмайди? Чунки тизим нотўғри. Агар тизим тўғри бўлганида аллақачон қора танли ўйинчилар жаҳон чемпионатларида муваффақиятга эришиб улгурарди. Ҳатто Осиё давлатлари ҳам катта мундиалларда ярим финалгача етиб боришни уддалашди, аммо африкаликлар узоққа бора олишмади. Тўғри, осиёликлардан фарқли равишда африкалик футболчилар Европада ном қозониб улгуришган, хўш бундан терма жамоасига нима наф? Бизда Германия, Англия клубларининг эътиборини қозонган, Россияда ўз амплуасининг тенгсизи Одил Аҳмедов, Жанубий Кореяда катта ҳурматга эга Сервер Жепаров, арабларнинг суюклисига айланган Азиз Ҳайдаров бор. Нега унда миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпти? Аслида яхшиямки шулар бор дейишимиз керак, акс ҳолда савияси тушиб кетган маҳаллий ўйинчиларимиз билан саралаш ўйинларида шарманда бўлармидик? Чемпионатимизнинг савиясини Осиё Чемпионлар лигаси ҳам кўрсатиб бера олади. Хўш, бу мусобақаларда нималарга эришяпмиз? Ўзингиз жавоб излаб кўрингчи?

Ҳаммасига олий лига айбдор...

Аслида ҳаммасига ўйинчиларимиз айбдор эмас. Ҳаммасига олий лига айбдор. (Биринчи лига ҳақида гапиришга ҳожат йўқ) Аниқроғи, унинг савиясини кўтара олмаётган мутасаддилар, кўтаришдан кўра, чўнтагининг тўлишини ўйлаётган раҳбарлар айбдор. Ҳеч ким биздан хафа бўлмасин, ҳақиқатдан ҳам улар айбдор. Бизнинг ҳам тоқатимиз тоқ бўлди. Чемпионатимиздаги учрашувларни келишувларга айлантириб юбориб, футболчиларнинг савиясини тушириб юборган ўшалар айбдор. Мен умуман келишилган ўйинларда иштирок этмаганман ёки Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқ дея халқни алдамоқчи бўлган ёлғончилар айбдор! Оқибати нима бўляпти? Футболчиларимиз Осиё ўйинларида биттагина жиддий рақибга ҳам қаршилик кўрсата олмаяпти. Майдонга тушиб бир-биридан кулгули голларни ўтказиб юборяпти. Бундан ким ютяпти? Ўшалар, олий лигани бозорга айлантириб юборганлар! Бугун пул ишлаб олай, эртага футболдан кетаман дея фаолият кўрсатаётганлар ютяпти.

Биз, яъни ОАВ ходимлари футболимиз юксалишини истаймиз. Бу гапларимиз ўшаларга эриш туюлмасинку, ҳақиқатдан ҳам шундай. Ваҳоланки, футболимиз юксалса ҳам, юксалмаса ҳам газета чоп этилаверади, интернет сайтлар ишлайверади, журналистлар ўша ойлик маошларини олиб юраверишади. Сал қўполроқ қилиб айтганда бизга бунинг иссиқ-совуғи йўқ, лекин биз ўзбек футболи жаҳон миқиёсига чиқишини истаймиз. Сафарларга чиққанимизда бошимизни баланд кўтариб, фалон футболчининг ҳамюртимиз дейишни хоҳлаймиз! Бунинг учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Гарчи футбол журналистикаси ортидан топаётган маблағимиз сизлар каби турли хил русумдаги машиналарни харид қилишга етмасада, мамлакат футболининг равнақи учун ишлайверамиз. Танқид қилган ОАВни айблайвермасдан футболимиз мутасаддилари ҳам ишларига жиддийроқ ёндошишга мақсадга мувофиқ бўларди. Сўнгги йилларда ўзбек футбол журналистикаси анча ривожланди. Буни кўпчилик тан олмоқда. Аввалгидек ўринсиз танқидлар бўлаётгани йўқ, бироқ раҳбарларимизнинг ишга бўлган муносабати ўша-ўша, ўзгариш йўқ. Биласизми нимадан хафа бўламан? Ойнаи жаҳонга чиқиб олиб, футболимиз ривожи ҳақида бонг уришади, халқ унга ишонади, лекин ўша ишончнинг ортидан ҳар хил қинғир ишларни бажариб келаверади. Худдики, журналистлар бундан бехабардек! Алам қиладигани шуки, ҳукуматимиз футболимизнинг ривожи учун қанчадан-қанча маблағ сарфлаяпти, қани самараси? Қайси давлат мамлакат футболининг ривожи учун шунчалик эътибор қаратади ёки маблағ киритади? Жаҳонда бундай давлатнинг ўзи бўлмаса керак. Шундан ҳам фойдаланмасдан бизда ҳаммаси расмиятчилик учун ўтказилаётгани кўриниб турибдику! Болалар футболидан тортиб, профессионал мақомидаги чемпионатимизгача ҳаммаси расмиятчилик учун! Касбим юзасидан жуда кўп болалар турнирларида қатнашаман, тўғри ташкилотчилар имкон қадар мусобақани яхши савияда ўтказишга ҳаракат қилади, аммо чин дилдан эмас! Ҳа, шундай! Нега, сабаби, иштирокчилардан ёки ҳомийлардан тушадиган бир-икки сўмдан чўнтагига ортириш, қолганига совриндорлар учун арзимас совғалар улашиш, бўлди. Бола оддий совғани ҳам катта хурсандчилик билан қабул қилади. Шу йўсинда мусобақалар ўтиб кетяпти. Совғалар берилмайдиган Республика миқиёсидаги расмий турнирларни тезроқ ўтказиб олиш пайида бўлишади. Эртага қоғозда ўтказилди деган ёзув туриши учун. Хўш, бу билан нимага эришамиз? Ҳеч нарсага! Нега шуни тан олсакда, хатони такрорлайверамиз? Нега? Нега шу даражага тушиб қолдикки, қилган ҳар бир ҳаракатимиз футболимизнинг ортга кетишига замин яратмоқда? Нега қилинаётган ишларга панжа ортидан қараяпмиз? Унда қачон ривожланамиз. Нега Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқ деб ёлғон бонг урамиз!

Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқми?

Шу ерда Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқ дейдиганларга жавоб тариқасида бир фактни айтиб ўтсам. Албатта бу ерда иштирокчиларнинг исми-шарифи очиқланмайди. Шуниси ҳақиқатки, бу бундан беш йиллар муқаддам олий лигамизда бўлиб ўтган воқеа. Бир жамоа сафарда тўп сурадиган бўлди. Одатда ушбу клуб рақиблари билан шундай келишадики, меҳмонда ютқазса, ўз уйида ғалаба қозонади, ҳисоблар ўзгармайди. Бош мураббий бу сафар ҳам шогирдларига шу талабни қўйди, аммо рақибидан кучлилигини билган ўйинчилар узоқ масофа босиб ютқазишни истамади. Қийин вазиятга тушиб қолган мураббий унда ютқазиб берганимиз учун маблағ сўраймиз ёки ўз кучларинг билан ютаверинглар деди. Натижада биринчи бўлимдан сўнг меҳмонлар 2:3 ҳисобида олдинга чиқиб олишади. Мезбон жамоа устозининг дадаси мамлакатимизнинг таниқли мутахассисларидан саналарди. Ўғлининг келажагини ўйлаган ота меҳмонларнинг ечиниш хонасига кириб, ютқазиб беришларини сўрайди, лекин бунинг учун маблағ бера олмаслигини таъкидлайди. Ёши катта инсоннинг ҳурматини қилган меҳмонлар бир тўп фарқи билан ютқазишга рози бўлади. Танаффусдан кейин “ўзларига келиб олган мезбонлар” меҳмонлар дарвозасини икки бор нишонга олиб, ҳисобдаги устунликни ўзлари томонга оғдиради. Ҳаммаси режа асосида кетаётган бир вазиятда майдон эгаларининг хорижлик қора танли легионери захирадан майдонга тушиб, ортиқча битта голни уриб қўяди. Бундан меҳмонларнинг жаҳли чиқади. Мезбонлар устози эса, легионер гапига тушунмаганлигини айтади ва жавоб баҳсида ҳудди шу ҳисоб билан ютқазиб беришларини айтади. Аҳамиятлиси, мураббий ваъдасининг устидан чиқади. Ҳақиқатдан ҳам жавоб баҳсида худди биринчи ўйиндаги натижа такрорланади. Бу футболимизнинг бугунги кунида ҳам содир бўлаётган воқеалардан биридир.

Ҳа, Рустам Мирсодиқов таъкидлаганидек, Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқ, чунки буни исботлаб бўлмагандан кейин йўқ бўлаверади-да! Айтишадику, қўлга тушмаган ўғри ўғримас деб! Журналистлар келишилган ўйинлар бор дегани билан исботлаб бера олмайди. Бунинг иложи йўқ. Сал ҳаракат қилсангиз ўзингиз айбдор бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Табиийки, мураббийларимиз исботлаб бўлмайдиган вазиятда бемалол гапираверишади. Қолаверса, футболчилар ҳам буни оммага айта олмайди. Гарчи собиқ устози билан муносабати совуқлашган бўлса-да, лекин ҳеч кимга айтманг, дея ўзига яқин олган журналистларга шип-шитиб қўйишади. Чемпионатимизда келишилган ўйинларни исботлаш учун ҳукумат даражасида иш олиб борилиши керак, акс ҳолда ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Бунга биринчи навбатда ЎФФ президенти, сенатор Мираброр Усмоновнинг ўзи шахсан бош-қош билан жуда хурсанд бўлардик. Шундагина футболимизнинг оёғига болта уриб, ўзини қаҳрамондек кўрсатаётганларнинг виждони уйғонармиди?

Бугунги кунда келишилган ўйиндан ташқари, тотализатор деган иллат ҳам футболимизнинг оёғига болта урмоқда. Учга-уч, яъни, сафарда ютқазиб, ўз уйида ютишга келишадиган жамоалар тотазитор орқали пул топишни ҳам йўлга қўйиб олишди. Буни ПФЛ директори Фарҳод Магометов ҳам жуда яхши билади. Деярли ҳар йиғилишда клуб мутасаддиларини огоҳлантиради, аммо чора кўрилмаётгани кишини ажаблантиради. Йил бошида келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси тузилганлиги ҳақида айтилганди, аммо бу қўмита нима иш қилганлигини билмадик. Шундай ҳолатларга гувоҳ бўлдикки, жамоаси рақиб билан келишиб бўлган ўйинчилар тотализаторга пул тикиб, катта-катта маблағларни ишлаб олишди. Лекин буни кимга айтасиз ва қандай қилиб исботлайсиз?

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 19:19, 03.10.2014.
Ўқилди: 10093 марта.
Фикрлар: 127 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.