Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муддатидан аввал Осиё чемпионатининг чорак финал тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин бўлган ўйинда сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлда чиқарди ва барча масалани Австралияга қарши бўладиган ўйинга қолдирди.
Терма жамоамиз учрашувни жуда яхши ўтказишди. Футболчиларимиз ўйиннинг бошидан охиригача ҳужумкорликни асло сусайтиришмади. Аммо ўзбек футболи "юқтириб" олган "касаллик" бу ўйинда ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Вакилларимиз бир қатор имкониятлардан фойдалана олишмади ва БАА жарима зарбасидан ҳисобни очди. Қанотдан жарима майдончасига етказиб берилган тўпни Абдулла Ғаним бош билан дарвозага йўллади.
Равшан Ҳайдаров шогирдлари бўлим тугаши арафасида ҳисобни тенглаштиришди. Ўнг қанотдан етказилган тўпни Элдор Шомуродов бош билан дарвозага жойлади.
Умуман олганда, ушбу ўйиндаги барча голлар бош билан урилганини таъкидлаш лозим. Иккинчи бўлим бошида ўнг қанотдан ҳаволатиб узатилган тўпга Ўринбоев сакради ва дарвозани ишғол қилди. Забиҳиллонинг ўзи ғалабани тўпини киритиши мумкин эди, аммо Болтабоевнинг узатмасидан кейин посбон билан яккама-якка чиқиб борган "Бунёдкор" ҳужумчиси ўз вазифасини уддалай олмади. Ушбу вазиятдан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг учинчисида БАА бурчак тўпини ўйинга киритди ва Аҳмад ал-Ҳашмий бош билан ҳисобни тенглаштирди.
Афсус, жуда катта устунликка эга бўлган ўйинда ғалабани қўлдан чиқардик. Ушбу ғалаба бизни чорак финалга олиб чиққан бўларди. Австралия билан ўйинда бизни дуранг натижа ҳам қаноатлантиради. Ҳар қандай дуранг бизни гуруҳда 1-ўрин соҳибига айлантиради. Сўнгги тур баҳси 14 октябрь куни соат 17:00да бошланади.
Ёшлар ўртасида Осиё чемпионати, "В" гуруҳи, 2-тур
БАА - ЎЗБЕКИСТОН - 2:2 (1:1)
Голлар: Абдулла Ғаним (25), Аҳмад ал-Ҳашмий (90+3) — Элдор Шомуродов (44), Забиҳилло Ўринбоев (53)
Огоҳлантиришлар: Абдулла Ғаним (61) — Акромжон Комилов (34), Аслиддин Абдиев (90+6)
БАА: 1.Муҳаммад Бусанда, 3.Аҳмад Рашид, 4.Абдулла Ғаним, 5.Али Салмин, 8.Муҳаммад Абдулбосит, 9.Холид Абдулраҳим, 10.Халфан Муборак, 11.Аҳмад Робия, 18.Абдулла Ҳассан, 19.Саид Жассим, 23.Марван Али Муҳаммад
Ўзбекистон: 12. Дилшод Ҳамроев, 3.Иброҳим Абдуллаев, 6.Акромжон Комилов, 8.Жавоҳир Соҳибов, 9.Элдор Шомуродов (Жамшид Болтабоев 80), 10.Отабек Шукуров, 14.Фирдавс Абдусалимов, 17.Достонбек Ҳамдамов (Жавоҳир Сиддиқов 87), 19.Забиҳилло Ўринбоев (Аслиддин Абдиев 90+3), 20.Достонбек Турсунов, 23.Хуршид Ғиёсов