Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 18-24 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган спортчилар ўртасида ПараОсиё ўйинлари ўтказилади. Мазкур мусобақаларда Ватанимиз шарафини 27 нафар спортчимиз дзюдо, сузиш, енгил атлетика ва ўқ отиш спорт турлари бўйича ўтказиладиган баҳсларда ҳимоя қиладилар.
Бугун ПараОсиё ўйинлари иштирокчилари истиқомат қилаётган атлетлар шаҳарчасида Ўзбекистон байроғини кўтарилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу маросимда мамлакатимиз делегацияси ҳамда Осиё ўйинларининг ташкилий қўмита аъзолари иштирок этдилар.
Ҳақиқий байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда Паралимпия харакатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган сайи-ҳаракатлар, мардонавор спортчиларимиз томонидан халқаро спорт майдонларида эришилаётган муваффақиятлар салмоғи ҳақида мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар ва ПараОсиё ўйинларида иштирок этадиган юртдошларимизга омад ва зафарлар тиланди.
ПараОсиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими эса 18-октябрь куни Инчеон шаҳридаги "Мунхак" стадионида маҳаллий вақт билан соат 17:45да (Тошкент вақти билан соат 13:45да) бошланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ПараОсиё ўйинларида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Паралимпия ўйинларининг лицензиялари ўйналади.
Қуйида, ПараОсиё ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз рўйхати берилган:
Фахриддин Ҳамроев – енгил атлетика
Ёқутхон Холбекова – енгил атлетика
Убайдулла Имомқулов – енгил атлетика
Фарруҳ Мирзақулов – енгил атлетика
Маъруфжон Муродуллаев – енгил атлетика
Дониёр Солиев – енгил атлетика
Миран Сахатов – енгил атлетика
Мавлонбек Ҳайдаров – енгил атлетика
Дамир Пашаев – енгил атлетика
Сирожиддин Норов – енгил атлетика
Улуғбек Чориев – енгил атлетика
Хусниддин Норбеков – енгил атлетика
Сардор Рўзиев – енгил атлетика
Дмитрий Хорлин – сузиш
Кирилл Панков – сузиш
Умиджон Абдухалилов – сузиш
Сервер Ибрагимов – ўқ отиш
Ширин Шарипов – дзюдо
Шуҳрат Бобоев – дзюдо
Гулрух Раҳимова – дзюдо
Севинч Салаева – дзюдо
Хайтжон Алимова – дзюдо
Шерзод Намозов – дзюдо
Нурбек Бердиёров – дзюдо
Феруз Сайидов – дзюдо
Шариф Халилов – дзюдо
Адилжон Тулендибоев - дзюдо
Маълумот учун. 2010 йили Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган ПараОсиё ўйинларида 21 нафар спортчимиз иштирок этиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлишган.
Бу сафарги ПараОсиё ўйинларида биринчи бўлиб баҳсларга сузиш бўйича терма жамоамиз аъзолари – Умид Абдуҳалилов (50 м. масофага эркин усулда сузиш), Дмитрий Хорлин (50 м.масофага эркин усулда сузиш) ва Кирилл Паньков (50 м.масофага эркин усулда сузиш) киришадилар. Мазкур мусобақаларнинг саралаш баҳслари 19 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 10:00да (Тошкент вақти билан 6:00да) бошланади. Ҳал қилувчи финал баҳслари шу куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да (Тошкент вақти билан соат 13:00да) бошланади.
19 октябрь куни, шунингдек, енгил атлетика бўйича мусобақаларга ҳам старт берилади. Шу куни ҳамюртларимиздан Миран Сахатов (200 м.масофага югуриш), Фаррух Мирзақулов (200 м.масофага югуриш), Фахриддин Ҳамраев (800 м.масофага югуриш), Дамир Пашаев (800 м. масофага югуриш), Ёқутхон Холбекова (1500 м. масофага югуриш) саралаш ва финал баҳсларида ғолиблик учун кураш олиб борадилар.
Сузиш бўйича мусобақалар 19-21 октябрь кунлари, енгил атлетика мусобақалари 19-24 октябрь кунлари, дзюдо баҳслари 20-22 октябрь кунлари, ўқ отиш спорт тури бўйича мусобақалар эса 20 октябрь куни бўлиб ўтади.