Кириш Регистрация

«Окахоннинг командаси» (ҳажвия)

Баҳо:
+3 | -

Сўнгги ўйин, сўнгги матч. Аниқроғи, «Айёрлар» жамоасининг чемпионлигини ҳал этадиган ўйин. Жамоа бошлиғи эса стадион четида жон куйдириб бақиряпти:
— Ўйналаринг, биз бугун чемпион бўламиз, чемпион! Давай, олға босларинг...

У иккинчи гапини анча шашт билан айтди. Шунчалик бақирдики, шогирдларини руҳлантириш учун ўрнидан турган меҳмонлар бош мураббийсининг ҳам дами ичига тушиб кетди. Бир қўл силтади-да, қайтиб жойига ўтирди.

Ўйин бошланди. Кутилганидек, мезбонлар устунлик қила бошлашди. Уларнинг рақибларидан анчагина «кучли» эканликлари «сезилиб» турарди. Ҳакамлар ҳам жим қараб туришмади. Бош ҳакам чўнтагидаги «йўриқнома»га қараб, қарор чиқариб турди. Қизиғи шундаки, тўп меҳмонлардан майдонни тарк этганида ён ҳакам мезбонлар фойдасига қарор чиқарди. Шунда меҳмон футболчи:
— Бу нима қилганингиз, акажон, тўп булардан чиқиб кетди-ку! — дея эътироз билдирди. Лекин ҳакам пинагини ҳам бузмади.
— Мен «қоида»га кўра қарор чиқардим, — деди бамайлихотир, — «қоида»да шундай ёзилган, ҳа!

Футболчи бу қанақа қоидалигини тушунмади, индамай ўйинни давом эттирди. Биринчи бўлим якунланганида таблода 4:0 ҳисоби порлаб турарди. Меҳмонлар хомуш бўлганча кийим алмаштириш хонасига кириб келишди.
— Қалай, устоз? — деди жамоа сардори. — Ҳаммаси яхшими?
— Яхши, фақат манавиндан ранжидим, — мураббий ён ҳакам билан тортишган футболчини кўрсатди. — Сенга нима қизиғи бор ён чизиқдан тўпни ким майдонга ташлашини? Ташлайвермайдими окахоннинг шогирдлари.
— Устоз, иккинчи таймда ҳужумкорроқ ўйнайлик, зерикиб кетдик, — эътироз билдирди марказий ҳужумчи.
— Калланг жойидами сенинг? Гол уриб қўйсаларинг нима бўлади? Қизиқсанлар-эй. Ўшанча пулни қайтариб берамизми? Ўзи бу ёқда ойлик ололмаяпсанлар. Пул керакми, пул?

Мезбонларнинг кийим алмаштириш хонасида ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Бошлиқ шогирдларига уқтиряпти:
— Бўлди, бошқа гол урмаларинг, тўртта етади.
— Ие, нега, устоз, мен яна гол ургим келяпти.
— Йўқ, биз фақат тўртта голга пул тўлаганмиз, тушундингми? Нима, бешинчи голнинг ҳақини катта холанг берадими? Давай, марш, иккинчи бўлимда яхшилаб ўйналаринг. Жон куйдирларинг.

Ўйин якунланди. Мезбонлар ғолиб бўлишди. Ўйинчилар ҳам роса қувонишди.
— Бопладикми, устоз? — деди биттаси. — Лекин бор-ку, олдиндан билиб туриб ғолиб бўлсанг, унчалик қувонмас экансан.
— Лекин табиий чиқди, — кулди бошқаси. — Зўр чиқди.

Бошлиқдан эса табиийки, интерьвю олишди. Бошлиқ ҳам мақтанишни қийворди:
— Вей, биз машаққатли меҳнат эвазига ғолиб бўлдик, чемпион бўлдик. Билсанг, братишка, мен футболчиларни саҳар тўртта олиб чиқардим майдонга, уйларига эса кечқурун ўн иккида кириб кетишарди. Тинимсиз югуришарди. Ичиш, чекиш, қизлар билан юриш ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмасди.

Хуллас, у узоқ гапирди. Кейин эса хонасига бориб, ёрдамчиларини тўплади.
— Дарров янаги мавсум режасини тузларинг. Қачон қайси жамоа билан учрашишимизни аниқлаларинг-да, бош мураббийлари билан бир йўла ҳисоб-китоб қилволларинг. Менга қараларинг, бизларга кичик ҳисобдаги ғалабалар ҳам бўлаверади. Тағин харажат кўпайиб кетмасин, тушунарлими?

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:18, 30.10.2014.
Ўқилди: 9237 марта.
Фикрлар: 141 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Флорентино Перес катта трансферни ҳал қилди [9051]

«Барселона» юлдуз футболчисидан кўнгли қолди ва уни сотишга қарор қилди [6565]

Канада — Ўзбекистон учрашуви: Энг юқори ва энг паст баҳо олган футболчилар маълум бўлди [5435]

Канада — Ўзбекистон: АҚШга кетган 4 нафар футболчимиз бугунги ўйин қайдномасига киритилмади [3781]

Ғаниевнинг жароҳати жиддий бўлса, унинг ўрнини ким эгаллаши маълум бўлди [3581]

Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган таркиби маълум бўлди — манба [2639]

Фабио Каннаваро: «Иккинчи таймда ҳам футболчиларимдан айнан биринчи бўлимдагидек интенсивликни кутгандим» [2415]

Ўртоқлик учрашуви. Канада - Ўзбекистон - 2:0 (видеошарҳ) [2381]

«Барселона» таклифни 120 миллион еврогача оширади [2367]

Романо «Реал»дан кетган Карвахаль ўрнига кўрилаётган учта номзодни айтди [2311]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик