"Барселона" клубининг собиқ президенти Жоан Лапорта унинг ўрнини эгаллаган ва кейинчалик жамоадан кетган Сандро Россельни танқид қилди.
"Россель ва Бартомеу - медальнинг икки томонидек гап. Россель ҳеч қандай тушунтиришларсиз жамоадан "қочди". Айни дамда унинг ўрнида ишлаётган одамга эса ҳеч ким овоз бермаган. Россельнинг жамоадан қочгани эса, амалда ҳеч нарсани ўзгартирмади", - дейди Лапорта.
Эслатиб ўтамиз, "Барселона" клуби президенти бўлиб келган Сандро Россель, ўтган йили катта можарога сабаб бўлган "Неймар иши"дан кейин президентлик ваколатини топширишга мажбур бўлган эди. Сабаби, Россель ҳамда "Барселона" Неймарнинг трансфери орқасидан солиқларни яширганликда айбланган эди.
Жоан Лапорта эса ўз навбатида 2016 йилги президентлик сайловларида яна бир бор ўз номзодини қўйиши мумкинлигини айтиб ўтди.