Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси вакиллари ўтган ҳафтада Мяньмада бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги иштирокларини якунлаб, пойтахтимизга қайтиб келишди. Ёшларимиз қитъа биринчилигида ярим финалгача етиб бориб, келаси йили Янги Зеландияда ўтказиладиган U-20 ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди. Гуруҳ босқичи баҳсларида БАА, Австралия ва Индонезия ёшларига қарши майдонга тушган Равшан Ҳайдаров шогирдлари гуруҳда 2-ўринни эгаллашди. Чорак финалда Таиланд ёшларини мағлубиятга учратган ҳамюртларимиз кичик мундиал йўлланмасини қўлга киритиш билан бирга, ярим финалга йўл олишди. Афсуски, ушбу босқичда ёшлар терма жамоамиз КХДР ёшларидан йирик ҳисобда мағлубиятга учраб (0:5), финалда ўйнаш ҳуқуқидан мосуво бўлди. Очиғи, вакилларимизнинг бундай шармандали ҳисобда имкониятни бой беришларини ҳеч ким кутмаганди. Боиси, ёшларимиз рақибларимиздан бу даражада кучсиз эмаслар. Биз ўша мағлубият сабаблари, ёшларимизнинг Осиё чемпионатидаги иштироклари хусусида терма жамоамиз вакили Элдор Шомуродов билан суҳбат уюштирдик.
- Тўғри, ёшлар терма жамоамиз асосий вазифани уддалади. Бироқ ярим финалда КХДР термасидан 0:5 ҳисобида мағлубиятга учрашинглар кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Сизнингча, терма жамоамизнинг йирик ҳисобдаги мағлубиятига нима сабаб бўлди?
- Хотиржамликка берилганимиз сабаб бўлди. Таиландлик тенгдошларимизни мағлубиятга учратиб, кичик мундиал йўлланмасини қўлга киритганимиздан қувончимиз чексиз эди. Кўп ойлар давомида амалга оширган тайёргарлигимиз, қаттиқ меҳнатимиз бесамар кетмаганидан, ҳаракатларимиз ўз мевасини берганидан, энг муҳими, мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлганидан хурсанд бўлдик. Ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўл ололмаганидан кейин юртимиздаги ишқибозларнинг умидлари биздан эди. Уларнинг умидларини оқлаганимиз ўзимизга бўлган ишончни оширди.
Аммо зинҳор КХДР термасига қарши кечган ўйинда рақибни менсимай майдонга тушдик, демоқчи эмасман. Мураббийлар ушбу учрашувнинг аҳамияти юқори эканини, биз бор-йўғи дастлабки вазифани бажарганимизни, эндиги вазифа финалга йўл олиб, Осиё чемпионлигига эришиш эканини кўп маротаба таъкидлашди. Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Аммо ҳаммаси биз учун салбий натижа билан якунланди.
- КХДР термасига қарши кечган баҳсда терма жамоа устозлари қандай кўрсатма беришди? Очиқ, ҳужумкор футбол намойиш этишми ёки ёпиқ футбол ўйнаб, рақибни қарши ҳужумда жазолашми?
- Устозларимиз КХДР термаси билан бўлган ўйинда ҳам ҳар доимгидек жиддий муносабатда бўлишни талаб қилишди. Асосий мақсадимиз тезроқ тўп киритиб, учрашувда ташаббусга эга бўлиш эди. Аммо кўплаб қулай вазиятлардан фойдалана олмадик. Рақибимиз эса аксинча, ҳар бир ҳужумдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилди. Буни биринчи бўлимдаги статистикадан ҳам билса бўлади. Биринчи бўлимда биз рақиб дарвозасига 7 марта зарба йўлладик. КХДР футболчилари эса бор-йўғи 2 марта. Аммо уларда аниқлик юқори бўлди.
- Иккинчи бўлим арафасида мураббийлар учрашувда бурилиш ясаш учун қандай кўрсатмалар беришди? Ҳар ҳолда ҳали ўйинни қутқариш мумкин эди...
- Танаффусдан кейин мураббийлар иложи борича тезроқ тўп киритиб, баҳсда бурилиш ясашга чақиришди. Ҳисоб 1:2 бўлиб турганида, гол урганимизда яхши бўларди. Афсуски, бунинг уддасидан чиқа олмадик. Рақиб эса ҳимояга ўтиб, қарши ҳужумда бизни жазолашга муваффақ бўлди.
- Европада футболчиларга ёшлигидан бошлаб, катта ишонч билдиришади. Аксарият ҳолларда, ўша умидли ўйинчилар вақти келиб, жаҳон даражасидаги юлдузга айланишади. Масалан, Норвегия миллий терма жамоаси Евро-2016 саралаш баҳсида 15 ёшли футболчини майдонга туширди. Бизда эса сиз тенги 19-20 ёшли футболчиларга ҳали ёш, деб қаралиб, олий лига ўйинларида ҳам асосий таркибда майдонга туширилмайди. Бунинг сабаби нимада?
- Билмадим. Ҳар бир мураббий ёш футболчига маълум вақт давомида майдонда ўзини кўрсатиши учун имконият яратиб беради. Ҳамма гап ундан қандай фойдаланишда. Кўпчилик бу имкониятдан фойдалана олмайди. Натижада мураббийда уларга бўлган ишонч пасаяди. Бунинг яна бир сабаби, футболчилар мураббий уларга ишонч билдириб, асосий таркибда майдонга туширганидан кейин, ўз устиларида ишламай қўйишади. Оқибатда, кейин учрашувларда футболчи мураббий кутган ўйинни кўрсатолмайди ва керакли вазиятларда унинг ишончини оқламайди. Шундан кейин унга бўлган ишонч сўнади.
-Терма жамоада ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Бунинг устига рақобат кучли. Ўрнингизни йўқотиб қўймаслик учун нималарга аҳамият қаратасиз?
-Тўғри, терма жамоада рақобат кучли. Мен ҳам таркибдаги ўрнимни йўқотиб қўймаслик учун иложи борича ўз устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Аммо битта нарсани аниқлаштириб ўтиш керак: терма жамоада асосий таркиб футболчиси деган тушунча йўқ. Ким ўйин олдидан яхши тайёргарликка эга бўлса, ўша асосий таркибда майдонга тушади.
- Келаси йили Янги Зеландияда ўтказиладиган кичик мундиалнинг бошланишига ҳали анча вақт бор. Ўша турнирда муносиб иштирок этиш учун футболчилар қайси жиҳатлар устида кўпроқ ишлашлари керак?
- Жаҳон чемпионати - катта нуфузга эга мусобақа. Биз кичик мундиалда нафақат юртимиз, балки бутун Осиёнинг шарафини ҳимоя қиламиз.
Шу сабабли 2015 йилги ЖЧга жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. Осиё чемпионатидаги ўйинимизни яхшилаб таҳлил қилиб, камчиликларимиз устида кўпроқ ишлашимиз зарур. Баҳслар давомида юзага келадиган қулай вазиятлардан унумли фойдаланишга кўпроқ аҳамият қаратиш зарур. Насиб этса, Янги Зеландиядаги турнирга пухта тайёргарлик кўриб, Осиё чемпионатида кўрсатолмаган ўйинимизни жаҳон чемпионатида намойиш қилишга ҳаракат қиламиз!
Ёқубжон БОБОЖОНОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси