Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Мурод Ризаев: «Ўзбекистон кубоги финалида Абрамов ҳақли ғалабага эришди»

Баҳо:
+ | -1

Мавсум Ўзбекистон кубоги финал баҳси билан якунланди. Таниқли шарҳловчи Мурод Ризаев “Бунёдкор” ва “Локомотив” ўртасидаги ўйинни (0:1) “Спорт” канали орқали жонли эфирда шарҳлаб борди.

Кубок финалида барчада турлича таассурот қолдирди. Кимдир бу ўйинга нисбатан “зерикарли ўйин” деб баҳо берган бўлса, баъзилар наздида ушбу баҳс “мураббийларнинг тактик кураши”га айланган. Биз эса Мурод Ризаевнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Мурод ака, якунланган мавсум ҳақида фикрларингиз.
— Умуман, менга бу мавсум ёқди. Олий лигада 4та жамоани чемпионлик учун кураш олиб бориши чемпионатни янада қизиқарли ўтишига сабаб бўлди. Ўзбекистон кубоги баҳслари ҳам анча шиддатли ва муросасиз кечди. Ишонаманки, тўрттала жамоамиз ҳам Осиё Чемпионлар лигасида муносиб иштирок этиб, анча узоқроққа боришади. Шу билан бирга бу 4та жамоаларимизнинг қаторига “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва бошқа жамоаларни ҳам қўшилишни истардим. Мавсум давомида матбуот орқали Олий лигамизда келишилган ўйинлар борлиги ҳақида гап-сўзлар кўп учради. Умид қиламан, мураббийларимиз бундан ўзлари учун тўғри хулоса чиқариб олишади.

— Олмалиқда бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финали жонли равишда эфирга узатилди. Бундан буён бошқа вилоятлардан ҳам жонли репортажларни кутишимиз мумкинми?
— Ҳа, албатта, эндиликда бошқа вилоятлардан ҳам мана шундай репортажларни кузатишимиз мумкин бўлади. Фақатгина ПФЛ учрашувлар муддатини, вақтини ўзгартирмаса бўлди. Бу йил баъзи учрашувларнинг вақти ўзгартирилганлиги сабабли эфир борасида бир қатор муаммоларга дуч келдик. Ўйлайманки, ПФЛ келгусида бу масалага жиддийроқ эътибор беради. “Локомотив” – “Пахтакор” учрашуви эса техник сабабларга кўра ёзиб олинган ҳолатда эфирга узатилди. Лекин бу стадиондан ҳам трансляция қилиш келаси мавсумдан тўлиқ йўлга қўйилса керак.

— Ўзбекистон Кубоги финали ҳақида фикрларингиз. Вадим Абрамов жамоасининг бу мавсумдаги иштирокини қандай баҳолайсиз?
— Журналистлар мураббийларни кўпинча бир-бирига солиштиришни хуш кўришади. Лекин ҳар бир мураббийнинг ўз қараши, ўз услуби ва ўз ғояси бўлади. Неча йилга шартнома тузган бўлса ўша вақтга қараб режа асосида жамоани шакллантиради ёки натижага эришишни кўзлайди. Бу мавсумда “Локомотив” жамоаси ҳақида ҳамкасбларим кўп ёзишди, танқидлар қилишди. Гўёки, юлдузлар йиғилган жамоа, маблағ увол қабилидаги гаплар… Мен эса “Локомотив”нинг бу мавсумдаги иштирокини анча ижобий баҳолаган бўлар эдим. Биринчидан, айнан юлдузлар билан ишлашда ҳар қандай мураббий қийинчиликка дуч келади, уларнинг қош-қовоқларига қарашга ҳам тўғри келади. Иккинчидан, ўйин борасида “Локомотив” ҳеч қайси жамоадан бўш ўйнамади. Чемпионликни ҳал қилувчи ўйинда эса “Пахтакор” футболчилари ўзларининг энг яхши спорт формасида эдилар ва ўйин айнан шу пайтга тўғри келиб қолди. “Локомотив”да эса йўқотишлар бор эди, устига-устак ўша юлдузлар ҳам кутилган ўйинни намойиш қилишмади. Ундан ташқари, Алишер Шоғуломов ўша вазиятда гол уриб, ҳисобни 2:2 га етказганда ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин эди. Кубок финалида ҳам “Локомотив” ҳақли ғалабага эришди. Тўрттта таймда ҳам “Локо”нинг устунлиги кўриниб турди. Футболчиларни алмаштиришда Вадим Абрамов анча тажрибали мутахассис эканлигини яна бир бор исботлади. Ҳасанов, Раҳимов, Бикмаев ўйинни кучайтиришди. Чемпионатда 2-ўрин ва кубок соҳиби бўлиш — бу зўр натижа. Хуллас, Осиё Чемпионлар Лигасида “Локомотив”нинг узоққа боришига ишонаман.

Ўз навбатида Сергей Лушчанга ҳам қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Қўрқмасдан Ҳамдамов, Комилов, Ўринбоевни кубок финалида майдонга туширганига қойил қолдим. Ўйиндан кейинг матбуот анжуманида ҳам Лушчаннинг ёшларга эътибор бериш борасидаги фикрлари менга жуда ёқди.

2015 йил ўзбек мухлисларига ҳаяжонли қувончли дамларни бахш этса ажаб эмас. Австралияда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг ва Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасида тўрттала жамоамизнинг ҳам муносиб иштирокини кутиб қоламан.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:42, 17.11.2014.
Ўқилди: 7065 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.