Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Олександр Пишурни Украинага қайтгиси келяпти, лекин...

Баҳо:
+ | -

Олександр Пишур ўтган йили «Бунёдкор»нинг асосий футболчиларидан бири бўлган эди. Аммо жорий мавсум украиналик легионер учун у қадар омадли келмади. Аввалига у тўпурарлик хислатини йўқотди, кейин эса асосий таркибдаги ўрнини.

«Бунёдкор» бошқарувига тайинланган Сергей Лушан-ку, аввал-бошданоқ Пишурга ишонмаган эди. Кейинчалик ҳам бу нарса украиналик ҳужумчига насиб этмади. Ҳозирча Олександр фақат бир нарсани сақлаб турибди — ватани Украинадан бўлаётган қизиқишни.

Украинанинг «2+2» телеканалининг «Про футбол» кўрсатуви ижодкорлари Ўзбекистон чемпионати якунланиши арафасида Тошкентда меҳмон бўлдилар ва Олександр Пишур ҳақида лавҳа тайёрлашди. Журналист ва футболчи ўртасидаги учрашув Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасида бўлиб ўтди.

— Қалайсиз? — кўрсатув бошловчиси Пишур билан кўришгани ҳамоно, қийинчилик билан бўлса-да, ҳазил аралаш ўзбек тилида саломлашишга ҳаракат қилади.

— Яхши, — кулиб жавоб беради Пишур. Аммо у русча жавоб қайтаришни маъқул кўради. Афтидан, ўзбекчада эркин саломлаша олишига ишончи йўқ.

— Саша, Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида ўзбекча сўзларни ўргандингизми?
— Ҳа, албатта, баъзиларини.

— Футболга алоқадорларини бўлса керак?
— Йўқ, фақат кимдир қўполроқ оҳангда гапирса, мен ҳам шунга монанд жавоб қайтара оламан, — энди ҳазиллашиш навбати Пишурга келади.

Шундан сўнг журналистлар Олександр Пишурдан Украина ва Ўзбекистон футболи орасидаги фарқ ҳақида сўрадилар. Пишур нимагадир бу саволга жавоб қайтараркан, суҳбат мавзусини ўзбек палови томон буришни маъқул кўради.

— Украинада футбол жисмоний кучга асосланган ва учрашувлар шиддатли кечади. Ўзбекистонда эса техникага урғу берилади, аммо анча хотиржам ўйналади. Бу ернинг яна бир ўзига хос томони — ҳар сафар ўйиндан бир кун олдин албатта ош еймиз. Бизнинг ўз ошпазимиз бор ва ўчоқда ҳақиқий, ростмана палов тайёрланади. Машғулот ўтаб қайтгунимизча ош тайёрланиб, дастурхонга тортилган бўлади. Жуда чиройли манзара. Ошпазимиз ҳатто сафар ўйинларига ҳам биз билан бирга боради.

— Бир вақтлар «Бунёдкор»нинг донғи бутун дунёга кетган эди. Ўша вақтларни эслаб туришадими?
— Ҳа. «Бунёдкор» яқингинада ҳам ўзбек «Челси»си эди. Айниқса Это`О келганида жуда катта шов-шув кўтарилган. Ривалдо эса Ўзбекистонга шу қадар кўп қариндошини олиб келган-ки, улар Бразилияга қайтиб кетишлари учун 72 минг долларга чипта олинган экан. Тасаввур қиляпсизми?

Олександр Пишур бу сўзларни ҳайрат билан айтади. Ҳа, бу гаплардан Пишур экан-ку, ўзимиз ҳам ҳайрон қолишимиз турган гап. Аммо нима бўлганда ҳам, Ривалдонинг ўзбек футболига фойдаси теккан эди. Бир вақтлар у билан ва унга қарши ўйнаб тажриба тўплаган футболчилар ҳозир турли ўлкаларда легионерлик гаштини суриб юришибди. Аммо турли юртларни кўришда Олександр Пишур ҳам улардан ортда қолгани йўқ.

— «Бунёдкор» билан кўп жойларда бўлдим. ОЧЛ доирасида ўйнаш учун Хитойга бордик. У ердаги мухлисликни кўриб, ҳайрон қолдим. Ўйин бошланишига 40 дақиқа қолганида машғулот ўташ учун майдонга чиқдик. Стадионда 55 минг мухлис ўтирган экан, деярли ҳар бирида вувузела бор. Тўп бизга тушгани ҳамоно 55 минг вувузела чийиллашни бошлайди. Бунақасини ҳали кўрмагандим, — дейди Пишур.

Украиналик журналистларни Ўзбекистондаги жазирама иссиқ ҳам жуда қизиқтиради. Гарчи ноябрь ойига келиб анча-мунча совуқ тушиб қолган бўлса-да, улар ёздаги об-ҳаво ҳақида суриштирадилар.

— Бу ерда ёзда даҳшатли жазирама бўлади. Масалан, ўтган йили иссиқ 63 даражага қадар чиққан эди. Бу йил унчалик жазирама бўлгани йўқ, — Пишурнинг жавоби бироз лоф аралаш чиқади. Афтидан украиналик журналистлар ёзнинг чилласида ҳам келишларидан қўрқмоқда шекилли...

Шундан сўнг Олександр Пишур меҳмонларни Тошкентдаги туриш-турмуши билан таништира бошлайди. Маълум бўлишича, «Бунёдкор» футболчиси «Ўзбекистон» меҳмонхонасида истиқомат қиларкан. Унинг хонаси саранжом-саришталиги билан эса мақтана олмас экан.

— Мана шу хонада истиқомат қиламан. Менга кўп нарса керак эмас, битта хона етади, — журналистларни хонаси билан таништира бошлайди Пишур. — Албатта, бу ерни жуда ҳам тоза ва озода деб бўлмайди. Мана бурчакда Самарқанд нони турибди. Менга уни дўстим олиб келганди. Аммо анча вақт ўтгани учун қотиб қолган. Энди уни «Самарқанд нони» деб аташга ҳам тил бормайди. Умуман, мен унчалик саранжом одам эмасман. Мана нарсаларим стол устида бетартиб ётибди. Хонани йиғиштирувчи аёлдан ҳеч нарсани ташлаб юбормасликни сўраганман. Улар орасидан ўзимга кераклигини топиб оламан.

Суҳбат охири бевосита «Бунёдкор» мавзусига бориб тақалди. Олександр клубнинг янги стадионини мақтаб ўтган бўлса-да, кейинроқ жамоадан кетиш истаги борлигини ҳам тан олишга мажбур бўлди.

— «Бунёдкор» стадиони шаҳар марказида, жуда кўримли жойда жойлашган. Анча муҳташам. Ўзингиз ҳам кўриб, бунга баҳо беришингиз мумкин. Анча қизиқарли стадион, замонавий услубда қурилган.

Аммо мен энди уйга қайтишни истайман. «Бунёдкор»даги ҳозирги ҳолат анча тушунарсиз. Жамоамиздаги ички муҳит унчалик яхши эмас. Айни вақтда «Бунёдкор»даги ҳолат Криловнинг «Оққуш, қисқичбақа ва лаққабалиқ» ҳақидаги масалини ёдга солиб юбормоқда», — дейди ҳужумчи.

Ҳа, дарҳақиқат, Олександр Пишурнинг «Бунёдкор»даги фаолияти якунига етган кўринади. Унинг бу сўзларидан сўнг жамоада қолишини истайдиганлар ҳам кўп топилмаса керак.

Нима ҳам дердик, унга омад тилашдан ўзга илож йўқ. Аммо Пишур барибир Ўзбекистондан узоққа кета олмаса керак, чунки украиналик ҳужумчи билан бир қатор клублар қизиқиш билдираётгани айтилмоқда. Кўрамиз, келаси мавсумни Пишур қайси клубда бошлар экан. Балки ростдан ҳам уйига қайтар...

 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:32, 23.11.2014.
Ўқилди: 10062 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.