Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси навбатдаги жаҳон чемпионатини ҳам юқори шиддат билан бошлади. Мусобақадаги дастлабки икки ўйинда йирик ҳисобдаги ғалабалар қайд этилди - аввал Украина 7:0, кейин эса Ирландия 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди.
Уч бор мундиалда ғолиб чиққан матонатли футболчиларимиз яна бир бор жаҳон чемпиони бўлишни уддалай олишадими ёки йўқ, бу ҳақида олдиндан бир нарса дейиш қийин, аммо улар ҳозирданоқ ўз номларини тарихга ёзиб қўйганларини ҳаммамиз аниқ биламиз. Йўқ, бу ўринда гап уч марта жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанлар ҳақида ҳам кетмаяпти. Шунчаки, бу йигитлар нафақат яшил майдондаги рақибни, балки кўп нарсаларни енгиб ўтишларига тўғри келди. Аввало ҳар бирининг бошига тушган тақдир синовини, сўнгра шу синов натижаси бўлган дардни енгиб ўтдилар. Тўрт мучаси соғ одамлар қаддини тиклай олмаётган бир вақтда улар ёлғиз қолган биттагина оёғида маҳкам туришни уддалай олдилар. Шунинг ўзи эмасми, уларнинг энг катта ғалабаси?
Ҳозир Мавруз Умархўжаев шогирдлари ҳақида истаганча мақтов, баландпарвоз гаплар айтиш мумкин. Аммо бундай қилмаймиз. Йўқ, бундай гапларни айтишни истамаслигимиздан эмас. Ёки ким учундир сийқаси чиққандек туюлишидан ҳадиксираш ҳам эмас. Аксинча, Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси ҳақида истаганча гапириш мумкин! Мумкин. Ўрни келганда гапирамиз ҳам. Бироқ олдин бошқа бир мавзуҳам ойдинлик киритиб олишни истардик.
Яқинда хориж нашрларидан бирида ғалати мақолага дуч келдик. Унда айтилишича, футболда бирор арзирли ғалабага эришиш учун энг аввало ғолиблик руҳиятига эга бўлиш керак бўларкан. Ғолиблик руҳияти эса ўша халқнинг дунёқарашидан келиб чиқаркан. Айтайлик, Италия терма жамоаси ҳар доим ҳам кучли футболчиларга эга бўлмаган, аммо айнан ғолиблик руҳиятини ўзига сингдиргани боисидан бир неча бор улкан ғалабаларга эришган. Аксинча, Африканинг бир қатор терма жамоалари ўта кучли футболчиларга эга бўлишига қарамасдан, жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишни фақат орзу қилиши мумкин бўларкан. Мақолада бундай фактлардан истаганча топиш мумкин эди. Аммо биз барчасини келтириб ўтмоқчи эмасмиз. Умуман, бунинг кераги ҳам йўқ. Биз айтмоқчи бўлаётган гап бошқа ёқда.
Ўша вақтда бу гап қайсидир жиҳатдан тўғридек ҳам туюлган эди. Ахир Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам қанча иқтидорли футболчилар тўп сурдилар, аммо бирор арзигулик натижа қўлга киритилмади-ку. Демак бизга ҳам ўша ғолиблик руҳияти етишмайди. Шундайми?
Йўқ, бахтимизга ундай эмас. Бу теорема қай даражада ҳақиқатга мос келади, буни билмадик-ку, аммо Ўзбекистон халқига, ўзбек футболчиларига ғолиблик руҳияти бегона эмас! Буни Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси бир эмас, бир неча бор исботлаб берди.
Афсуски бу терма жамоанинг бирорта ҳам ўйинини жонли кўришга муваффақ бўлмаганмиз. Кўрганимиз фақат Тошкентда ўтказилган машғулотлар ва икки бўлиниб ўтказилган машқнамо ўйинлар. Ампутантларимиз иштирок этаётган жаҳон чемпионатидан трансляция ҳам намойиш этилмайди. Агар бунинг имкони бўлганда эди, албатта бирорта ўйинни қолдирмаган бўлардик. Ахир мана шундай ўйинлар эмасми, бутун бошли мамлакатни ҳиссиётларга чулғайдиган.
Аслида бу йигитлар кимнингдир ачиниш билан термулган нигоҳларига чидашга маҳкум эдилар. Аммо улар ўз матонатлари ва меҳнатлари эвазига бу ачинишли нигоҳни фахр ва ифтихор туйғуларига алмаштира олдилар. Ҳозир Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси улар билан ғурурланиши турган гап.
Майли, ампутантларимиз ҳақида ҳозирча индамай турақолайлик. Насиб қилса мундиалдан қайтиб келгач, улар ҳақида алоҳида мақола битишни кўзлаб қўйганмиз. Жаҳон чемпионатида қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, бундай мақола албатта, ёзилади. Энди гапни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида бошласак.
Миржалол Қосимов шогирдлари ҳам айни вақтда муҳим мусобақага тайёргарлик кўрмоқдалар. Насиб қилса январда улар иштирокида Осиё кубогини томоша қиламиз. Истардикки, миллий терма жамоамиз ҳам Ўзбекистон аталмиш диёрда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган инсонлар яшашини исботлай олсалар. Бунинг учун уларга нима етишмаслигини биз айта олмаймиз - тўрт мучаси соғ, «тоғни урса, талқон қиладиган» важоҳати бор. Балки ўша хориж мақоласида айтилган ғолиблик руҳияти етишмас уларга. Бўлиши мумкин. Аммо бу нарса асло бутун бошли халқнинг руҳияти туфайли эмас. Чунки, ўзбекнинг асл руҳияти қандайлигини Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси исботлаб қўйган. Шундай экан, бу борада ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Осиё кубогида иштирок этадиган футболчиларимизга эса фақат бир нарсани маслаҳат беришимиз мумкин - иложини топишса, Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси иштирокидаги бирорта ўйинни томоша қилсинлар. Зора шунда улар ҳам Ватан шарафини ҳимоя қилиш қандай бўлишини тушуниб етсалар.
Ҳозирча эса уларга айнан мана шу туйғу етишмаётгандек. Баъзан юрганида ерни зириллатиб юборадиган бу йигитлар югурганда қўлтиқтаёқли ҳамкасбларидан-да секинлашиб қоладигандек туюлади.
Бошни баландроқ кўтаринг, бошни...