«Олтин тўп». Эҳ-ҳе, бу мукофотни орзу қилмаган футболчи бўлмаса керак-ов. «Олтин тўп»ни олиш ҳар қандай футболчигаям насиб қилавермайдида, ахир.
2014 йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган «Олтин тўп» қайси футболчига насиб қилар экан деган баҳс-мунозаралар ҳалиям давом этмоқда. Месси, Роналду, Нойер — қайси бири кучли? — деган саволга келсак, ҳар бир мухлис ўз дунё қарашидан келиб чиққан ҳолда ўзининг севимли футболчисини «Олтин тўп»га лойиқ кўради, албатта.
Юқорида номи келтирилган учта футболчи ҳам йилнинг «Энг яхши футболчиси» номинациясига лойиқ деб биламан. Чунки, бу учта футболчи жорий йилда ўзига хос муҳим учрашувларни ўтказиб катта ютуқларга эришди.
Месси – у ажойиб ўйинлари орқали «Барселона» сафида ўзининг 400дан ортиқ голини уриб, яна шахсий рекордини ўрнатди. Аргентина миллий терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиш билан бирга чемпионатнинг «энг яхши ўйинчиси» номинациясини қўлга киритди.
Роналду – «Реал» ўйинчиси ўзининг чиройли ўйини билан бир қаторда «хет-трик»лар бўйича рекорд қайд этмоқда. Ўтган жаҳон чемпионатида ўз термаси билан омади келмаса ҳам, лекин «Реал» клубининг Европа чемпионлар лигасини қўлга киритишида ўз жамоаси учун муҳим голларни уриб, асосий ролни бажарди.
Нойер – «Бавария» дарвозабони ўзининг ажойиб «сейв»лари билан мухлислар олқишига сазовор бўлмоқда. Германия миллий терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлиш билан бирга чемпионатнинг «энг яхши дарвозабони» номинациясини қўлга киритди.
Лекин, «Олтин тўп»ни кўпинча ҳужумчилар қўлга киритаётганини ҳисобга олсак, икки рақобатчисини ортда қолдириб, Нойерга «Олтин тўп» насиб этармикан деб ўйлаб қоламан. Тарихга назар ташласак, «Олтин тўп»ни фақат бир маротаба дарвозабон (1963 йил, Лев Яшин) киритгани бунга мисол бўла олади. Қарийб, ярим асрлик анъанани Нойер бўзса ажабланмайман. Яна қўшимчасига 1982 йилдан буён «Бавария» клубидан ҳеч бир футболчи «Олтин тўп»га эгалик қилмаган эканлар.
Қайси бири «Олтин тўп»га лойиқ деган саволга келаси йили жавоб оламиз, албатта. Бунгача мен сизларга юқорида номи келтирилган ўйинчиларнинг клублари неча бор «Олтин тўп»ни қўлга киритгани ҳақида ёзишни лозим топдим.
1). «Барселона» клуби футболчиси — 10та «Олтин тўп» соҳиби бўлган.
(1960,1973,1974,1994,1999,2005,2009,2010,2011,2012)
2). «Реал» клуби футболчиси — 7та «Олтин тўп» соҳиби бўлган.
(1957,1958,1959,2000,2002,2006, 2013)
3). «Бавария» клуби футболчиси — 5та «Олтин тўп» соҳиби бўлган.
(1970,1972,1976,1980,1981)
P.S.«Олтин тўп»га 1956 йили Франциянинг «France Football» нашри бош муҳаррири Габриэль Ано ғоясига мувофиқ асос солинганлигини эслатиб ўтиш жоиз.
Абдумажид Қодиров