Монакода якунига етган Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг 127-сессиясида олимпия харакатини ривожлантириш бўйича бир қатор янги тамойиллари тасдиқланди.
Сессия ишининг якунлари бўйича ХОҚ президенти Томас Бах изоҳ берар экан, сессия доирасида жуда кўп муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинганини, бу ўз навбатида ХОҚ аъзоларининг тараққиёт ва янгиланиш масаласида нечоғлик қатъиятли эканликларидан далолат беришини таъкидлаб ўтди.
“ХОҚ аъзоларининг муҳим масалалар юзасидан олиб борилган муҳокамалар ва овоз бериш жараёнларидаги иштирокларидан жуда ҳам мамнун бўлдим. Умид қиламанки, бугунги кунни 20 йилдан кейин ҳам мамнуният билан ёдга оламан, - деди Т.Бах.
Маълумки, жорий йилнинг ноябрь ойида ХОҚ раҳбари олимпия харакатини ислоҳ қилиш борасида тавсияларни тақдим этган эди. Эътиборлиси, сессия ишининг биринчи кунидаёқ қатор қоида ва қўшимчалар тасдиқланган.
Жумладан, энг асосий қарорлар сифатида қуйидагилар белгиланган:
- вазиятдан келиб чиққан ҳолда олимпия ўйинлари дастуридаги айрим мусобақаларни бир-биридан айри ҳолда, шу жумладан бошқа давлатда ўтказишга рухсат бериш;
- ўйинларни ташкил этишдаги харажатларни камайтириш;
- ўйинларни ўтказиш учун буюртма бериш ҳамда тақдимот маросимларига доир жараёнларни енгиллаштириш;
- мезбон давлатга янги спорт тури (шу юртда кенг ривожланган спорт тури)ни ўйинлар дастурига киритиш имкониятини яратиш;
- ёзги олимпия ўйинлари бўйича спорт йўналишларини 310 тагача, қишки ўйинларда эса 100 тага қадар чеклаш; - аралаш (эркак-аёл) мусобақалар сонини кўпайтириш орқали эркаклар ва аёллар йўналишларини тенглаштиришга интилиш;
- ўсмирлар олимпия ўйинларини 2023 йилдан бошлаб тоқ йилларида ўтказиш;
- олимпиада ўйинларини ўтказиш истагида бўлган шаҳарларга буюртма бериш жараёни бўйича янги тартибини жорий этиш;
- ташкилотга аъзо бўлиш масаласида янги тартибни жорий этиш;
- олимпия телеканалини ташкил этиш;
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги таклифлар юзасидан қарор қабул қилиниш жараёнида қарши овозлар кузатилмади. Аксинча барча тавсиялар бир овоздан маъқулланган.
Сессияда, шунингдек, ташкилот аъзоларининг ёшини 70 ёшдан ошмаслиги маълум қилинди. Шу билан бирга, ижроий қўмита тавсиясига кўра ХОҚ сессиясида ташкилот аъзосининг ваколат доирасини яна 4 йилга чўзиш имкониятининг мавжудлиги истесно тариқасида белгилаб қўйилди. Бироқ, белгиланган муддатдан ортиқ фаолиятни давом эттиришга беш нафаргача аъзога руҳсат берилади.
Халқаро олимпия қўмитасининг навбатдаги сессияси 2015 йили Куала-Лумпур шаҳри (Малайзия)да ўтказилади. Мазкур сессияда 2022 йилги қишки олимпиада ўйинларининг қайси шаҳарда ўтказилиши эълон қилинади.