Кириш Регистрация
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост 2-2 Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале 3-1 Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе 2-0 Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим 3-0 Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор 0-1 Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

Жаҳон футболини ларзага солаётган гўзал аёллар: Ева хонимдан Карин Азаргача

Баҳо:
+ | -

Футбол ни анъанавий тарзда фақат эркаклар шуғулланадиган спорт тури дея қабул қилишга ўрганиб қолганмиз. Лекин, ким унда аёлларга ўрин йўқ деб айтади? Қуйида, аниқ мисоллар билан нозик ҳилқат вакилаларининг биринчи рақамли спорт турида қай даражада самарали меҳнат қилаётгани ҳақида маълумот берамиз.


 ева.jpg

Ева Карнейро
Англия
Фаолият тури:  «Челси» асосий жамоаси врачи
 
“Челси” ишқибозларида собиқ мураббий Андре Виллаш-Боашни яхши томонларини эслаши учун алоҳида сабаб бор. Айнан португалиялик мураббий биринчи бўлиб – “Челси” ва бутун Англия футбол ишқибозларининг ёқимтойига айланиб қолган Ева Карнейрони клуб доктори вазифасига тайинлаган эди. Энг машҳур клуб врачи мўжазгина Гибралтарда туғилган бўлиб, туманли Альбионга спорт тиббиётини ўрганиш учун келган. Айтишларича, у болалигида балет ва от спорти билан шуғулланган, лекин, мушакларидаги оғриқ сабабли машғулотларни тарк этишга мажбур бўлган. 
 
Ева Карнейро ўтган икки-уч йил давомида таниқли юлдузга айланди. Унинг тўғрисида аёлларга суяги йўқ  Жон Террига боғлаб тўқилган ҳазиллар, ўзининг шахсий  мухлислар клубининг мавжудлиги Евани машҳурлигидан дарак. Шуни алоҳида айтиб ўтиш зарурки, Карнейро нафақат футболдаги  гўзал аёл, балки, ажойиб врачдир. Унинг тажрибали мутахассис эканлигига шубҳа йўқ ва Ева “Челси”да ўзини аъло даражада ҳис этмоқда. Доим юзидан кулгу аримайдиган гўзал Ева клубнинг барча футболчилари билан жуда яхши муносабатда бўлиб, яқинда бўлиб ўтган клуб учрашувида Сеск Фабрегас билан ажойиб рақс тушиб ҳам берди. 
.
барбара берлускони.jpg
.
Барбара Берлускони
Италия
Фаолияти: «Милан» вице-президенти
.
Машҳур магнат Сильвио Берлускони келажак ҳақида олдиндан ўйлаб юрадганлардан. У ўзининг молиявий империясини фарзандларига бўлиб берган. Барчага маълум маблағ қўйилган “Милан” клуби вақти келиб ўртанчи қизи Барбара қўлига ўтади. Уни Италияда –Леди Б деб атайдилар. Кўпчиликнинг фикрича Барбара бадавлат меросҳўр ролини ўйнаши керак эди, лекин у билим олишга жиддий билан киришиб ва ўз устида тинимсиз ишлаб барчани ҳайрон қолдиряпти. 
.
2011- йили Барбара Берлускони директорлар кенгаши сафига киритилди ва бироз вақт ўтиб “Милан”да президентнинг қизи ва унинг ўнг қўли бўлган Адриано Галлиани ўртасида тортишувлар келиб чиқди. Келажакни ўйлаб иш кўрмоқчи бўлган Леди Б клубда ислоҳотлар ўтказиш учун ўз лойиҳасига эга бўлиб, уни амалга ошириш учун бошқарув тўла-тўкис Барбаранинг қўлига ўтиши керак эди.  Ҳатто, ярим жамоани нол еврога сотиб олиши мумкин бўлган “қари тулки” Галлиани ҳам “кабинет жанги”да ёш билимли ледини енга олмади. Адриано кетмоқчи бўлди, лекин “Милан” унинг кетгазишга тайёр эмасди, чунки иқтисодий танглик пайтида трансфер ямоқларини фақат Галлианидек тенгсиз талант эгаси ямаши мумкин эди-да. Уришиб қолган икки томонни яраштириш учун бечора Берлускони  вице-президент курсисини иккига бўлди. Энди  Галлиани спорт бўлимига, Барбара бўлса маркетинг ва иқтисодий масалаларга жавоб беради.  
.
Маргарита Луи.jpg
.
Маргарита Луи-Дрейфус
Франция
Фаолияти: «Марсель» клуби эгаси
.
Ҳўш, қандай қилиб миллиардерга турмушга чиқиш мумкин? Аввало, самолётда кўпроқ учиш керак. Ленинградлик Маргарита Богданова осмону-фалакда янада аниқроқ айтадиган бўлсак Париж – Нью-Йорк рейсида бадавлат инсон билан танишиб сўнг турмуш қурган. Роберт Луи-Дрейфус  жуда улкан қишлоқ ҳўжалиги компаниясини бошқарсада, футбол оламига “Марсель” клубини банкротликдан қутқарган инсон сифатида танилганди. 90-йиллар ўртасига келиб  катта бизнес эгаси «Олимпик» ни сотиб олиб жамоани ўн йилдан ортиқ жуда муваффақиятли бошқаради. 2009 – йили Роберт Луи-Дрейфус лейкемия касаллигидан вафот этгач унинг кўпмиллиардлик ҳўжалиги “Марсель” клуби билан биргаликда хотинининг қўлига ўтади. 
.
Биринчи мавсумни  Маргарита раҳбарлигида ўтказган жанубликлар чемпионатни ва лига Кубогини ютиб 17 йиллик совринсиз ўтган серияни бузди. Бу билан мадам Луи-Дрейфусни ишлари беш деб ўйлаш нотўғри у ҳар куни турли иқтисодий масалаларга бош қотиришга мажбур. Бир қарасанг, давлат солиқларни кўтаради, яна қўққисдан шаҳар мэрияси “Велодром” ижарасига қўшимча суамма белгилаган... Шундай бўлса ҳам “Марсель” ўз таркибини кучайтириш учун доим маблағ топиб, Лига 1 да етакчилик қилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, Маргарита хоним ўз ишини ёмон бажармаяпти. 
.
Корин Дьякор.jpg

Корин Дьякр
Франция
Фаолияти: «Клермон» бош мураббий 
.
Жорий йилнинг май ойида Франция иккинчи Лигасидаги “Клермон” деб аталувчи жамоа бош мураббий этиб Элена Кошта исмли аёлни тайинлаб ахборот оламини ларзага солди. Баъзилар бу ҳодисани пиар-реклама деб ўйлади, яна бировлар буни эркаклар футболидаги гендер инқилоби(спортда аёл ва эркаклар тенглиги учун курашадиган ташкилот номи) дея атади. Вақт бу тўполонларни бежиз эмаслигини кўрсатиб ҳам бергандек: орадан бир ой ўтиб Кошта жамоани тарк этади. Лекин, «Клермон»га бу воқеа туфайли кўтарилган тўс-тўполон ёқиб қолди шекилли унинг ортидан профессионал футболдаги иккинчи мураббийни клубга таклиф қилди. Франция аёллар термасининг собиқ сардори ўзидан олдин ишлаган касбдошининг омадсизлигидан чўчимай катта умид ва ишонч билан жамоани қабул қилиб олди. 
.
Илк ўйинда Коринни қарсаклар билан кутиб олишди, ҳатто, рақиб жамоа мураббийи уни табриклаб гулдаста ҳам бергани жуда қизиқ эди. Илиқ кайфият дебютнинг  муваффақиятли бўлишига кўмак берганда зўр бўлар эди-ку, бироқ ўша куни жамоа 1:2 ҳисобида ўйинни бой бериб мухлисларни хафа қилди. 11 турдан сўнг Дьякр бошчилигидаги “Клермон” икки донагина ғалабага эришиб, ҳафли ҳудудга тушган. Аммо, ёмон бошланиш кимда ҳам бўлмайди – бу ҳақда шубҳа қилганлар Луи ван Галдан сўрасин. Жумладан, Корин голандиялик касбдошидан фарқли ўлароқ лига Кубогида икки раунддан ўтиб яхши иштирок этмоқда. Яқин кунларда унинг жамоаси олий дивизион вакили билан учрашади. 
.
Сара корбанеро.jpg
.
Сара Карбонеро
Испания
Фаолияти: журналистика.
.
Сара Карбонеро машҳурлик чўққисига 2010-йилдаги жаҳон чемпионати пайтида чиққан.  Гўзал журналист аёлга  “қизил фурия”нинг Швейцария жамоасидан мағлубиятга учрашига асосий айбдор деган айблов қўйдилар.  У ўз севгиси бўлган Икер Касильясни шу даражада ўйиндан чалғитибдики, дарвозабон қандай гол ўтказганини ҳам сезмай қолганмиш. Шундан сўнг испанлар турнир давомида ютишни бошлайдилар ва Саранинг исми фақат ижобий тарзда тилга олинадиган бўлди. Финалдаги ғалабадан сўнг сардор жонли эфирда севгилисидан бўса олди. Бу саҳна интернетда хитга айлани, Карбенеро мамлакатнинг энг машҳур журналистларидан бирига айланди.
.
Сара Карбонеро - таниқли Telecinco телеканалида деярли ҳар куни футбол тўғрисида кўрсатувлар олиб боради. Лекин, томошабинларга уни нима тўғрисида гапираётганидан кўра қандай юмушлар билан бандлиги қизиқ. Энг оммабоп журналлар унинг суратини албатта биринчи саҳифага қўйишни ўйлайди. Саранинг энг катта шов-шувлардан йироқ ютуғи бор. Бу йилнинг январида юлдузли жуфтлик иккита фамилияни ўзига мерос олган  ўғил фарзандли бўлди. Жажжи Мартинни фамилияси Касильяс-Карбонеродир. 
.
Бибиана Штайнхаус.jpg

Бибиана Штайнхаус
Германия
Фаолияти: ҳакам 
.
«Мен аёл-ҳакамларни ўйинга қўймаган бўлар эдим, чунки, улар жуда сертакаллуф бўлишади, - бу Мирча Луческунинг бир матчда украиналик Наталья Рачинскаяни ҳакамликка қўйганларидан сўнг айтган сўзлари. Профессионал немис футболида фаолият юритадиган ягона аёл-ҳакам Бибиана Штайнхаус  руминиялик мураббий билан келишмаган бўлар эди. У 16 ёшидан қизлар ва аёллар лигасида ўн йил ҳакамлик қилиб ҳатто аёллар чемпионлар Лигасида ҳам иштирок этган. Ҳакамлик касбини пухта эгаллаган Бибиана ўзини эркакалар мусобақаларида синаб кўришга жазм қилди. 
.
Штайнхаус ўз ишини чин кўнгилдан бажаргани учун уни касбдошлари бўлган эркаклардан кам жойи йўқ, дейишади. Лекин, баъзида у билан ноқулай вазиятлар бўлиб туриши ҳам бор гап. Бир ўйинда “Герта” ярим ҳимоячиси Петер Нимайер Бибианани елкасига қоқиб қўймоқчи бўлганида у бурилиб юборади ва футболчининг қўли ҳакамнинг кўкрагига бориб тегади. Ҳар иккиси ноқулай вазиятдан оддийгина чиқиб кетишади. Ҳозир, Штайнхаус уччала олий даражадаги дивизионларда майдонга чиқиб туради. 
.
Карин азар.jpg

Карин Азар
Бельгия
Фаолияти: футболчининг онаси 
.
Эден Азарни айтишича ундаги кўпгина ижобий сифатлар масалан: тезкорлик, дриблинг ва майдонни зўр тушуниш жиҳатлари айнан онасидан ўтган экан. Чунки, унинг онаси Карин эпчил ҳужумчи бўлиб, олий лига дарвозабонларини доим ҳалак қилиб ташлар эди. Бу жараён Тьерри Азар исмли футболчи билан танишиб қолгунча давом этган. Карин фарзанд кутаётганлиги сабаб 26 ёшида футбол билан ҳайрлашишига тўғри келди. У ҳатто ҳомиладорликнинг учинчи ойида ҳам майдонга чиққан экан.
.
Азарлар оиласида тўртта фарзанд бўлиб, уларнинг бари ота-оналари изидан кетган. Ҳозирги пайтда иккита катта ўғиллари яхшигина ютуқларга эришмоқда.  Эден аллақачон юлдузга айланган бўлса, укаси Торган дунёни забт этишга шайланган. 2012- йили акасининг илтимоси биланми ёки фамилиянинг машҳурлиги сабаб уни “Челси”га қабул қилишганди. Торган ўшандан бери ижарада юради. Учоринчи ўғил Килиан катта ютуқларга эришиш учун учиш майдончаси сифатида «Зюльте-Варегем» клубини танлаган. Энг кичик эндигина 11 ёшга тўлган кичик Азар ҳам футболни танласа керак. Балки, ана шунда Бельгия термаси сафида ҳеч қаерда учрамайдиган -тўртта Азар майдонга тушар.

Қани, кўрамиз!

Элмурод ЭРМАТОВ.

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 16:31, 15.12.2014.
Ўқилди: 11203 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.