Хитой аёллар баскетбол лигасида 23 нафар баскетболчи қиз ўйин вақтида катта жанжал келтириб чиқарганлари учун турли муддатларга дисквалификация қилинди. Бу ҳақида “Reuters” хабар беради.
Бу жанжал “Сичуан Уэйлз” ва “Чжецзян” ўртасидаги баҳсда юз берган. Майдон эгаларидан бири рақибасини турли ёмон сўзлар билан ҳақорат қила бошлагач, меҳмонларнинг барча аъзолари жамоадошларини ҳимоя қилиш учун қўл ва оёқларини ишлатган ҳолда ҳаракат қилишга ўтиб кетишган. Натижада ҳакам ўйинни тўхтатиб, кейинга қолдиришга мажбур бўлган.
Хитой баскетбол уюшмаси қоидабузарларнинг 8 нафарини 5та ўйинга, қолган жанжал иштирокчиларини эса биттадан ўйинга четлаштириш ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, ҳар иккала жамоага 4 минг доллар миқдорида жарима ҳам белгиланди.
Маълумот учун, ўтган ҳафтада ҳам Хитой аёллар баскетболида можароли ҳолат юз берган, уюшма бир жамоани лигадан четлаштирган эди. Бунга “Хейлунцзян” жамоаси ўйин таймлари оралиғидаги танаффусдан кейин, ҳакамнинг ноҳақлигига норозилик сифатида майдонга қайтмагани сабаб бўлган.