Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Газета йиртган» ўйинчи Тошкентда ёки «Бунёдкор» футболчиларига кўтарма пули бермайди

Баҳо:
+ | -

2014 йилги мавсумда совринсиз қолган “Бунёдкор” ўз таркибини иқтидорли футболчилар билан кучайтиришни мақсад қилган. 12 декабрдан ўз базасида йиғинларни бошлаган Сергей Лушан бошчилигидаги жамоа 29 декарбга қадар Тошкентда машғулотларни давом эттиради. “Спорт” телеканалининг “Хабарлар” дастури учун репортаж тайёрлаш мақсадида ижодий жамоамиз билан клуб базасига борганимизда жамоанинг барча масъуллари машғулотни кузатаётганига гувоҳ бўлдик, ҳаттоки, ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгарларни ҳам.

“Бунёдкор” футбол клубининг биринчи вице-президенти – Бош директори Бахтиёр Бобоев бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бир пиёладан қайноққина лимонли чой ичиб жамоадаги бугунги вазиятни ўрганишга киришдим. Бахтиёр Мелиевич билан мулоқот чоғида яқинда матбуотга берган баёноти ҳақида ҳам сўз очилди. Клуб раҳбари журналистлар учун очиқ эканлигини, оммага айтилиши мумкин бўлган информацияларни журналистлар мурожаат қилишса беришга тайёр эканини айтиб ўтди. Ҳаттоки, трансферлар ҳақидаги бошқалар сир сақлайдиган маълумотларни ҳам.

— Биз бугун замонга мос ишлашимиз, мухлисларнинг талабини эътиборга олишимиз лозим, — дейди Бахтиёр Бобоев. – Янги олинган футболчилар ҳақида айтадиган бўлсак, уларга “подьёмний” (кўтарма пуллар) бермаганмиз. Бизда бу тушунча йўқ. Келишувга мувофиқ уларга яхши шартлар билан маош белгилаймиз. Кўрсатган ўйинларига қараб мураббий футболчиларга мукофотлар белгилайди. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтай, агарда жамоа чемпион бўладиган бўлса, ҳар бир асосий таркиб футболчисига 50 миллион сўмдан бонус беришга қарор қилдик. Баъзи футболчилар бизга келиб, кўтарма пул сўрашмоқда. Бизда бу нарса йўқлигини айтсак, қайтиб кетишяпти. Майли, бу уларнинг хоҳиши. Лекин, замонавий футболда ҳаммаси очиқ бўлиши керак.

Жамоа йиғинида клуб билан шартнома имзолаган “Олмалиқ”нинг икки футболчиси - Достон Абдураҳмонов ва тунислик Шакер Зуаги, шунингдек, “газета йиртгани” билан машҳур бўлган “Нефтчи”нинг эндиликда собиқ вакили Дилёрбек Эрматов қатнашмоқда. Эрматов ҳам “қалдирғочлар” билан шартнома тузди. Клуб раҳбари Бахтиёр Бобоевнинг сўзларига кўра, бу уч футболчи эркин агент сифатида клубга келишди. Обид Жўрабоев ҳам янги йилдан “Олмалиқ” рўйхатидан ўчиб “Бунёдкор” либосини кияди. У ҳам эркин агент сифатида келиб қўшилади.

“Бунёдкор”нинг машғулотлари ҳақида гапирадиган бўлсак, 30 дан ортиқ футболчи шуғулланмоқда. Улар сафига яқин кунлар ичида илгари клубда ўйнаган, миллий терманинг ҳам собиқ футболчилари бўлган икки легионер келиб қўшилиши кутилмоқда. Сергей Лушаннинг талабчанлиги, Амет Меметнинг вазминлиги ва Юрий Саркисяннинг латифалари билан йиғин анча қизиқарли ўтяпти, десак адашмаймиз. Мурод Отажонов, Ҳикмат Эргашев каби клуб тамал тошини қўйган мутахассисларнинг маслаҳатлари футболчилар учун бутун мавсум давомида асқотади.

Дарвоқе, Дилёрбек Эрматов ҳақида. Ушбу футболчи Юрий Саркисян тарбиялаб катта футболга олиб кирган ўйинчилардан ҳисобланади. Унинг мухлисларга қарата газета йиртиши эса устозининг истеъфосига сабабчи қилиб кўрсатилганди. Аслида бу катта ўзгаришнинг амалга ошиши учун баҳона бўлганди, холос. Футболчи яна устозининг ортидан келди.

Жамоа легионерлар лимитини тўлдириб бўлди. Иван Милошевич ва Самир Бекрични сақлаб қолган тошкентликлар тунислик Зуаги билан марказни мустаҳкамлади. Япониялик Сато Минори ҳам жамоа машғулотларига келиб қўшилади.

“Бунёдкор” олдидаги тайёргарлик босқичи бошқаларга қараганда жиддийроқ ва тезроқ ўтиши зарур. Чунки, 17 февраль куни уни Тошкентда БААнинг “Ал Жазира” клуби билан ОЧЛ плей оффида ўйнайди. Ғалаба қозонган жамоага гуруҳ босқичи эшиклари очилади.

Сергей Лушан. “Бунёдкор” бош мураббийи: — Трансферлар ҳақида ҳеч нарса айтмайман. Тайёргарликларга келсак, графигимиз жуда зич. Янги йилгача Тошкентда таркибни шакллантириб, 5-17 январь кунлари БААда, 28 январдан 7 февралгача Туркияда йиғин ўтказамиз. Ундан сўнг Тошкентда тайёргарлик давом эттирилади. Ҳозирда асосий рақибимиз бўлган “Ал-Жазира” ҳақида маълумотлар тўплаяпмиз. Якунлан мавсумдан кўнглимиз тўлмади.

Биз совринли ўринларни эгаллай олмадик. Бунинг ўзига хос сабаблари бор албатта. Жамоада ёшартириш жараёни кечди. Ёш футболчилар яхши ўйин амалиётига эга бўлишди. Энди улар сафига бир неча тажрибали ўйинчиларни ҳам қўшган ҳолда рақобатбардош жамоага айланишни мақсад қилганмиз. Мақсадимиз, мухлисларимизни хурсанд қиладиган натижаларга эришиш.

Норбек Ниёзов.

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 08:54, 22.12.2014.
Ўқилди: 7348 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.