«Барселона» ёзги трансфер ойнасида марказий ҳужумчи позициясини кучайтиришга ҳаракат қилади. «Кўк-анорранглилар»нинг «Бавария» ҳужумчиси Харри Кейн ҳамда Мадриднинг «Атлетико» клуби аъзоси Хулиан Альваресга қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.
«Transfer News Live» нашрининг «El Nacional»га таяниб хабар беришича, Каталония гранди бош мураббийи Ханс-Дитер Флик инглиз футболчисининг номзодини қўллаб-қувватламаган. Германиялик мутахассис клубнинг аргентиналик ҳужумчини сотиб олишини афзал кўрмоқда, чунки у Альваресни ўз ўйин тизими учун идеал ҳужумчи деб ҳисоблайди.
Бироқ Хулиан Альвареснинг трансферини амалга ошириш жуда қийин кечади, чунки «матрасчилар» ўз футболчиси билан хайрлашишни истамаяпти. Харри Кейнни эса тахминан 80 миллион евро эвазига сотиб олиш имконияти мавжуд.













