Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Voha.uz»: Ўзбек футбол журналистлари бирлашиши керак

Баҳо:
+3 | -

Кўча жанжали билан профессионал жангнинг нима фарқи бор? Нега бугун кўпчилик журналистлар кўча жангини маъқул кўришмоқда… Нима демоқчи бўлганимни тушунмадингизми? Кўпроқ твиттер ўқинг. Аксарият мухлисларнинг хаёлига бир фикр келди: Твиттер ёки ижтимоий тармоқдан фойдаланмасак-чи?!

Юртимиздаги футбол мухлисларининг кўпчилик қисми твиттернинг доимий “ишқибоз”и эмаслиги ушбу мақолани ёзишимга туртки бўлди.

Бугунги кунда футбол оламидаги таҳлилий мақолалари билан мухлислар қалбидан ўрин олган Хайрулла Холиқов бугун твиттерда терма жамоамизнинг Осиё кубогига тайёргарлиги кўпчиликни қизиқтирмай қўйгани ҳақида фикр билдирди. Яқин ўтмишнинг универсал журналисти Шуҳрат Шокиржонов бу вазиятни кимлардир “ўзлари қўлдан ясаган”лигини таъкидлади. Жўшқин футбол ижодкорига айланиб бораётган Холиқов ҳамкасбларини “енгилмаслик”ка чақирди. Танқидларга изоҳсиз қараб турмайдиган ўзбек футболи журналистикасининг қаҳрамони Асланов жаноблари миллий терма жамоамиз танқидларга нотўғри ёндошгани-ю журналистларни ўзидан узоқлаштиргани ҳақидаги фикрлари билан масалага ойдинлик киритмоқчи бўлди.

Кейинги тортишувлар ҳам шу тақлид давом этди. Мен юқоридаги фикрларни ўқий туриб, миллий терма жамоамизнинг 2011 йилги Қатарда ўтказилган Осиё кубогига тайёргарлигини эсладим. Мусобақагача кўплаб танқидларга учраган Абрамов ўзига отилган тошлардан муносиб хулоса чиқариб, Осиё кубогида ярим финалгача етиб борганди. Навбатдаги Осиё кубогига саноқли кунлар қолган бир вақтда терма жамоамизнинг тайёргарлиги кенг ёритилмаётганлигини Холиқов тўғри танқид қилди. Нега бугун журналистларимиз орқага қадам ташлашди ёки бошқа соҳани танлаб кетишди? Нега ўша даврдаги жўшқин мақолалар камайиб кетди? Нега урчиб чиқиб бўй кўрсатиб турган муаммоларни бугун ёзмаяпмиз? Нега бугун терма жамоамизга чақирилмаган муносиб номзодлар ҳақида ёки терма жамоамизнинг иккитадан ортиқ гол урмаслик “кўникма”си ўзгармаётганлиги ҳақида ёзмаяпмиз?

Бугунги кунда журналистларнинг ҳар хил тортишувлари, раддиялари ва ўз қарашларини ифодаловчи умумий аудитория йўқ. Бугун сайтларимиз Европа футболидаги икир–чикирларни ипидан игнасигача таржима қилиб қўйишмоқда. Сайтлар бир–бири билан рақобатлашиши мумкин, лекин журналистларнинг рақобати йўқолиб бормоқда. Рақобат йўқ жойда ўсиш ҳам бўлмайди. Ўсиш бўлмаган жойда ўзлари ҳақида танқидий мақолалар камайган ташкилотлар ютади, холос. Мухлислар ва ўзбек футболи ютқазишда давом этади. Сайтларимиз гуруҳларга бўлинган, ҳар бир сайтнинг ўз “лидер”лари бор. Кимдир ўтирволиб мақола “ўғирласа”, бошқа бири мақола ўғирлаяптими-йўқми, текшириб кўради. Ўзимиз билан ўралашиб қолдик. Биз шундай давом этаверсак, ўзбек футболи учун ким қайғуради? Олий лига тўпурари терма жамоага чақирилмаслиги, ҳимоявий тактика натижа бермаслиги, ПФЛда 1998 йил туғилганлар чемпионлиги ташкил қилиниши бефойдалиги, таёрлов гуруҳлари ўртасида кечган мусобақада истеъдодлар шунчаки иштирок этишганию ҳеч бир терма жамоа ёки клуб скаутлари истеъдодларни кузатмаганлиги каби мавзуларни ёритиш камайиб бормоқда. Муаммонинг ечими қандай эканлиги тўла тўкис кўрсатиб беришга ожиздирмиз, ҳеч бўлмаса муаммолар борлигини ошкор қилайлик.

Журналистларнинг твиттерда жам бўлиб ўзаро фикр алмашишини кўча жанжалига ўхшатдим. Хайрулла Холиқов тўғридан мушт туширса, Шокиржонов орқадан ташланиб қолади. Кутилмаганда қайдандир Қаҳрамон Асланов пайдо бўлади. Жанг зўр бўлиши мумкин, бироқ унинг мавқейи кўча жанжали бўлиб қолаверади. Профессионал жангни мухлислар рингда кўришни хоҳлайди. Бир вақтлар биргина сайт ёки газета варақларида акс этган “профессионал жанг” бугун кичик мухлислар доирасига кўчган. Кўп сонли мухлислар истаги ўлароқ ўзбек футбол сайтлари умумий бир газета остида бирлашишса, ўзбек футболидаги кўпгина муаммоларга барҳам берилган бўлар эди. Миллий терма жамоамиз халқаро майдонларда яхши натижага эришиши учун журналистлар биргалашиб курашмоғи даркор. Шахсан мен терма жамоамизнинг Осиё кубогида олдинги натижани такрорлашига ҳам ишонмайман. Ўзбек футболининг пастга шўнғишида журналистларнинг ҳам муносиб “улуши” бор.

Олим ТОЛИПОВ

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 22:40, 22.12.2014.
Ўқилди: 9456 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.