Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Футболимиз шаъни учун овоз берамиз

Баҳо:
+ | -

Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг янги таркиби шакллантирилди. Бошқа сайловчилар қатори юз минглаб футбол мухлислари ҳам ўзлари маъқул топишган номзодларга овоз беришди. Сайлов жараёнини кузатар эканмиз, кайфиятлари чоғ мухлисларнинг ҳазил-ҳузуллари янгради: «Қойил, «Реал» Клублар ўртасида ҳам қироллигини исботлади!», «Шошманг, «Барса» ҳам «Кордоба»ни боплади-ку!» Шу зайл овоз бериб чиққан сайловчиларнинг ўтган шанба оқшомидаги ўйинлар билан боғлиқ муҳокама-мунозаралари бошланди. Футбол мавзуси ўз-ўзидан, табиий равишда сайлов жараёнида ҳам мухлисларни бирлаштирди.

Кичик муҳокама-мунозара чоғи қандай мулоҳазалар ўртага ташланди, деб ўйлайсиз? Савол оҳангидан ҳам сездингизки, сайловчи мухлислар нутқида футбол ва қонунчилик муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мухлислар ишонч билан айтишдики, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси янги таркибида футбол мухлислари ҳам анчагина топилади. Демак, футболимиз келажагига дахлдор янги қонун ёки қонуности ҳужжатлари тайёрланишига умид қилса бўлади. Бу ҳозирда мавжуд имкониятлар ва шарт-шароитлардан кўнгил тўлмаётгани белгиси эмас, албатта. Кўнгил шунчаки, тараққиётнинг янги босқичини истаяпти. Маълумки, юксак даражадаги профессионал клубларнинг жаҳон футболи стандартларига мос мақомини белгилаш - ҳозирги куннинг долзарб вазифаси. Бундай мақомнинг белгиланиши футболимиз инфратузилмасини, клубларга эгалик ёки раҳбарлик муносабатларини, футболчиларнинг ўз ишларига ёндашувларини бутунлай ўзгартириб юборади. Умид қиламизки, парламентимизнинг янги таркиби бу тўғрида ҳам жиддий бош қотиради.

Футболимиз бугун ислоҳотларни кутмоқда. Ислоҳот ислоҳот учун эмас, балки футболимиз тараққиёти учун хизмат қилсагина мухлисларнинг орзулари реалликка айланади. Хўш, бугун мухлислар қандай орзулар оғушида яшашмоқда? Уларнинг орзулари бисёр. Аммо айни чоғда Серхио Рамос ва Херард Пике каби, лоақал шу икки машҳур футболчига ўхшашга астойдил интиладиган ҳимоячилар миллий жамоамиз сафида тўп суришларини орзу қилишмоқда. Орзулар ҳамиша реал воқелик билан мустаҳкам алоқадор ва унинг бевосита таъсири остида бўлади. Серхио Рамос Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида «Сан-Лоренсо» дарвозасига ажойиб гол урди. Унинг голига Роналду ҳам ҳавас қилган бўлса, ажабмас. Пике ҳам рақиб дарвозасини нишонга олишда Рамосдан қолишмади. У «Барселона» томонидан «Кордоба» дарвозасига йўлланган 5та голдан бирига муаллифлик қилди. Хуллас, «Реал» ва «Барселона» вакиллари 2014 йилни хушнудлик билан кузатмоқдалар. Уларга боқиб ўз-ўзидан ҳавас уйғониши табиий. Қани энди Анзур Исмоилов Хитой термаси дарвозасини  Рамос ва Пике каби шашту-шижоат билан нишонга олсайди... Ахир Анзур Хитой футболи муҳитини яхши билади. Бу имкониятдан самарали фойдаланиш - унинг бурчи. Тўғри, Анзур стандарт вазиятлар чоғи рақиб жарима майдонига етиб боради. Афсуски, кўп ҳолларда етиб боришни ўзи билан чекланади. Қаранг, Серхио Рамоснинг «Реал» таркибида урган голлари 50тага етибди. Унча-мунча ҳужумчининг натижасидан кам эмас, тўғрими? Йўқ, биз Анзур доимо ҳужумда иштирок этсин, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Ҳимоячи, аввало, ўз вазифаси хусусида ўйлаши шарт. Лекин миллий жамоа шарафи учун майдонга тушганда, футболчида қўшимча куч, иштиёқ барқ уришига ишончимиз комил. «Реал» ва «Барселона»да Рамос ва Пикенинг ҳужумда самарали иштирок этишлари учун махсус тактик схемалар борлиги аниқ. Миржалол Қосимов ҳам Анзур Исмоиловнинг баланд бўйидан унумли фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўрганми? Билмадик. Ҳар ҳолда, бу масала унинг бош қотиришига арзийди. Биз бу ўринда ўйин вазиятидан келиб чиқиб футболчига бериладиган йўл-йўлакай вазифаларни назарда тутмаяпмиз. Демоқчимизки, Осиё футболи Анзур Исмоиловнинг янги қиррасини кашф этсин. Кашф этиш жараёни ижодкори, шубҳасиз, Миржалол Қосимовдир. Миллий жамоамизнинг Осиё кубоги-2015даги ўйини - унинг ижоди маҳсули. Ижод - машаққатли, шу билан бирга ҳузурбахш жараён. Ўйлаймизки, Миржалол Қосимов ҳам миллий жамоамизнинг нуфузли турнирга тайёрлаш чоғи машаққатли ижод жараёнини бошдан кечираётган ва бундан ҳузурланаётган. Ана, ўз жамоасини иккинчи бор Клублар ўртасида жаҳон чемпионати ғолиби даражасига олиб чиққан Карло Анчелоттининг қувонч­ли чеҳраси ҳамон кўз ўнгимизда турибди. Келинг, ўртага кескинроқ савол ташлаймиз. Миржалол Қосимов ундан камми? Йўқ, асло! Фақат улар шаклланган футбол муҳити бир-биридан фарқли, холос. Аммо инсон, футболчи, мураббий ўзи камол топган муҳит андозалари билан чегараланиб қолмаслиги керак-ку! Биламиз, фикр-мулоҳазаларни ўқигач, айрим мухлисларнинг фиғонлари фалакка кўтарилади. Уларнинг назарида Карло Анчелотти ва Миржалол Қосимовни ўзаро қиёслаб, аниқроғи, ёнма-ён қўйиш ярамайди. Майли, шундай фикр юритаверишсин, ҳатто ўз позицияларида қатъий туриб, уни исботлашсин. Футболимиз муҳити шундагина ижодий рақобатга тўлиб-тошади.

Айни шу руҳ тарафдори сифатида таъкидлаймизки, Миржалол Қосимовда мураббийликнинг юзага чиқмаётган ички имкониятлари мавжуд. Айтайлик, у интерьвюлар чоғи жўяли, ўринли мулоҳаза юритади. Жамоасининг ютуқ ва камчиликларини усталик билан изоҳлайди. Гарчи бу юзаки танишув бўлсада, унинг имкониятлари хусусида бир хулосага келиш учун етарли, деб ҳисоблаймиз. Фақат у ҳозиргача ўзидаги мавжуд ички имкониятлардан етарли фойдаланмади. Фикримизча, бунинг битта асосий сабаби бор - мутахассис-мураббий Миржалол Қосимов кўп ҳолларда инсоний омилларга бўйсинади. Бошқача айтганда, мураббийлик масъулияти унинг шахсидан енгилади. Хусусан, таркиб танлашда шахсий характеридаги бу жиҳат яққол ўзини сездиради. Миллий жамоамизнинг ҳозирги таркибига бир назар ташласангиз, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Ундан мамлакатимиз чемпионининг фақат 3 нафар футболчиси ўрин олган. Очиғи, уларнинг ҳам Осиё кубоги-2015 гуруҳ босқичи учрашувларида асосий таркибдан ўрин олишларига ишониш қийин. Бугунги Миржалол Қосимов учун Игор Сергеевдан Воҳид Шодиев, Жамшид Искандеровдан Сервер Жепаров, Егор Кримецдан Ислом Тўхтахўжаев афзалроқ. Бу - унинг танлови, футбол фалсафаси. Бир қарашда, ҳаммаси жойида, яъни мураббий ҳақ! Масалага жиддийроқ ёндашсак, миллий жамоамизнинг муҳим учрашувларида «Пахтакор»нинг бирор футболчиси асосий таркибда майдонга тушмаслиги мумкин. Хўш, вазият табиий равишда шундай шаклландими ёки мазкур ҳолатда сунъий аралашувнинг таъсири бор? Тўғриси, айни вазият шу қадар чигалки, унга фақат Миржалол Қосимовнинг ошкора сўзларигина ойдинлик киритади.

Факт шуки, бугун мамлакат чемпионининг асосий таркиби миллий терма жамоа учун таянч, ўзак вазифасини ўтамаяпти. Футболдаги ёзилмаган қонунларга кўра, зўр курашда ғолиб чиққанлар миллий терма жамоада ўйнашади. Бошқалар уларга кўмакдош бўлишади. Ҳозирги ҳолатда «Пахтакор» футболчилари амалда захира вазифасини бажаришади, яъни Миржалол Қосимов иш услуби учун ёзилмаган қонунлар мутлақо бегона, қарма-қарши. Ваҳоланки, Валерий Лобановский каби мураббийлар бир клуб футболчиларини терма жамоага максимал даражада жалб этишган ва бу иш ўзини оқлаган. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-86нинг биринчи учрашувида Ринат Дасаев ва Сергей Алейниковни ҳисобга олмаганда, собиқ иттифоқ терма жамоаси шарафини фақат Киев «Динамо»си футболчилари ҳимоя қилишган. Ўша учрашув футбол оламини ағдар-тўнтар қилиб юборгани ҳам ёдимизда. Узоққа бормайлик, Йоахим Лёв Германия терма жамоасини шакллантиришда асосан «Бавария» футболчиларига таянди ва бундай ёндашув унга оламшумул муваффаққият келтирди.

Муҳтарам мухлис! Сезиб турибсизки, юқоридаги мулоҳазалар танланган мавзу учун бир шингил, холос. Мавриди билан бу мавзуга яна батафсил қайтамиз.

Муҳаммад Вали, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:20, 23.12.2014.
Ўқилди: 5844 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.