Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Олий лига: тизимда жиддий ўзгаришлар бор

Баҳо:
+ | -
Ўтган ҳафта ЎФФ матбуот анжуманлар залида 2014 йилги мавсум якунларига бағишлаб, клуб вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Шунингдек, XXIV миллий чемпионатнинг олий лига баҳсларига қуръа ташланди.

Йиғилишни ЎФФ биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев кириш сўзи билан очиб берди:

- Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи ўйини билан бу йилги мавсумга якун ясадик. Умумий олганда, мавсум омадли ўтди. Янги йилдан ҳам умидларимиз катта. Фурсатдан фойдаланиб, барча жамоаларимизга, хусусан, ОЧЛда иштирок этадиган 4та клубимизга омад тилайман. Янги йил барчамиз учун омадли келсин. Бугунги йиғилишимиз кун тартибидан асосан 4та масала ўрин олган - олий лигага қуръа ташлаш, бу йилги чемпионат якунлари сарҳисоби, янги мавсум учун қабул қилинадиган регламент ҳамда клубларни лицензиялаш жараёни.

Шундан сўнг навбат ПФЛ бош директори Фарҳод Магометовга берилди.

- Келаси йили олий лигада 16та жамоа иштирок этишидан хабарингиз бор. Мираброр Усмонов раҳбарлигида Фарғона ва Андижонга қилган сафаримиздан сўнг олий лига жамоалари сонини 16тага оширишга қарор қилдик. Андижонда футбол инфратузилмаси жуда яхши ҳолатда. Стадионларга мухлислар ташрифи бўйича ҳам водий клублари пешқадам. Фақат клуб раҳбарияти томонидан кучлироқ эътибор берилса, бундан биз каби мухлислар ҳам хурсанд бўлишади. Вилоят футболи мутасаддилари бу борада ваъда беришди. Жиззахда ҳам янги стадион бун­ёд этиляпти. Ўйлайманки, «Сўғдиёна» ўзига берилган имкониятдан оқилона фойдаланади. Энди қуръага навбат беришдан аввал бир нарсани айтиб қўймоқчиман. Унинг натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, «Нефтчи» жамоаси 1-тур учрашувини ўз майдонида ўтказади. Бои­си, Фарғонадаги янги стадион қуриб битказилди ва «Нефтчи» келаси мавсумни жаҳон андозаларига жавоб берувчи аренада ўтказади. Илк турда ушбу стадионнинг очилиш маросими бўлади. Менимча, бунга ҳеч ким қарши чиқмаса керак.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон XXIII миллий чемпионати 15 март куни стартга чиқиб, 7 ноябрда финиш маррасига етди. Жами 182та ўйин­да 492та гол қайд этилди. Ўйин­ларни умумий ҳисобда 914 минг 815 мухлис бевосита стадионларда кузатди. 2013 йил билан таққослаганда, мухлислар ташрифи бўйича нисбатан ўсишга эришилди. Ўшанда ушбу кўрсаткич 771 минг 981 мухлисни ташкил этганди. 21-тур энг сермаҳсули бўлди - 30та гол, аксинча, 23-турда энг паст натижа кузатилди - 10та гол. Энг кўп мухлис (18221) 1-турдан ўрин олган «Андижон» - «Пахтакор» (0:1) ўйи­нига ташриф буюрди. Энг кам мухлис қаршисида ўтган ўйин сифатида «Локомотив» - «Қизилқум» (8-тур) баҳсини кўрсатиш мумкин. Бу учрашувни бор-йўғи 601 мухлис томоша қилди. Олий лигада 18та гол урган «Насаф» сардори Артур Геворкян бош тўпурарга айланди. Чемпионатда 14та мамлакатдан жами 36 нафар легионер ўйнади. Энг кўп (10 нафар) легионер Украинадан келди.

Магометовнинг сўзларига кўра, олий лига иштирокчилари учун бадал суммаси 110 миллион сўм қилиб белгиланди. Биринчи лига клублари тўлайдиган бадал миқдори ўзгармайди. Легионерларга белгиланган лимит ҳам ўша-ўша. Яъни клублар «3}1» тизимида хорижлик футболчиларни рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Фарқи шуки, клуб ҳар бир легионер учун ПФЛга қўшимча 10 миллион сўм тўлайди. Якунланган мавсум бу сумма 5 миллион сўмни ташкил этганди. Биринчи лига клублари эса легионер футболчиларни рўйхатдан ўтказолмайдилар. Маҳаллий ёшларга эътибор қаратиш мақсадида шундай қарорга келинди.

Олий лигада 16та жамоа иштирок этади ва мавсум якунида сўнгги ўринни эгаллаган клуб элитани тарк этади. 15-поғонани банд қилган жамоа эса 1-лиганинг иккинчи клуби билан ўтиш ўйинларида майдонга тушади. Биринчи лигада бу йилгидек 24та эмас, 20та жамоа қолиши маълум қилинди. 2016 йилга бориб, бу соннинг янада камайтириш кўзда тутилган. Яқин кунларда ушбу маълумот расман регламентда акс этиши керак. Клубларни лицензиялаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилади. Нафақат асосий жамоа ўйнайдиган стадион, балки Ёшлар лигаси учун тақдим этиладиган арена ҳам махсус текширувдан ўтказилади. Клубда ишлаётган ҳар бир ходим ўз вазифасини бажаради. Матбуот котиби фақат ўз мажбурияти доирасида ишлайди. «С» гувоҳномасига эга мутахассислар фақат болалар футболида фаолият юритишлари мумкин. Уларнинг бошқа лигаларда ишлашларига рухсат берилмайди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ПФЛ кубоги янги мавсум олдидан ҳам ташкил этилади. Режага кўра, олий ва 1-лига клублари учун мавсум-2015 олдидан тайёргарлик босқичи вазифасини ўтовчи ПФЛ кубоги 2-18 февраль кунлари оралиғида уюштирилиши керак.

Ташкилий масалалар ҳақида гаплашиб олингач, олий лига-2015га қуръа ташланди. Дарвоқе, жараён бошланиши олдидан Фарҳод Магометов ва «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамов яхшигина айтишиб олишди ҳам. Вадим Карленович келаси мавсум «зеркальний» форматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини айтди. Магометов эса бу ҳал қилинган масала эканлигини таъкидлаб, таклифга розилик бермади. Вазиятни юмшатиш ва холис қарор қабул қилиш мақсадида ушбу масала овозга қўйилди. 5та жамоа - «Локомотив», «Олмалиқ», «Нефт­чи», «Металлург» ва «Қўқон-1912» Абрамов истаган форматни қўллаб-қувватлаган бўлса, қолган 11таси келаси йилги чемпионат худди якунланган мавсумдаги каби ўтишини ёқлади. Хуллас, XXIV миллий чемпионатимиз олий лигаси ҳам бу йилгидек форматда ўтиши расман тасдиқланди. Мавсум 8 март куни Ўзбекистон суперкубоги учрашуви билан бошланади. Ўзбекистон чемпиони «Пахтакор» ва мамлакат кубоги соҳиби «Локомотив» клублари мавсумдаги илк соврин кимга тегишига ўзаро ўйинда ойдинлик киритишади. «Темирйўлчилар»нинг «шерлар» билан алоҳида ҳисоб-китоблари борлигини инобатга олсак, Хотин-қизлар байрами куни ўтказиладиган учрашув ишқибозларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Олий лиганинг 1-тур баҳслари эса 13-14 март кунларига мўлжалланяпти. «Пахтакор» чемпионлик мақомини ҳимоя этиш вазифасини ўз майдонида «Олмалиқ» жамоасига қарши ўйин билан бошлайди. «Локо» эса Бекободга сафар уюштиради. Олий лига дои­расида «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасидаги илк тўқнашув 6-турда «темирйўлчилар» майдонида бўлиб ўтади. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоа­лари ўртасидаги илк учрашув эса 11-турга тўғри келди. Мавсумнинг сўнгги тури 25 ноябрь куни ўтказилади. 29 ноябрда Ўзбекистон кубоги-2015 соҳиби аниқланади.

Қуръа ташлаш маросимидан сўнг биз мураббийлар фикрлари билан қизиқдик.

Самвел Бабаян («Пахтакор» менежери):

- Олий лиганинг қандай форматда ўтказилиши унчалик ҳам аҳамиятли эмас. Нима фарқи бор, барибир, 15та жамоа билан ҳам уй-сафар тизимида ўйнаб чиқиш керак. Масалан, бу йил биз учун тақвим бироз ноқулай келди. Асосий рақибларимиз билан иккинчи даврада уларнинг майдонларида ўйнадик. «Локомотив» билан ўйиндан таш­қари, сўнгги турда «Бунёдкор» майдонида меҳмон бўлдик. Шундай қийин вазиятда чемпионликни ютган эканмиз, демак, мос даражада кучли ўйин намойиш қилганмиз. Янги мавсумни ўз майдонимизда бошлаймиз. Бу йил сафарда «Андижон»га қарши учрашув билан старт олган эдик. Албатта, янги йилдан умидимиз катта. Биринчи галда, ОЧЛ мусобақасида муваффақиятли иштирок этиш ва финалга қадар етиб боришни мақсад қилганмиз.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи):

- Бу йил миллий чемпионатимиз қандай форматда ўтган бўлса, шундайлигича қолишини ёқладим. Тўғрида, барибир, барча жамоалар билан ўйнаш керак. Биринчи турда бўладими ёки сўнггисида - бунинг фарқи йўқ. Мен учун1-тур учрашувида  дўстим, яқингача бирга ишлаб келган Александр Мочинов жамоасига қарши майдонга тушиш жуда қизиқ туюляпти.

Александр Мочинов («Бухоро» бош мураббийи):

- Янги мавсум тақвими биз учун мураккаб келди. Шу маънода қуръада омадимиз чопмади, дейишим мумкин. Мавсум стартидаги 4та ўйин­нинг 3тасини «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Насаф»га қарши ўтказамиз. Балки бу бир томондан яхши ҳамдир. Мавсумга тайёргарликни аввалдан белгилаб олган режа асосида олиб борамиз.

Тоҳир Кападзе («Нефтчи» жамоа­си раиси):

- Мавсумни янги стадионда бошлаймиз. Бу фарғоналик мухлислар учун ажойиб янгилик. Илк тур ўйини арафасида стадионнинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Сифатли майдонда мазмунли ўйин намойиш этишга астойдил ҳаракат қиламиз. Ҳозирда стадионнинг ёритиш тизими устида иш олиб бориляпти. Янги йил байрамигача бу масалани ижобий ҳал қиламиз. Энди қуръага келсак, у спорт тамойилларига биноан ўтди. Мавсумни бир йиллик танаффусдан сўнг олий лигага қайтган «Шўртан»­га қарши учрашув билан бошлаймиз. Кейин «Локомотив» меҳмони бўламиз. Мавсумга тайёргарлик режа асосида кетяпти. Шу кунларда Фар­ғонада ўқув-машғулотлар йиғини олиб бориляпти. Биринчи йиғинимиз 27 декабрга қадар давом этади ва шундан сўнг Янги йил байрами муносабати билан футболчиларга қисқа муддатли таътил берилади. 3-13 январь кунлари яна Фарғонада тўпланамиз. 14-27 январь кунлари Тошкентда, февраль ойида эса Туркияда йиғин олиб бориш режалаштирилган.

Мухтор Қурбонов («Шўртан» бош мураббийи):

- Қуръага кўра, янги мавсумни «Нефт­чи»га қарши учрашув билан бошлаймиз. Фарғонада катта байрам бўлиши аниқ. Ҳозир айтилганидек, «Нефтчи» стадионининг очилиш маросими ўтказилади. Умуман олганда, келаси йили олий лигада ўткинчи ўйинлар бўлмайди. Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик билан ёндашамиз. Тайёргарлик режаси ишлаб чиқилган ва клуб раҳбарияти томонидан тасдиқланган. Хуллас, ҳаммаси режа бўйича давом этяпти.

Рустам Абдуллаев («Қўқон-1912» бош мураббийи):

- Қуръа биз учун бироз ноқулай бўлди. Старт чизиғида Самарқандда «Динамо»га қарши ўйнаймиз. Кейин ўз майдонимизда амалдаги чемпион - «Пахтакор»ни қабул қиламиз. 3-турда эса «Насаф» меҳмони бўламиз. Энди шунга яраша тайёргарлик кўрамиз. Барибир, ҳар бир жамоа билан уй-сафар тизимида ўйнашимиз керак-ку.

Эътиборли фактлар

- Олий лига клуби бадал пули сифатида ПФЛга 110 млн. сўм тўлайди. Элита жамоаларининг ўтган мавсум бўйича бадал пулидан қарзлари қолмаган. Фақат Тартиб-интизом қўмитаси белгилаган моддий жазолардан маълум қарздорлик мавжуд.

- Аҳрол Иноятов бошқарувида келишилган ўйинларга қарши курашадиган қўмита томонидан тайёрланган махсус деклерацияга барча-барча - мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар ва назоратчилар имзо чекишлари шарт. Деклерациядан ўтмаганлар «заявка» қилинмайди.

- Ўйинларга бу йилгидек хориждан ҳакамлар жалб этиш эҳтимоли паст. ПФЛнинг мақсади - ўзимиздаги ҳакамлар савиясини ошириш ва уларга ишонч билдириш.

- Келаси йил тақвими имкон қадар ўзгартирилмайди ва жамоаларга тенг қаралади. Камолиддин АЛИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:57, 24.12.2014.
Ўқилди: 6762 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.