Япония терма жамоасининг мексикалик бош мураббийи Хавьер Агирре келишилган ўйинларда гумон қилиниб, сўроқ бериш учун Испанияга чақирилди. У февраль ойигача, Валенсия шаҳрига бориб, кўрсатма бериши керак.
Испания прокуратураси 2010-2011 йиллар мавсумида Ла-лиганинг сўнгги турида ўтказилган “Леванте” ва “Сарагоса” учрашувини “келишилган” деб топган. Чунки, ўша ўйиндаги ғалаба меҳмонларга лигада қолиш имконини берар эди ва шундай бўлиб чиққан ҳам, Агирре мураббийлигидаги “Сарагоса” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Прокуратура бу ўйин учун “Сарагоса” мезбон жамоа ўйинчиларига 985 минг евро таклиф қилганини таъкидламоқда.
Бироз вақт олдин, ҳозирда “Атлетико” сафида ўйнаётган, 2011 йилда эса “Сарагоса” футболчиси бўлган Габи ўз футболчилик фаолиятида келишган ўйинда қатнашганини тан олиб, бунинг учун мухлислар ва футбол жамоатчилигидан узр сўраб чиқиш қилган эди.
Агирре эса бу бўйича ўзига қўйилаётган айбни инкор этмоқда.
“Мен испан футболида 12 йил ишладим. Ўз фаолиятим давомида ҳеч қандай футболга зид ишларни кўрган эмасман, ҳеч кимдан узр сўраш ниятим ҳам йўқ, чунки ҳеч қандай айбим йўқ", – дейди у “Франcе Прессе” нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Хавьер Агирре 2014 йил ёзида Бразилия мундиалида Мексика терма жамоаси билан яхши ўтказган иштирокидан кейин, Япония терма жамоасига Алберто Заккерони ўрнига олиб келинган эди. Япония футбол федерацияси ушбу мураббий билан бўлаётган гап-сўзларга эътибор бермасдан, у билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилинишини маълум қилган. Лекин, мухлислар Япония терма жамоаси Осиё Кубоги-2015га нохуш кайфиятда борилишидан хавотирда эканликларини билдиришмоқда.