Ўзбекистон ва Ироқ миллий терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ўйинда дуранг қайд этилди. Ўйинда ҳисоб очилмади.
Ваҳоланки, ўйин давомида дарвозани ишғол қилиш учун, кўп бўлмаса-да, имкониятлар юзага келди. Хусусан, ўйиннинг 20-дақиқасида Муҳаммадиев индивидуал маҳорати эвазига пенальти ишлади. Жепаров "зиданча" зарба билан дарвозани ишғол қилди, аммо БААлик ҳакам голни бекор қилиб, пенальти бошқатдан тепилиши кераклигига ишора қилди. Сервернинг бурчакка йўналтирилган зарбасини Ироқ дарвозани қайтарди.
Терма жамоамиз ном жиҳатдан кучли кўринган бўлса-да, яхши ўйин кўрсата олмади. Футболчиларимиз дастлабки 30 дақиқани яхши ўтказишди. Ундан кейин эса устунлик Ироқ томонига ўтиб кетди. Шунга қарамай, биринчи бўлим сўнгида Сардор Рашидов бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қила олмади.
Ироқ 3 кун аввал бўлиб ўтган биринчи ўйиндаги мағлубият (0:1) учун алам олишга ҳаракат қилди. Яхши вазиятлар яратди, аммо сўнгги паллада уларга аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлим бошида Одил Аҳмедов ўткир бурчак остида яккама-якка вазиятда дарвозабонни доғда қолдира олмади. Умуман, иккинчи 45 дақиқаликда Қосимов шогирдлари ўз ўйинларини топа олмай қийналишди. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида майдонга Лутфулла Тўраев ва Жамшид Искандеров туширилганидан кейин ҳимоядан чиқишга муваффақ бўлдик.
Ушбу ўйин билан Ўзбекистон терма жамоасининг БААда ташкил қилган иккинчи йиғини ҳам якунига етди. Жамоамиз эртага Тошкентга қайтиб келади ва 2 январь куни Австралияга йўл олади.
Ўртоқлик учрашуви
ЎЗБЕКИСТОН - ИРОҚ - 0:0
Огоҳлантиришлар: Азиз Ҳайдаров (59), Анзур Исмоилов (69) — Самих Сайид (79)
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов (Ислом Тўхтахўжаев 60), Виталий Денисов (Фаррух Сайфиев 76), Шуҳрат Муҳаммадиев, Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе (Жамшид Искандеров 76), Сервер Жепаров (Санжар Турсунов 60), Одил Аҳмедов (Лутфулла Тўраев 60), Сардор Рашидов, Воҳид Шодиев (Навруз Алимов 80).