Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Аrena.uz: Спортчиларимизнинг муваффақият хронологияси

Баҳо:
+ | -

Яна бир неча соатлардан сўнг 2014 йил тарих зарварақларидан жой олиб, ўтмишга айланади. Якунига етиб бораётган йил ўзбек спорти учун аввалгилар-да анча самарали ва омадли келди. Буни юртдошларимизнинг жаҳон ареналарида қўлга киритган медаллари, эришган муваффақиятларида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Аrena.uz сайти ижодкорлари спортчиларимизнинг 2014 йил давомида халқаро мусобақаларда эришган юксак натижаларини хронологик тарзда тартиб билан жойлаштириб, уларни яна бир карра ёдга олиб ўтишни лозим топди.

Қуйида эътиборингизга йил давомида спортнинг турли йўналишларида ҳамюртларимизнинг қўлга киритган натижалари ҳавола этилади.

Январь

Спорт гимнастикаси бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари Россиянинг Обнинск шаҳрида икки юз нафардан зиёд спортчи иштирок этган спорт гимнастикаси бўйича очиқ мусобақада муваффақиятли қатнашиб, икки олтин, бир кумуш ва икки бронза медални қўлга киритди.

Россия Федерациясининг Тюмень шаҳрида юнон-рум кураши бўйича ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи анъанавий халқаро турнирда ҳамюртимиз Элмурод Тошмуродов совриндорлар қаторидан жой олди. Дунёнинг ўндан зиёд давлатидан 200 нафарга яқин энг кучли спортчи иштирок этган нуфузли мусобақада спортчимиз вазни 59 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида бронза медалини қўлга киритди.

Февраль

Хитойда енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги VI Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта олтин, тўртта кумуш, битта бронза – жами саккизта медаль билан умумжамоа ҳисобида кучли тўртликдан жой олди.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткачиси Денис Истомин Франциянинг Монпелье шаҳрида ўтган “Open Sud de France – 2014” халқаро турнирининг жуфтлик баҳсларида россиялик Николай Давиденко билан биргаликда бош совринни қўлга киритди.

Ўзбек қизлари ўртасида биринчи гроссмейстер – Нафиса Мўминова “Moscow – Open 2014” халқаро шахмат фестивали доирасида ўтказилган талаба гроссмейстерлар иштирокидаги турнирда кумуш медални қўлга киритди.

Эстониянинг Тарту шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган халқаро турнирда муваффақиятли иштирок этган ҳамюртларимиз биттадан олтин ва кумуш, учта бронза – жами бешта медални қўлга киритдилар. 

Ўзбекистонлик каратэ усталари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган каратэ бўйича болалар, ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё кубоги мусобақасида муваффақиятли иштирок этди. Қитъамизнинг йигирмага яқин давлатидан қарийб минг нафар каратэ устаси иштирок этган нуфузли мусобақада спортчиларимиз тўққизта олтин ҳамда иккитадан кумуш ва бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан 140 нафардан зиёд ёш боксчи иштирок этган мусобақада бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Россиянинг Анапа шаҳрида ўтказилган анъанавий халқаро турнирда иккита кумуш, тўртта бронза – жами олтита медални қўлга киритишди.

Март

Эроннинг Дизин шаҳрида тоғ чанғиси бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта олтин, иккита кумуш ва бешта бронза – жами саккизта медални қўлга киритди.

Таиланднинг Бангсаен шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари тўртта кумуш ва олтита бронза медални қўлга киритди.

Латвия пойтахти Рига шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган анъанавий халқаро турнирда ўзбекистонлик гимнастикачи қизларнинг маҳорати юқори баҳоланди. Спорт гимнастикасининг энг мураккаб йўналиши – кўпкураш баҳсларида ёш гимнастикачимиз Турдихон Исломова барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди. Вероника Орлова ўз гуруҳидаги кўпкураш баҳсларида кумуш медални қўлга киритди. Спорт гимнастикасининг алоҳида йўналишлари бўйича ўтказилган мусобақаларда Турдихон Исломова брус ва хода устида машқ бажаришда иккита олтин, таяниб сакраш ва эркин машқ бажаришда бир жуфт кумуш медалга лойиқ топилди. Вероника Орлова эса ушбу йўналишларда машқ бажаришда иккита олтин, биттадан кумуш ва бронза медаль билан тақдирланди.

Истеъдодли самбочимиз Исломжон Азимов жанговар самбо бўйича жаҳон суперкубоги мусобақасида олтин медални қўлга киритди.
Москва шаҳрида ўтказилган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатидан уч юз нафардан ортиқ энг кучли самбочилар ғолиблик учун беллашди. Моҳир самбочимиз фаолияти давомида Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионатининг кумуш медаль совриндори бўлган.

Латвиянинг Рига шаҳрида эркин ва юнон-рум кураши бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда муваффақиятли иштирок этган мамлакатимиз спортчилари 2 олтин, 1 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

Апрел 

Қарши шаҳрида теннис бўйича эркаклар ўртасидаги "Фьючерс" ҳамда Халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобақалари тақвимига кирувчи хотин-қизлар халқаро турнирлари бўлиб ўтди. Ушбу мусобақаларда ҳамюртларимиз билан бирга Беларусь, Буюк Британия, Венесуэла, Голландия, Греция, Ирландия, Польша, Руминия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ҳиндистон каби давлатлардан келган теннисчилар ғолиблик учун куч синашди. Хотин-қизлар ўртасидаги халқаро теннис турнирининг жуфтлик баҳсларида ҳамюртимиз Альбина Хабибулина украиналик Анастасия Васильева билан ҳамкорликда ўйнаб, бош совринни қўлга киритди.

Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бектемир Мелиқўзиев олтин медални қўлга киритди.Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) томонидан ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 105 давлатидан 600 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун рингга чиқди.
Сулаймон Латипов вазни 49 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. Иқболжон Холдоров ва Козимбек Мардонов ўз вазн тоифасида бронза медални қўлга киритди.

Май 

2-4 май кунлари Италиянинг Милан шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон кубогининг биринчи босқичида иштирок этган спортчиларимиз биттадан олтин ва бронза медални қўлга киритди.

Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида мини-футбол бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси бронза медални қўлга киритди. Осиё футбол конфедерацияси шафелигида ўтказилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг ўн олти давлати терма жамоаси совринли ўринлар учун куч синашди.

Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумидаги халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта бронза медални қўлга киритди.

Самарқанд шаҳрида якунланган Профессионал теннисчилар уюшмаси – АТР мусобақалари тақвимига кирувчи анъанавий “Челленжер” халқаро турнирининг яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Фаррух Дўстов ғалаба қозонди.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этди. Ўндан зиёд давлатдан 150 нафар спортчи иштирок этган турнирнинг кўпкураш баҳсларида ҳамюртимиз Эдуард Шаулов битта кумуш ва учта бронза медални қўлга киритди. Қизлар ўртасида Вероника Орлова таяниб сакраш баҳсларида иккинчи, эркин машқ бажаришда учинчи ўринни эгаллади.

Пойтахтимизда таэквондо (WTF) бўйича XXI ва таэквондо “Пумсе” бўйича III Осиё чемпионатлари бўлиб ўтди. Унда учтадан олтин ва бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.

Июнь

Австриянинг Лейбниц шаҳрида дзюдо бўйича 1994-1996 йилларда туғилган ёшлар ўртасида ўтказилган Европа очиқ кубогида ҳамюртимиз Суҳроб Турсунов учинчи ўринни эгаллади.

Бухоро шаҳрида теннис бўйича Халқаро теннис федерацияси – ITF мусобақалари тақвимига кирувчи халқаро турнир бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада юртдошларимиз билан бирга Грузия, Россия, Туркия, Украина, Қирғизистон каби давлатлардан келган ракетка усталари ғолиблик учун куч синашди. Мусобақада тажрибали теннисчимиз Оқгул Омонмуродова яккалик баҳсларида бош совринини қўлга киритди. Бошқа бир ҳамюртимиз Сабина Шарипова эса украиналик Вероника Капшай билан бирга жуфтлик баҳсларида шоҳсупадан жой олди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида Осиё шахмат федерацияси йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида 2013 йилги мавсум якунларига кўра, турли номинациялар бўйича Осиёнинг энг яхши шахматчилари номи эълон қилинди. Эътиборлиси, ҳамюртимиз Баҳора Абдусатторова Осиёнинг “Энг яхши ёш шахматчиси” номинацияси ғолиби бўлди.

Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари муносиб иштирок этди. Қитъамизнинг йигирмага яқин давлатидан энг сара курашчилар иштирокида ўтган нуфузли мусобақанинг юнон-рум кураши беллашувларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз 1та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза медалларини қўлга киритишди.

Тош кўтариш бўйича кўп карра жаҳон чемпиони, андижонлик Муҳтарама Алиева Францияда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида спортнинг ушбу тури бўйича дунёда тенгсиз эканини яна бир бор исботлади.
Францияда бўлиб ўтган тош кўтариш мусобақаларида жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлати вакиллари ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ана шу мусобақада 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Муҳтарама Алиева энг юқори натижага эришди ва еттинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган рапид – тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ака-ука Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар ғалаба қозонди. Нуфузли мусобақанинг етти ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида иштирок этган Исломбек Синдоров тўққизта турнинг барчасида ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлди. Тўққиз ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўз иқтидорини намойиш этган Жавоҳир Синдоров ҳам турнир давомида мағлубиятсиз ўйнади ва у ҳам жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

Хитой Тайпейида енгил атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ёш спортчиларимиз битта кумуш ва иккита бронза медални қўлга киритди.

Литванинг Вильнюс шаҳрида дзюдо бўйича паралимпиячилар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда ҳамюртларимиз 5 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза медалини қўлга киритиб, йигирма давлат вакиллари орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Фарғона шаҳрида Халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобақалари тақвимига кирувчи нуфузли турнир бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 30 давлатидан 100 нафарга яқин ракетка устаси ғолиблик учун куч синашди. Турнирнинг яккалик баҳсларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Нигина Абдураимова барча рақибларини мағлубиятга учратиб турнирнинг бош совринини қўлга киритди.

Июль

Грузиянинг Батуми шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича халқаро турнир ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Латвия, Литва, Россия, Беларусь, Украина ва Арманистондан 40 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун куч синашди. Мусобақанинг таяниб сакраш баҳсида 13,22 балл тўплаган ҳамюртимиз Вероника Орлова бронза медални қўлга киритди. Турнир ҳамюртимиз учун жорий йилнинг 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳри мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларига тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистонлик эркин ва юнон-рум кураши усталари Озарбайжон ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнирларда совриндорлар қаторидан жой олди. Боку шаҳрида ўтган Гран-при туркумидаги халқаро турнирнинг вазни 74 килограммгача бўлган эркин кураш усталари ўртасидаги беллашувларида қатнашган ҳамюртимиз Рашид Қурбонов кумуш медални қўлга киритди. Юнон-рум кураши бўйича вазни 85 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Рустам Ассакалов учинчи ўринни эгаллади.
Қозоғистонда ташкил этилган халқаро турнирда эркин кураш бўйича баҳсларда гиламга чиққан Дилшод Мансуров кумуш, Ихтиёр Наврўзов эса бронза медаль билан тақдирланди.

Жанубий Кореяда таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган мамлакат очиқ чемпионатида Ўзбекистон таэквондочилари муваффақиятли иштирок этишди. Дунёнинг 70дан зиёд давлатидан 2000 нафардан ортиқ спортчи қатнашган мусобақанинг кёруги йўналиши бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган баҳсларда спортчиларимиздан Ниёз Пўлатов, Саидолим Нўъмонов, Шаҳбоз Шофайзиев ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Давлатжон Давронов ва Нигора Турсунқулова бронза медаль билан тақдирланди.Кадетлар ўртасидаги мусобақада Мадина Рўзиева иккинчи, Ирода Миртожиева, Абдураҳмон Зокиржонов ва Олег Тай учинчи ўринни эгаллади. Катталар ўртасида Никита Рафалович кумуш, Наталья Маматова бронза медални қўлга киритди.
Таэквондо “пумсе” йўналиши бўйича Мавлонжон Рустамов ва Нодирахон Шермуҳамедова олтин, Мафтуна Толипова кумуш, Баҳодир Аловхонов, Зафарбек Сатторов ва Машрабжон Бозорбоев бронза медалга сазовор бўлди.

Туркиянинг Измир шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган анъанавий халқаро турнирда мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари олтита медални қўлга киритди. Спортчиларимиздан Елизавета Назаренкова булавада машқ бажариш бўйича олтин медалга сазовор бўлди. Унинг тасмада бажарган машқлари кумуш медалга лойиқ кўрилиб, халқада машқ бажариш ва кўпкураш баҳсларида иккита бронза медаль билан тақдирланди. 
Яна бир гимнастикачимиз Анастасия Сердюкова тўп ва тасмада машқ бажариш бўйича шоҳсупанинг учинчи поғонасини эгаллади.

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бокс бўйича ўтказилган анъанавий халқаро турнирда мамлакатимиз спортчилари биттадан олтин ва кумуш, тўртта бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Турнирда вазни 52 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров мўғулистонлик Асқар Нурлан, қирғизистонлик Азат Усеналиев, ярим финалда россиялик Гаврил Попов устидан ғалаба қозонди. Финалда филиппинлик Рэй Салударни мағлуб этган боксчимиз халқаро турнирнинг олтин медалига сазовор бўлди. 
Боксчиларимиздан Ҳасанбой Дўсматов ўз вазн тоифасида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Элнур Абдураимов, Исроил Мадримов, Хуршидбек Норматов ва Рустам Тўлаганов бронза медаль билан тақдирланди.

Август

Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар олимпиадасида ёш, умидли спортчиларимиз ўта кескин ва муросасиз курашларда 4 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлиб, озод ва обод юртимизда камолга етаётган ёшлар ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда яна бир бора исботладилар. 

Австралиянинг Сидней шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган “Австралия опен – 2014” халқаро турнирида ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этди. Дунёнинг 35 мамлакатидан 600 нафарга яқин спортчи қатнашган нуфузли мусобақада таэквондочиларимиз биттадан олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Ҳамюртимиз Никита Рафалович ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Яна бир маҳоратли спортчимиз Дмитрий Шокин иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, ёш таэквондочимиз Жасур Бойқўзиев бронза медаль билан тақдирланди.

Хорватиянинг Загреб шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. 
Эркин кураш бўйича вазни 50 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида иштирок этган ҳамюртимиз Маҳмуджон Шавкатов финалга қадар кечган беллашувларда барча рақибини мағлубиятга учратиб, кумуш медални қўлга киритди. 

Рим шаҳрида 43 давлатдан келган 500 нафардан зиёд спортчи иштирокида ўтказилган анъанавий таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида мамлакатимиз вакиллари муносиб иштирок этди. Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Артём Ли комплекс машқ бажариш бўйича олтин, яккама-якка баҳсларда кумуш медални қўлга киритган бўлса, Бахтиёр Одилов вазни 80 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида иккинчи ўринни эгаллади. Умидли ёш таэквондочиларимиздан Жаҳонгир Рашидов ва Диёр Шавкатов бронза медаль билан тақдирланди.

Октябрь

Англиянинг Манчестер шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган халқаро Гран-при турнирида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муносиб иштирок этди. Мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Жасур Бойқўзиев 87 килограмм вазн тоифасида кумуш медаль ва Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун муҳим рейтинг очколарини қўлга киритди. Терма жамоамиз аъзоларидан Максим Рафалович, Дмитрий Шокин, Умида Абдуллаева, Наталья Маматова ўз вазн тоифасида совринли ўринларни эгаллади.

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида нуфузли мусобақа – II Параосиё ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу йирик спорт анжуманида қитъамизнинг қирқдан зиёд давлатидан спортчилар ғолиблик учун баҳслашди. Параосиё ўйинларида ўзбекистонлик 27 нафар спортчи енгил атлетика, дзюдо, сузиш ва ўқ отиш бўйича ўтказилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шижоат ва матонат бобида ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлади. Спортчиларимиз 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза, жами 31 медални қўлга киритиб, қирқдан зиёд давлат орасида бешинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. 

Пойтахтимизда дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнир бўлиб ўтди. Халқаро дзюдо федерацияси шафелигида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз дзюдо федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли турнирда 42 давлатдан 280 нафардан зиёд полвон иштирок этди. 
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида бўлиб ўтган мусобақанинг вазни 66 килограмм бўлган полвонлар баҳсида икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари совриндори Ришод Собиров олтин медалга сазовор бўлди. Полвонларимиздан Диёрбек Ўрозбоев ва Яҳё Имомов кумуш медални қўлга киритган бўлса, Шаҳзод Собиров, Рамзиддин Саидов, Элёр Машарипов бронза медаль билан тақдирланди. 
Шу тариқа нуфузли турнирда мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.

Ноябрь

Индонезияда ўтган сув полоси бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида спортчиларимиз бронза медални қўлга киритди. Қитъа биринчилигида Япония, Хитой, Сингапур, Эрон, Индонезия каби сув спорти ривожланган давлатлар вакиллари билан куч синашган ватерполчиларимиз умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб, 2015 йил ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Турнирда терма жамоамиз аъзоси Кирилл Рустамов рақиблар дарвозасига 34 тўп киритиб, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. 

Францияда таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган халқаро турнирда терма жамоамиз аъзолари 2 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритди. Париж шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнир терма жамоа аъзолари учун Олимпиадага тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилди. 

Япониянинг Нарита шаҳрида самбо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида спортчиларимиз саккизта бронза медални қўлга киритди. Нуфузли мусобақада дунёнинг 82 мамлакатидан 550 нафардан зиёд спортчи совринли ўринлар учун куч синашди. 

Декабрь 

Филиппин пойтахти Манилада Осиё футбол конфедерацияси ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимда жорий йилги футбол мавсумининг турли номинациялар бўйича ғолиблари тақдирланди. Унга кўра Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бешинчи маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб эътироф этилди. 

Мексикада таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган Гран-при турнирида ҳамюртимиз Жасур Бойқўзиев кумуш медални қўлга киритди. Нуфузли мусобақада ўттизга яқин мамлакатдан жаҳон рейтингида кучли саккизликдан жой олган спортчилар ғолиблик учун куч синашди. 
Халқаро турнирда ҳамюртимиз Жасур Бойқўзиев 80 килограммдан юқори вазн тоифасида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, иккинчи ўринни эгаллади. 

Бразилияда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ака-ука Синдоровлар тажриба ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир карра исботлади. Мусобақанинг тўққиз ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида Жавоҳир Синдоров олтин медални қўлга киритди. Исломбек Синдоров эса етти ёшгача бўлган болалар ўртасида бронза медални қўлга киритди. 

Россиянинг Белоярский шаҳрида бокс бўйича ўтказилган жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иккитадан олтин, кумуш ва бронза медалини қўлга киритди. Нуфузли мусобақада дунёнинг йигирмага яқин давлатидан 120 нафардан зиёд боксчи ғолиблик учун баҳслашди. 

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 6 олтин, 1 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. 

Ўн олти ёшгача бўлган футболчилардан иборат Ўзбекистон қизлар терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш мусобақасида баҳрайнлик тенгқурларини икки ўйин натижасига кўра 23:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, келаси йили Хитойда ўтадиган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Латвия пойтахти Рига шаҳрида юнон-рум кураши бўйича ёшлар ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтди. Ўзбекистон, Латвия, Литва, Эстония, Швеция, АҚШ, Россия ва Беларусь давлатлари спортчилари иштирокида ўтказилган мусобақада ҳамюртларимиз иккитадан олтин, кумуш ва бронза – жами олти медални қўлга киритди. 

Маҳмуджон Азимов 
тайёрлади

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 18:26, 31.12.2014.
Ўқилди: 8928 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.