Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Эски қўшиқнинг янги яраси ёхуд буниси ошиб тушмадими?

Баҳо:
+6 | -1

Шимолий Кореяга қарши кечган матчдан сўнг терма жамоамизнинг ўйинини танқид қилганимизда, кўпчилик фикримизга қарши чиққанди. Кўпчилик «Шимолий Корея ҳимоявий ўйин кўрсатди, Миржалол Қосимов шуни инобатга олган ҳолда ана шундай тактикага асосланди», дея терма жамоамизнинг қотиб қолган ўйин услубини чуқур ўйланган тактикага йўйишганди.

Хўш, унда нега Хитойга қарши ҳам ана шундай ўйнадик? Ахир Хитой тезкор футбол кўрсатди-ку! Фикримизни тинимсиз танқид қилишдан чарчамаганлар, бизни пессимистликда, терма жамоани ёмон кўришда айблайдиганлар, қани, жавоб беринг-чи? Бизни фақат танқидий фикр билдиришга айблаганлар ҳам бўлди. Ахир терма жамоамизда мақташга арзигулик жиҳат бўлмагандан кейин, танқид қиламиз-да. Хўш, нега Миржалол Қосимов бошлиқ мураббийлар яна ўша эски қўшиқларини куйлашди? Нега бошқа тактика ўйлаб топишмади? Чунки ўша тактикани ўйлаб топадиган ақлнинг, савиянинг ўзи йўқ. Терма жамоамиз мураббийларининг миясида у даражада ривожланмаган. Улар миллий чемпионатдаги оддий жамоаларга қарши қандай ўйнашни билишади, холос. Хитой каби терма жамоаларга қарши дуч келганда эса ҳассасини тополмай қолишади.

Шу ўйиндан олдин агар гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритсак, Австралия билан тўқнаш келамиз, шунинг учун биринчи ўринни эгаллашимиз шарт, дея ўйлагандик. Аммо Хитойга қарши кечган матчдан кейин чорак финалдан ўтиш деярли иложсиз эканлигини тушундик. Чунки бундай ўйин билан чорак финалдан ўтиш тугул, гуруҳдан чиқишнинг ўзи муаммо. Чунки Саудия Арабистони Шимолий Кореяни йирик ҳисобда мағлуб этди. Ҳа, биз бутун ўйин давомида устунлик қилиб, бор-йўғи битта гол урган жамоа дарвозасини улар тўрт бора ишғол этишди. Демак, уларда аниқлик, тезкорлик, маҳорат кучлироқ. Бизда-чи... ҳаммаси нол.

Энди яна бир мулоҳаза. Темур Кападзенинг терма жамоа учун ортиқча эканлиги яна бир бор равшанлашди. Бу футболчи тезкор футболга умуман мос келмайди. Ўтган ўйин борасидаги танқидимизга жавобан, «Кападзе тўғри туширилган, у яккама-якка курашларда устунроқ» қабилидаги фикрлар билдирилганди. Аммо яккама-якка курашда ғолиб чиқиш учун олдин рақибга етиб олиш керак-ку!

Энг ажабланарлиси, иккинчи тўпни ўтказиб юборганимиздан кейин футболчиларимиз умуман ҳаракат қилишмади. Ўйинни иккинчи таймнинг 70-дақиқасидан кейин кўришни бошлаган мухлис «Ўзбекистон ғалаба қозонаётган экан-да», деб ўйлаши табиий эди. На ярим ҳимоячиларимиз, на ҳужумчи, умуман, ҳеч ким ўйнамади. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ёки яна руҳий тушкунлик сабаб қилиб кўрсатиладими? Нега Саудия Арабистони биринчи тўп ўтказиб юборганига қарамасдан, мағлубиятга учраётганига қарамасдан, олдинга интилиб, ғалабани ўз томонига оғдириб олади-ю, биз буни уддалай олмаймиз? Нега Хитой мағлубиятга учрай туриб, ўзини тиклайди-ю, биз буни эплай олмаймиз? Ҳамма гап бош мураббийда. Нега дейсизми? Чунки Хитой устози танаффусда шогирдларига керакли гапларни айта олган. «Олдинга интилинг, ўйнанг, тушкунликка тушманг», деган. Бизнинг мураббийларчи? Тахминан, у шундай деган: «Яхши. Тўпни бир-бирларингга узатинг. Нима бўлганда ҳам, ғалабани сақлаб қолиш керак. Ҳимояга эътибор қаратинг». Эҳтимол, янглишаётгандирмиз. Аммо ўйиннинг боришидан шундай хулосага келса бўлади.

Хитой ўйиндан олдин аутсайдер деб баҳоланаётганди. Аммо якунда бундай бўлмади. Агар воқеалар ривожи шу тарзда кетаверса, Ўзбекистон терма жамоаси Осиёда Уммон, Қувайт каби жамоалар билан бир хил даражага тушиб қолиши табиий. Бундан эса Худо асрасин.

Ўйин бошланишидан олдин таркибларни кўриб, бироз ажаблангандим. Чунки Хитой тезкор ўйин кўрсатиши маълум эди. Мураббийлар ҳам ўйиндан олдин буни билган бўлишлари керак. Шуни инобатга олган ҳолда, бошқа футболчиларни тушириш керакмиди, деган фикрга бордим-у, аммо яна иккиландим. Чунки бундоқ ўйлаб қарасам, таркибда ўзи ўша қариялардан бошқа тузукроқ, ярқ этадиган футболчи йўқ экан. Биргина Сардор Рашидов нимадир қилишга уринди, аммо бошқалар пинакка кетганда пайтда бир ўзи нима ҳам қила оларди? Хўш, бу ерда айб кимда. Айб юқоридагиларда. Терма жамоа таркибига футболчиларни жалб қилаётганларда. Чунки ҳужум чизиғига эътибор беринг: Баҳодир Насимов, шу ўйинчи ёрқин ўйин кўрсата олишига ишонасизми, йўқ. Воҳид Шодиев, бу ўйинчи ҳам барқарор ўйин намойиш эта олмайди. Игор Сергеев, у ҳам баъзида яхши ўйнайди, баъзида йўқ. Мана муаммо нимада? Наҳотки 30 млндан ошиқ аҳолиси бор мамлакатдан “нормалний” ҳужумчи топиш қийин бўлса?

Бу фикрлар мени «Терма жамоани ёмон кўраркан», деб ўйламанг. Йўқ, мен жамоамизни жуда яхши кўраман. Ҳалигача мағлубиятдан ўзимга кела олганим йўқ.

Шахсан мен терма жамоамизнинг кейинги сафар яхшироқ ўйнашини, ғолиб бўлишини истайман, лекин афсуски, бунга ишона олмайман. Чунки Миржалол Қосимов бир-икки кун ичида янги фалсафа ўйлаб топишга ожизлик қилади, топган тақдирда ҳам у йиғган «ўйинчи»лар эса бир нимага яраши қийин.

Яна бир нарсадан ажабланаман. Интернет нашрлари орқали «Санжар Турсунов “Ворскла” сафида ажойиб ўйнаяпти», «Сервер Жепаров Кореяда яхши ҳаракат қиляпти», қабилидаги фикрларни ўқиб, «Хайрият, терма жамоамиз кучаядиган бўлибди-да», деб ўйлаб қоламан. Ана ана шундай легионерларимиз терма жамоа таркибига келиб қўшилгач, ё бор иқтидори тасодифан йўқолиб қолади, ёки термамизга дуо кетган. Янаям билмадим.

Бу бир мухлиснинг жонкуярлик билан ёзган фикрлари. Мулоҳазаларимиз кимгадир ёқмаган бўлса, бу унинг муаммоси. Ахир «Дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб», деган машойихларимиз. Хуллас, якшанба кунини юрак ҳовучлаб кутамиз. Агар терма жамоамиз рақибга ютқазиб, гуруҳдан чиқа олмаса, бош мураббий, албатта, истефога чиқиши керак бўлади. Борди-ю... Келинг, ҳозирча умид қилайлик.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:10, 14.01.2015.
Ўқилди: 24505 марта.
Фикрлар: 203 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.