Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Биргина хато учун қаттиқ жазо!

Баҳо:
+1 | -

Равшан Эрматов ҳозир дунёнинг энг сара ҳакамларидан ҳисобланади. 2010 йили эса, у ҳали унча танилмаган, мундиалга чақирилиши ҳам гўёки, тасодифдек туюлган, ҳамма қатори бир ҳакам эди. Бундай ҳакамлар ҳар галги жаҳон чемпионатида учраб турадилар - Африка, Осиё, Америкадан. Уларнинг тақдирлари ҳам деярли ўхшаш - мундиалда 1та ёки 2та ўйин бошқарадилар ва бир умр ёдда қоладиган таассуротлар билан ватанларига қайтадилар. Шу билан кўп ҳолларда улар қайта безовта қилинмайдилар...

Равшан Эрматовнинг эса омади келди. Аввало, унга катта ишонч билдиришди ва мундиалнинг очилиш ўйинини топширишди. Бу катта воқелик эди, аммо ўша очилиш маросимида Мексика ва ЖАР терма жамоалари ўртасида кечган учрашувда рўй берган битта ҳодиса бўлмаганида, ким билади дейсиз, Эрматовнинг тақдири қандай кечарди? Ўйиннинг биринчи бўлимида Мексика терма жамоаси бурчак тўпидан сўнг гол урди. Бир қарашда, гол тоза урилганди. Ахир бурчак тўпидан сўнг қандай ўйиндан ташқари ҳолат бўлиши мумкин? Ўйинни бошқариб бораётган Эрматов ҳам голни инобатга олишга шайланаётгандек эди. Аммо кутилмаганда, барчаси ўзгариб кетди. Ён қанот ҳаками Рафаэль Ильясов байроғини кўтарди ва рефери ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди. Тан олайлик, ўшанда барчамиз ҳакамларимиз хато қилишганини тахмин қилиб, «уф» тортгандик. Жуда ноёб ҳолат эдида - бурчак тўпидан сўнг одатда ўйиндан ташқари ҳолат юзага келмасди. Якунда маълум бўлдики, ўзбекистонлик ҳакамлар ўта чигал ва нозик вазиятда жуда тўғри қарор қабул қилган эканлар. Эътибор беринг, бу ҳодиса миллион ва балки миллиардлаб мухлислар томоша қиладиган жаҳон чемпио­нати очилиш учрашувида рўй берганди. Айнан шу нарса бутун дунё кўз ўнгида Равшан Эрматовнинг обрўсини кескин ошириб юборди.

Шундан сўнг етакчи реферимизнинг фаолияти фақат ва фақат юқорилашда давом этди. У ўша мундиалда 5та ўйин бошқарди. Орадан 4 йил ўтиб, Бразилияда кечган жаҳон чемпионатида Эрматовга яна 4та ўйин ишониб топширилди. Шу тариқа ҳам­юртимиз дунёнинг рекордчи ҳакамига айланди - тарихда ҳали ҳеч ким мундиалда 9та ўйин бошқармаганди. Бу бемисл ютуқ ва бунда ўша ЖАР-Мексика ўйинида қайд этилган «офсайд»нинг ҳам ўрни катта. Албатта, Эрматов фақат шу туфайли юқорига кўтарилди, дейиш фикридан йироқмиз. Чунки у кейинчалик ҳам барча учрашувларни юқори маҳорат билан бошқарди. Қисқаси, иқтидорига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ шу билан бирга тан олиш лозим, барибир, даст­лабки таассуротнинг ўрни катта. Равшан Эрматов ҳақидаги дастлабки таассурот эса, айнан ўша «офсайд»дан сўнг пайдо бўлди. Унинг ҳакамлик иқтидори ва жаҳон чемпионатида моҳирлик билан бошқарган ўйинлари эса, бундай таассуротларни янада мустаҳкамлади.

Аммо қарангки, ўша машҳур «офсайд»ни аниқлашда иштирок этганларнинг тақдирлари турлича кечди. Масалан Рафаэль Ильясов Бразилиядаги жаҳон чемпионатига боролмади. Чунки у Равшан Эрматов бригадасида вақтинча фаолият олиб борганди. Абдулҳамидулло Расулов нормативларни топшириб, сафга қайтганидан сўнг Рафаэль унинг ўрнини бўшатиб берди. Аммо Ильясовнинг халқаро фаолияти тўхтаб қолгани йўқ, у Валентин Коваленко бригадасида ишлай бошлади. Қитъа миқёсида бир қатор масъулиятли ўйинларда ишлади. «Пахтакор» ва «Насаф» ўртасида кечган Ўзбекистон кубоги ярим финал учрашувида ишлагунга қадар фаолияти бир текис кетаётганди. Бироқ ўша учрашувда йўл қўйган битта хатоси ҳаммасини ўзгартириб юборди. Учрашувнинг 87-дақиқасида «Пахтакор» гол урди ва Рафаэль Ильясов ўйиндан ташқари ҳолатни белгилашда хатога йўл қўйди. Аслида гол тоза урилганди. Ильясовнинг адашганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу жуда қўпол хато эди. Шунинг учун уни жазолашди. Аммо ҳамма гап шундаки, бу жазо ҳаддан ортиқ оғир бўлиб чиқди. Шу қадар оғирки, оқибатда Ильясов ўзбек футболидан батамом кетди...

Ҳозир Рафаэль Ильясов Қозон шаҳрида истиқомат қилмоқда ва Татаристон чемпионатида фаолият олиб боряпти. Ўзбекистонда ҳакамлик фаолиятини давом эттиролмагач, лоақал тарихий ватанида ишлашга қарор қилган, шекилли. Илья­совнинг ўзи Тошкентда туғилиб, вояга етгани билан ота-онаси татаристонлик. Ҳозирча у Россия премь­ер-лигасида ҳакамлик қилолмайди, чунки Россия фуқаролигини олганича йўқ. Ким билади дейсиз, балки яқин келажакда уни премьер-лига баҳсларида кўрармиз? Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Ильясовнинг ишлари жо­йида бўлишини жуда истардик. Чунки у бутун дунё наздида Ўзбекис­тон обрўси ошишига хизмат қилган инсонлардан ҳисобланади. Шу сабабли, унга фақат омад тилашимиз мумкин.

Албатта, Ильясовнинг ўзбек футболидан бу тариқа кетгани бироз аламли. У ҳали футболимизга кўп фойда келтириши мумкин эди. Бундай малакали мутахассислар ҳар доим ҳам учрайвермайдилар. Рафаэль балки жаҳон чемпионатида бош­қа ишлай олмас, аммо ёш ҳакамларни тайёрлашда унинг тажрибаси асқотиши тайин эди. Худди бир вақтлар Равшан Эрматовнинг танилишига ёрдам бергани сингари янги ҳакамларни тайёрлашга ҳам ҳисса қўшиши мумкин эди. Аммо энди бунинг иложи йўқ, шекилли. Афтидан, унинг тажрибаси буёғига россиялик ҳакамларни тайёрлашда қўл келадиган кўринади. Нима ҳам дердик, омадини берсин...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 22:52, 16.01.2015.
Ўқилди: 10925 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.