Ёдингизда бўлса, ўтган сафарги мақоламда МТЖнинг Осиё Кубокларида иштирок этган таркибларининг ёшини таҳлил қилган эдик. Таҳлилларга кўра, Миржалол Қосимов Осиё Кубогининг илк ўйинига энг “қари” таркибни олиб тушгани ҳақида маълумот бергандим. Шу ўринда ушбу фактни бироз тўлдирсам дегандим:
Осиё Кубокларида Ўзбекистон терма жамоаси бугунги кунгача жами 22 та ўйин ўтказган. 22 та ўйиндаги таркибларни кўриб чиқсак, Миржалол Қосимов нафақат илк ўйинда, балки бутун Осиё Кубоклари тарихида Ўзбекистоннинг энг “қари” таркибини майдонга бошлаб тушгани маълум бўлди. Қосимов мураббийлигидаги иккала ўйинда ҳам терма жамоамизнинг ўртача ёши 29,5 ёш бўлди. Бу рекорд кўрсаткичдир.
Энг ёш таркиб эса 2004 йилги Осиё Кубогида Равшан Ҳайдаров мураббийлигида майдонга тушган. Осиё Кубоги-2004 баҳсларининг гуруҳ босқичи 3-турида Турканистонга қарши майдонга тушган Ўзбекистон терма жамоасининг ўртача ёши 23,5 ёш бўлганди ва ўша ўйинда 1-0 ҳисобида ғалабага эришганмиз.
Таркиб ёши бўйича мураббийларда қуйидаги кўрсаткич:
Мураббий |
Йил |
Ўйин сони |
Ўртача ёш |
Баходир Ибрагимов |
1996 |
3 |
28,1 |
Юрий Саркисян |
2000 |
3 |
26,5 |
Равшан Хайдаров |
2004 |
4 |
25,6 |
Рауф Инилеев |
2007 |
4 |
25,4 |
Вадим Абрамов |
2011 |
6 |
27,8 |
Миржалол Қосимов |
2015 |
2 |
29,5 |
Аслида Миржалол Қосимовдан яна бир ўзига хос рекорд деганда буни назарда тутмагандим. Бошқа нарса ҳақида гаплашмоқчи эдик.
Яъни, ватанимиз жамоасининг 2-турдаги ўйинидан кейин Миржалол Қосимов ўзбек футболи тарихига Осиё Кубокларида иккита ўйинга бир хил таркиб туширган биринчи мураббий сифатида кирди.
Хабарингиз бўлса керак, Австралия майдонларида ўтаётган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси КХДРга қарши ҳам, Хитойга қарши ҳам бир хил таркиб билан ўйинни бошлади. Миржалол Қосимов таркибга биронта ўзгариш киритмади. Худдики, МТЖдаги масъул шахслар янги ўйин учун протокол тўлдиришга эриниб, ўтган сафаргини “копия” қилиб қўйишгандек.
Бунақа ҳолат илгари бирон марта бўлмаганди. Агар турниргача МТЖ Осиё Кубокларида 20 та ўйин ўтказган бўлса, майдонга 20 хил таркиб тушган, 20 хил!
Келинг, яхшироқ тушуниш учун мураббийлар мисолида таркибга киритилган ўзгаришларни кўриб чиқамиз. Жадвалларда аввалги ўйиндаги таркибдан фарқли равишда неча нафар янги футболчи таркибга қўшилгани акс этган.
1996 йил. Баходир Ибрагимов.
Ўйин рақами |
Таркибдаги янги футболчи |
2-ўйин |
1 нафар |
3-ўйин |
3 нафар |
2000 йил. Юрий Саркисян.
Ўйин рақами |
Таркибдаги янги футболчи |
2-ўйин |
5 нафар |
3-ўйин |
4 нафар |
2004 йил. Равшан Хайдаров.
Ўйин рақами |
Таркибдаги янги футболчи |
2-ўйин |
2 нафар |
3-ўйин |
8 нафар |
4-ўйин |
7 нафар |
2007 йил. Рауф Инилеев.
Ўйин рақами |
Таркибдаги янги футболчи |
2-ўйин |
4 нафар |
3-ўйин |
3 нафар |
4-ўйин |
1 нафар |
2011 йил. Вадим Абрамов.
Ўйин рақами |
Таркибдаги янги футболчи |
2-ўйин |
2 нафар |
3-ўйин |
1 нафар |
4-ўйин |
5 нафар |
5-ўйин |
4 нафар |
6-ўйин |
6 нафар |
2015 йил. Миржалол Қосимов.
Ўйин рақами |
Таркибдаги янги футболчи |
2-ўйин |
0 нафар |
Мана шунақа гаплар. Таркибда уч хил вазиятда ўзгаришлар кўп бўлади.
Биринчиси, турнир давомида жароҳат ва дисквалификациялар кўп бўлса;
Иккинчиси, мураббий турнирга олиб кетган 23 нафар футболчининг барчасига бирдек ишонса;
Учинчиси, таркибни исталганча алмаштиришга имкон берадиган натижани қайд этиб қўйган бўлса. Масалан, муддатидан олдин гуруҳдан чиққан бўлса, 3-турдаги ўйинда исталганча эксперимент қилиши мумкин.
Миржалол Қосимов нима учун таркибда ўзгаришлар қилмаётганлигига изоҳ беришдан йироқман. Аввало, бу мураббийнинг иши, менинг эмас. Натижа учун ҳам мураббий жавобгар, мен эмас. Бундан ташқари мураббий ҳар ўйинда таркибни ўзгартириши керак деган назария, қоида ҳам йўқ. Жуда зўр, кучли таркиб бўлса, ўзгартирмай қўяверсин, бемалол.
Аммо Хитойдан ютқаздик-ку. Айнан тактика эвазига ютқаздик-ку. Ҳай, майли, қолгани бошқа мақолада айтиладиган гаплар. Ҳозирча шу ерда тўхтаб турамиз.
Хушнудбек Худойбердиев