Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Миржалол Қосимов: «Истеъфо қочиб кетмайди, ҳозир фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйламоқдаман»

Баҳо:
+ | -1

Тадбирнинг иккинчи қисмида эса Миржалол Қосимов ва Азиз Ҳайдаровлар иштирок этишди. Улар ҳам авалига эртанги ўйин хусусидаги умумий қарашларини билдириб ўтишди.

— Барчангизга яхши маълумки, Хитойга қарши кечган ўйиндаги натижа вазиятни анча оғирлаштирди. Аслида биз ўйинни ёмон бошламагандик ва ғалаба қозониб тургандик. Аммо ўйинни ўз қўлимиз билан рақибга бериб қўйдик. Саудия Арабистони жуда кучли жамоа ва уларга қарши кечадиган ўйин жиддий кечиши турган гап. Бироқ биз ғалаба учун майдонга тушамиз. Энди эртага бўладиган ўйинда мана шу хатомизни тўғрилаб, вазиятни ўнглаш учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз.

— Эртага сиз фақат ғалаба қозонишингиз керак. С.Арабистони термасини эса дуранг ҳам қониқтиради. Шунингдек, рақиб футболчиларининг тезкорлигига қарши тура оласизми?
— Албатта, ғалаба қозонигдан ўзга йўлимиз йўқ ва зафар қучишимиз шарт. Ҳар бир жамоа мусобақадаги иштирокини давом эттиришни истайди. Рақиб таркибида кучли ва тезкор футболчилар кўп. Қолаверса, рақиб ўйин давомида қанот ҳимоячилари тез тез ҳужумга ўтиб туради ва Саудия ўйини янада кучаяди. Аммо биз бунга қарши тура оламиз.

— Эртага бошланғич таркибда ўзгариш кўрамизми? Шунингдек, Хитойга қарши кечган ўйинда футболчиларнинг "кўзи ёнмади", деган гапга қандай қарайсиз?
— Мен бу гапга қўшилмайман, барча футболчилар ғалабани жуда исташган эдилар. Аммо футболда шунақаси бўлиб туради. Биринчи бўлимда ёмон ўйнамадик, аммо иккинчи бўлимда кичик хатолар оғир оқибатларга олиб келди. Бизда вазиятни ўнглаш учун вақт етарли бўлмади. Эртага бу хатони тўғриламоқчимиз. Албатта Саудия Арабистони билан бўладиган ўйинда таркибда ўзгаришлар баъзи ўзгаришлар бўлади.

— Бугун Австралия Жанубий Корея билан ўйнайди. Шахсан ўзингиз, агарда кейинги босқичга чиқсангиз, улардан қай бири билан ўйнашни истардингиз?
— (кулади) Биз ҳозир фақат Саудия Арабистони билан бўладиган ўйин ҳақида ўйламоқдамиз. Қолгани ҳақида кейин ўйлаш учун вақт бўлади.

— Хитойга қарши кечган ўйинда рақибни менсимагандек бўлмадингизми? Рақиб кутилмаган ўйин намойиш қилди, деб ўйламайсизми?
— Асло. Мен рақибни менсимадик, деб айтмаган бўлардим ҳамда аввалдан айтганман, бу мусобақада фақат кучли жамоалар иштирок этишмоқда. Бас шундай экан, ҳар бир учрашувда тўлиқ куч билан ҳаракат қилиш керак. Хитой термаси эса кутганимизданда аъло даражада бизга қарши чиқишди.

— Хитойга қарши кечган ўйинда терма жамоамиз футболчилари жисмоний ва руҳий жиҳатдан ҳам рақибга имкониятни бой берди. Эртанги муҳим ўйинга улар руҳий жиҳатдан қанчалик тиклана олишди?

— Яна такрор айтаман, биз ўтган турда жуда ёмон ўйин кўрсатдик. Хитойга қарши кечган ўйинда футболчиларимиз анча хотиржам тортиб ўйнагани рост, бу эса бизнинг хатомиз эди. Аммо биз бу хатоларни кўриб чиқишга улгурдик, эртага эса мутлақо бошқача ўйин бўлади. Футболчилар ушбу ўйинга руҳий жиҳатдан тайёр, деб баралла айта оламан.

— Агар Ўзбекистон терма жамоаси эртага мағлубиятга учраса, сиз истеъфога чиқасизми?
— (кулади) Аввало бу масала қочиб кетмайди. Бизда барчасини ўнглаш учун имконият ва вақт бор. Мен ҳозир фақат С.Арабистонига қарши кечадиган ўйинни ва унда зафар қучиш ҳақида ўйлаяпман. Саудия Арабистонига қарши кечадиган ўйинда ғалаба учун бор имконият ва кучни сарфлаймиз. Ҳозир фақат шу ҳақида ўйламоқдаман. Қолганига эса ҳали вақт бўлади...

Аҳадхон Абдуҳамитов, Мельбурн шаҳридан.

 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:03, 17.01.2015.
Ўқилди: 13094 марта.
Фикрлар: 61 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.