Осиё кубоги-2015 ташкилий қўмитаси жиддий муаммога дуч келадиган бўлиб турибди. ОФК ҳозир бу ҳақда бош қотирмоқда.
Гап шундаки, мезбон Австралия чорак финалда Хитойни мағлуб этса, ярим финал учрашувини Ньюкасл шаҳридаги "Ньюкасл" стадионида ўтказади. Ушбу стадион қитъа чемпионатига мезбонлик қилаётган 5та стадион орасида энг кичиги ҳисобланади. Стадионнинг умумий сиғими 33 минг мухлисга мўлжалланган бўлса-да, унда 23 минг ўриндиқ ўрнатилган. Дарвозалар ортида эса ўриндиқлар ўрнатилмаган. Стадион аслида регбига мўлжаллаб қурилган.
Австралия ярим финалда катта эҳтимол билан Японияга (бу жамоа "D" гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, чорак финалда рақибини мағлуб этса) қарши ўйнаши мумкинлиги эса муаммонинг кўламини янада кенгайтиради. Ўйинга қизиқиш ўта юқори бўлади ва Япониядан ҳам кўплаб мухлислар ташриф буюриши кутилмоқда.
ОФК аввалига ўриндиқлар ўрнатилмаган жой учун чипта сотишни тақиқлаб қўйганди. Энди эса ўз қарорига қарши бориб, дарвозалар ортидаги (туриб кўриладиган) жойлар учун ҳам чипта сотишга розилик бериши мумкин. ОФК шу орқали муаммога ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун маҳаллий ташкилий қўмита мазкур жойларда мухлислар хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан чора кўриши лозим.
"Ньюкасл" стадиони кўриниши.
Ярим финал баҳсини бошқа стадионга кўчириш орқали мазкур муаммони ҳал қилиш мумкин, аммо чипталарни харид қилишга улгурган мухлислар жиддий муаммога дуч келишади. Шу боис, ОФК стадионни алмаштирмасликка қарор қилди.
Кўриниб турибдики, ОФК ва Ташкилий қўмита ярим финални энг кичик сиғимли стадионга белгилаб, катта хатога йўл қўйган. Улар Австралиянинг "А" гуруҳида 2-ўринни олиши мумкинлигини инобатга олишмаган.