Ўзбекистон терма жамоасининг Саудия Арабистонига қарши ўйинида ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайт майдонга туширилган Воҳид Шодиев ўйинда ўзига хос тарзда бурилиш ясай олди.
— Захирадан майдонга тушиб, муҳим гол муаллифига айландингиз...
— Айтишим керак, ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўрган эдик. Ҳар бир ҳужумчи майдонга тушганидан сўнг гол уришга интилади. Жамоадошларим мени қулай вазиятга чиқаришди ва зарбани тўғри бердим... Ҳакамлик ҳақида гапирмоқчи эмасдиму, аммо Уильямс етарлича хатоликларга йўл қуйди. Шунга қарамай, ғалабани кўпроқ хоҳлаганимиз туфайли мақсадга эришдик. Яна омад ҳам қочмади.
— 3-турга келибгина майдонга тушдингиз. Бу нарса босим ўтказмадими?
— Ўйингача ҳар бир футболчи билан индивидуал тарзда иш олиб борилганди. Шунингдек, ҳар биримиз халқимиз олдида катта масъулият борлигини сезиб тургандик. Саволингизга келсак, шахсан мен умуман босим сезмадим ва ҳаяжонга ҳам берилмадим. Энди бизни янада қийинроқ ўйин кутиб турибди. Агарда бугунгидек, майдоннинг ҳар бир қаричида кураш олиб борсак, албатта омад бизлар тарафимизда бўлади.
Осиё чемпионатида илк марта асосий таркибда майдонга тушган Эрон Про-лигаси вакили Баҳодир Насимов эса ўйин хусусидаги фикрларини шундай баён этди:
— Майдонда жуда оғир кураш боришини билардик. Саудияликларга дуранг натижа ҳам етарли эди. Шунинг учун барчамиз бир бўлиб, жонкуярлик билан ҳаракат қилдик. Менда ўзига хос дебют бўлди, лекин ўйиним унчалик қовушмади. Айтишим керак, мураббий кўрсатмасига биноан кўпроқ орқароқда ўйнадим. Умуман олганда, барчамиз ҳам ҳимоя, ҳам хужумда ҳаракатландик. Асосийси, ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Ўйиним чиқмагани эса бошқа масала... Лекин, Ж.Кореяга қарши ўйинга яна ишонч билдирилса, жамоамиз ютуғи бор ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Энди навбатдаги ўйинга ҳам жиддий тарзда тайёргарлик кўриб, ижобий натижа қайд этсак бўлгани.