Австралиянинг Мельбурн шаҳрида Осиё Кубоги чорак финали доирасида Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади.
Ушбу ўйин арафасида иккала жамоанинг ўзаро ўйинлари статистикаси, Осиё Кубокларидаги иштироклари борасида маълумотларни эътиборингизга тақдим этамиз.
Эртага бўлиб ўтадиган баҳс иккала терма жамоа учун ҳисоб бўйича ўзаро 12-ўйин бўлади. Бунгача терма жамоалар ўзаро 11 маротаба ўзаро куч синашган ва ушбу ўйинларда қайд этилган натижаларга кўра катта устунлик Жанубий Корея терма жамоаси тарафида. Ўтказилган 11та ўйиннинг 8тасида Жанубий Корея терма жамоаси ғалаба қозонган бўлса, 2 маротаба ўзаро учрашувларда дуранг қайд этилган. Ўзбекистон терма жамоаси кореяликлар устидан фақат бир мартагина ғалаба қозонган. Тўплар нисбатига кўра устунлик ҳам Жанубий Корея терма жамоаси фойдасига - 25:12.
Эътиборлиси, ушбу терма жамоаларнинг ўзаро илк ўйини 1994 йилги Осиё Ўйинлари ярим финал доирасида бўлиб ўтган ва ушбу учрашувда Ўзбекистон кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Қизиғи, 1994 йилдаги ғалабадан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси шу кунгача ўтказилган 10та учрашувнинг бирортасида Жанубий Корея терма жамоаси устидан ғалаба қозона олмаган.
Иккала терма жамоа Осиё Кубоги баҳсларида эса ўзаро бир маротаба баҳс олиб боришган. Бундан тўрт йил аввал Қатарда бўлиб ўтган мусобақада иккала терма жамоа учинчи ўрин учун баҳсда майдонга тушишган ва ўйин 3:2 ҳисобида кореялик футболчиларнинг ғалабаси билан якунланган эди.
Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоаларининг Осиё Кубоги баҳсларидаги ўзаро ўйинлари:
Осиё Кубоги-2011.
Доҳа, Қатар.
Жанубий Корея - Ўзбекистон 3:2
Голлар: Ку Чжа Чхол (18), Чжи Донг Вон (28, 39) - Александр Гейнрих (45 пенальти, 54).
Осиё Кубоги баҳсларидаги иштироклари борасида ҳам Жанубий Корея терма жамоаси катта устунликка эга. Австралияда бўлиб ўтаётган мусобақа Жанубий Корея терма жамоаси учун ҳисоб бўйича 13-турнир ҳисобланади.
Умуман олганда, Жанубий Корея терма жамоаси Осиё Кубокларидаги натижалари бўйича қитъанинг энг совриндор жамоаларидан бири ҳисобланади. Маълумот ўрнида, ушбу терма жамоа Осиё Кубогининг илк чемпиони ҳисобланади. Жанубий Корея термаси 1956 йилда ўтказилган илк мусобақада олтин медалларни қўлга киритган. Орадан тўрт йил ўтиб улар иккинчи марта Осиёда тенгсиз жамоа деб топиладилар. Шунингдек, ушбу терма жамоа 3 маротаба финалда ўйнаган ва яна 4 марта учинчи ўринни қўлга киритган. Яна бир қизиқ факт - Жанубий Корея терма жамоаси 1984 йилги мусобақадан ташқари ўзи иштирок этган барча Осиё Кубокларда гуруҳ босқичидан ўта олган.
Ўзбекистон терма жамоа учун мазкур мусобақа ҳисоб бўйича олтинчиси саналади. Ўзбекистон терма жамоаси 2011 йили Қатарда ўтказилган мусобақада тўртинчи ўринни эгаллаб мусобақа тарихидаги энг яхши натижасини қайд этган.
Осиё Кубоги - 2015.Чорак финал.
22 январь 2015. Мельбурн. «Rectangular» стадиони. Тошкент вақти билан 12:30.
Жанубий Корея - ЎЗБЕКИСТОН.
Бош ҳакам: Фаҳад ал-Мирдасий (Саудия Арабистони).
Қанот ҳакамлари: Абдулло аш-Шалваий (Саудия Арабистони), Абу Бакр ал-Амрий (Уммон).
Захира ҳаками: Абдуллоҳ Ал Ҳилолий (Уммон).
Назоратчи: Хани Толиб Баллан (Қатар).
Комиссар: Винсент Юн (Гонконг).