Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши бўлиб ўтган 120 дақиқалик мардонавор жангда мағлубиятга учради. Ваҳоланки, жамоамиз рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкин эди, бир эмас, бир неча марта!
Голли вазиятларни санаймиз:
6-дақиқа. Одил Аҳмедов томонидан ўнг қанотдан етказилган тўпни дарвозабон майдончасига етказиб берди. Тўраев тўпга бош билан интилди. Тўп унинг бошига бирозгина тегди, аммо тўп дарвоза томон бурилмади.
17-дақиқа. Муҳамммадиевнинг ўнг қанотдан узатмасидан кейин ҳимоячининг бошида тўп Турсуновга келиб тушди. Санжар яккама-якка вазият зарба йўллади. Олдинга чиқиб келган дарвозабон кўкраги билан зарбани қайтарди.
18-дақиқа. Денисов тўпни жарима майдончасига етказди. Одилнинг 7-8 метрдан йўллаган зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди.
63-дақиқа. Тўраев майдон марказидан пас билан Рашидовни бирга бир вазиятга чиқарди. Сардор тўп ҳаводан ерга тушаётганида ўзига бўйсундирганида, ҳаммаси жойида бўларди. Аммо кейинчалик дарвозабон тўпни ён томонга уриб юборди.
78-дақиқа. Жамоамиз Муҳаммадиев-Турсунов-Рашидов комбинациясини амалга оширишди. Сардор бир ҳимоячидан ўтиб кетиб, олис устун томонга етказди. Тўраев эса бўш дарвозани бош билан ишғол қила олмади.
112-дақиқа. Рашидов чап қанотдан тўпни жарима майдончаси ичида очилган Игорга узатди, аммо ҳужумчи тўпни ўзига бўйсундириш чоғида хатога йўл қўйди ва Квак Тэ Хви тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Корея ҳам тахминан шунча имкониятга эга бўлди, балки улар бир-иккита вазиятни кўпроқ яратишгандир. Бу муҳим эмас. Муҳими, терма жамоамиз тўғри стратегия остида ўйнади, имкониятлардан фойдаланиш керак, ҳимояда хато қилмаслик керак эди.
Аммо хато қилдик. Барчамиз мақтаган Шуҳрат Муҳаммадиев 120 дақиқа ўйнашга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди. Унинг биргина хатоси биз учун қимматга тушди. Бундай паллада жарима майдончаси ичида тўпни таваккал тепиб юбориш керакда!...
Яна 15-17 дақиқа давомида дарвозамизни қўриқлай олганимизда, Қосимов захирадан тушириш учун Элдорбек Суюновни ушлаб турганди. Аммо иш пенальтилар сериясигача етиб бормади. 120-дақиқада ўтказиб юборилган гол эса кореяликларга хотиржамлик бағишлада холос.
Осиё кубоги биз учун якунланди. Курашдик, охиригача курашдик. Бизга бироз омад етишмади. Омад эса кучлиларга кулиб боқади. Шундай бўлса-да, сўнгги 2та ўйинда борини бериб ҳаракат қилган йигитларга миннатдорчилик билдирамиз.
Осиё кубоги-2015. Чорак финал
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 2:0.
Асосий вақт - 0:0. Қўшимча бўлимлар - 2:0
Голлар: Сон Хенг Мин (103, 120)
Огоҳлантиришлар: Квак Тэ Хви (55) — Виталий Денисов (56), Анзур Исмоилов (86)
Жанубий Корея: 23.Ким Жин Хён, 2.Ким Чанг Су (Ча Ду Ри 69), 5.Квак Тэ Хви, 19.Ким Йонг Гвон, 3.Ким Жин Су, 6.Парк Жу Хо, 16.Ки Сунг Йеунг, 11.Ли Кеун Хо (Жанг Хюн Су 111), 10.Нам Тэ Хи, 7.Сон Хеунг Мин, 18.Ли Жеонг Хйеоп
Ўзбекистон: 12.Игнатий Нестеров, 5.Анзур Исмоилов, 3.Шавкат Муллажонов, 19.Виталий Денисов, 14.Шуҳрат Муҳаммадиев, 7.Азизбек Ҳайдаров, 13.Лутфулла Тўраев (Жамшид Искандеров 85), 9.Одил Аҳмедов (Темур Кападзе 30), 17.Санжар Турсунов (Игорь Сергеев 105+1), 4.Сардор Рашидов, 6.Баҳодир Насимов
Бош ҳакам: Фаҳад ал-Мирдасий (Саудия Арабистони)