Аргентиналик Хуан Рамон Рикельме 36 ёшида ўз профессионал футболчилик фаолиятига якун ясашини эълон қилган. Бу ҳақда ФИФАнинг расмий сайти маълум қилмоқда.
Ушбу футболчи бу қарорини “янги ҳаёт бошлаётгани” билан изоҳлаган.
Аргентина терма жамоасида узоқ вақт ярим ҳимоя амплуасида ўйнаб, сардор бўлган Рикельменинг сўнгги клуби “Аргентинос Хуниорс” бўлди. Футболчининг жамоаси билан шартномаси декабрда якунига етган ва шундан буён у эркин агент мақомида эди. Рикельме фаолиятини АҚШ чемпионатида давом эттириши кутилаётганди. Аммо футболчи фаолиятини якунлашга қарор қилди.
Рикельме “Барселона” ва “Вильярреал” клубларидаги фаолияти билан ёдда қолган. Ярим ҳимоячи Аргентина терма жамоаси таркибида 51 ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол киритган. У 2008 йилда Аргентина олимпия терма жамоаси билан олимпиада чемпионига айланган, клуб миқёсида эса, “Бока Хуниорс” сафида 3 марта (2000, 2001, 2007) Аргентина чемпиони бўлган.