Айни пайтда Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси аъзоси бўлган Александр Гейнрих Ўзбекистон терма жамоаси сафида ЖЧ-2018 йўлланмаси учун ўтказиладиган саралаш ўйинларида қатнашиш истагида эканини маълум қилган. Бу ҳақда спортс.уз нашри хабар бермоқда.
У терма жамоага янги авлод кириб келаётгани, лекин таркибда тажрибали футболчилар ҳам сақлаб қолиниши лозимлигини таъкидлаган.
“Ёшлар келиши яхши. Марҳамат, келаверишсин. Лекин бу дегани “қариялар”дан бутунлай воз кечиш керак дегани эмас. Мен айни пайтда яхши спорт формасига эгаман, ўзимга ишонаман. Сизни ҳам ҳали футболни яхши ўйнай олишимга ишонтираман”, – дейди Гейнрих.
Маълумот учун, ушбу футболчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида 2002 йилдан буён 82 марта ўйин ўтказган ва 28 голга муаллифлик қилган.