Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мурод Исмоилов: «Бош мақсадимиз – «Нефтчи»нинг аввалги мавқеини тиклаш»

Баҳо:
+ | -

Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси янги мавсумга тайёргарликнинг 3-босқичини ўз қароргоҳида бошлади. Мурод Исмоилов шогирдлари яқиндагина Тошкентда ташкил этилган ўқув-машғулотлар йиғинини якунлаб, Фарғонага қайтишганди. Энди «Нефтчи» футболчилари 30 январь куни старт оладиган анъанавий «Ҳоким кубоги» мусобақасига тайёргарлик кўришади. Фарғоналиклар пойтахтдаги йиғин давомида бир нечта назорат учрашувларида ҳам майдонга тушишди. Жумладан, «Обод», «Олмалиқ» ва «Сўғдиёна» жамоалари мағлубиятга учратилди. Биз айнан «Сўғдиёна»га қарши кечган ўртоқлик ўйинидан сўнг «Нефтчи» бош мураббийидан интервью олдик.

- Мурод ака, мавсумга тайёргарлик ишлари кўнгилдагидек давом этяптими?

- Режага мувофиқ, янги мавсумга тайёргарлик жараёнини 10 декабрь куни Фарғонада бошлаган эдик. Янги йилгача ўз қароргоҳимизда шуғулландик. Байрам туфайли йигитларга қисқа муддатли таътил бердик ва шундан сўнг яна 10 кун мобайнида ўзимизда машғулот ўтказдик. 14 январдан эса йиғинимиз Тошкентга кўчди. Пойтахтда 4та назорат учрашуви ўтказдик. Шулардан «Олмалиқ», «Сўғдиёна» ва «Шўртан»га қарши ўйинлар «Чилонзор» сунъий қопламали майдонида бўлди. Жамоамиз жойлашган меҳмонхона шу ерга яқинлиги учун ҳам, айнан «Чилонзор» стадионида шуғулландик. Энди Фар­ғонага қайтамиз ва анъанавий тарз­да ўтказиб келинаётган «Ҳоким кубоги» турнирида иштирок этамиз. 10 февралдан эса тайёргарликнинг 5-босқичини Туркияда давом эттиришни режалаштирганмиз. Анталияда 4та назорат учрашувида майдонга тушамиз. Рақиблар билан ўйин саналарини ҳам аниқлаб олганмиз. Грузия ва Македония олий лигаси клублари, шунингдек, Самаранинг «Крилья Советов» ҳамда Запорожьенинг «Металлург» жамоалари билан куч синашиб кўрамиз.

- Табиийки, мавсумлар оралиғида янги футболчилар синовдан ўтказилади. «Нефтчи» жамоасида бу жараён қандай давом этяпти?

- Бу йил шов-шув кўтариб, номдор футболчиларни жамоага таклиф қилолмадик. Лекин вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўзим таркибда кўришни истаган ўйинчиларни машғулотларимизга жалб қилдик, дея оламан. Бир неча йил «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилиб, ўтган мавсумлар ўз омадларини бошқа клубларда синаб кўришган Мансур Саидов, Бахтиёр Ёқубов, Шукурали Пўлатов, Ойбек Нурбоев каби тажрибали йигитларни ортга қайтардик. «Пахтакор»дан Аббос Махсталиев ва Муҳсин Убайдуллаевни йиғинга чақирганман. Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод бу футболчиларга ўйин амалиёти керак. Улар билан шартнома имзоладик. Бундан ташқари, дарвозабон Евгений Черемисин билан келишувга эришишга яқин турибмиз. У назорат ўйинларида яхши таассурот қолдирди. Тажрибали Акмал Холматов ҳам янги мавсумга биз билан бирга тараддуд кўряпти.

- Маҳаллий ёшларни кашф этиш, ўринбосарлар сафидан асосий таркибга истеъдодли футболчиларни жалб қилиш бўйича қандай ишлар олиб бориляпти?

- Кўп йиллар Фарғона футболига хизмат қилган Баҳром Ҳайдаров ўринбосарлар жамоаси билан шуғулланяпти. Ҳозир асосий урғуни 1996-1998 йилларда туғилган ёшларга қаратяпмиз. Ўтган йиллар давомида фарғоналик истеъдодли футболчилар бошқа клубларга ўтиб кетишди. Улар вақтида ушлаб қолинмаган. Масалан, Абдуллоҳ Олимов, Муҳсин Убайдуллаев каби йигитларимизни ҳам ижара асосида олишга мажбурмиз. Айни пайт Баҳром Ҳайдаров ёшлар билан жиддий ишлаяпти. Ёшларимиз жамоа базасида кунига 2 маҳал машғулот ўтказишяпти.

- Янги мавсумни янги стадионда қарши оласизлар. 14 март кунига стадионнинг очилиш маросими белгиланган. Умуман, жамоа мухлислари «Нефтчи»дан аввалгидек ёрқин ўйинлар кутишса бўладими?

- Ўзбекистоннинг энг совриндор жамоаларидан бири ҳисобланган «Нефт­чи»дан ҳар йили мазмунли ўйин кутишади. Ўз навбатида, биз ҳам албатта, мухлисларни хушнуд этишга астойдил ҳаракат қиламиз.  Ўтган мавсум бошланишида натижамиз аввалги йилдагидан яхшироқ бўлишини айтган эканман, жавоб бериш қийин бўлди. Шу боис, олдиндан аниқ ваъда бермайману, лекин жамоа раҳбарияти ва мухлисларимизни ўз ўйинларимиз ва натижаларимиз билан мамнун этамиз, деб ўйлайман.

- Олий лигада 16та жамоа иштирок этишига муносабатингиз қандай?

- Кураш қизиқарли тус олишини тахмин қиляпман. Жамоалар ўз ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда тайёргарлик кўришяпти. Менимча, иштирокчилар сонининг 16тага етказилгани яхши. Зеро, 26та ўйин бир йил учун жуда оз эди. Энди жамоалар 24-миллий чемпионатимизда қандай қатнашадилар - буни вақт кўрсатади. Ҳар бир клубнинг ўз олдига қўйган мақсади бор. Ўзимизга келсак, «Нефтчи»нинг аввалги мавқеини тиклашни мақсад қилганмиз. Тўғри, буни бир йилда амалга ошириш мушкул. Аммо йилдан-йилга шунга қараб борамиз.

Камолиддин АЛИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: pakhtakor.uz
Киритилди: 07:05, 31.01.2015.
Ўқилди: 4128 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.