Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ҳакамлик масаласида мақтана оламизми?

Баҳо:
+ | -

Сўнгги йилларда «Фалон учрашувни ўзбекистонлик ФИФА ҳакамлари бошқаришади» қабилидаги хабарлар тез-тез чиқиши одатий ҳолга айланди. Бундан албатта, ҳар биримиз ўзгача ғурурланамиз. Биргина Равшан Эрматовнинг халқаро футбол айвонидаги обрўси, ўйинларни барқарор тарзда оқилона бош­қараётгани қалбимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдиради. Бинобарин, юртимизда Эрматовга ҳавас қилиб, ҳакамлик касбини танлаётганлар сони тобора кўпаймоқда. Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, бугунги кунда ФИФА мақомини олишган ҳакамларимиз сафи ҳам кенгаймоқда. Биз айни мавзуда ЎФФ Ҳакамлар қўмитаси бошлиғи Ноил Лутфулин билан суҳбатлашдик.

- Ноил ака, суҳбатимизни ўзбекис­тонлик ФИФА ҳакамларининг 2014 йилги фаолиятлари сарҳисоби билан бошласак...

- Бажонидил. Кишини хурсанд қиладиган ҳолат шуки, ОФК томонидан бизнинг ҳакамларимизга қитъамиз бўйича энг кўп квота, яъни ўрин ажратилган. ФИФА ҳакамлари сони бўйича ҳам Осиёда етакчимиз. Бу борада Жанубий Корея, Япония, Авс­тралия, Саудия Арабистони ва БАА каби давлатлардан юқорида турганимиз диққатга сазовор факт. Энг муҳими, 2014 йили ҳам худди 2012-2013 йилларда бўлгани каби ўрнимизни сақлаб қолдик. Қисқаси, ҳакамлик масаласида бемалол мақтана оламиз. Айни пайт 7 нафар ФИФА рефериси, 9 нафар ассистентга эгамиз. Футзалда фаолият юритаётган ФИФА мақомидаги ҳакамларимиз 4 нафарга етганлигини алоҳида айтиб ўтиш керак. Аёллар футболида эса 2 нафардан рефери ва лайнсмен ФИФА байроғи остидаги мусобақаларда ишлаяпти. Пляж, яъни соҳил футболида Бахтиёр Намозов бир неча йилдан буён ҳакамлик қилиб келмоқда. У ўтган йили жаҳон чемпионати ўйинларида ҳам ишлади. ФИФАнинг элит тоифасига кирувчи ҳакамларимиз алоҳида мавзу. «А» тоифасида Равшан Эрматов, Валентин Коваленко ва Владислав Цейтлин фаолият юритишяпти. «В» тоифасида Ильгиз Танташев ва Азиз Асимов, «С» тоифасида Шерзод Қосимов бор. Дарвоқе, Австралияда давом этаётган Осиё кубогига бир йўла 2та бригадамиз таклиф этилганди. Бунақаси Осиё кубоги тарихида ҳали кузатилмаган. Тўғри, Коваленко саломатлигига боғлиқ муаммолар туфайли Австралияда ҳакамлик қилгани йўқ. Лекин факт шуки, ОФК биздан 2та бригада чақирдики, бу кўп нарсага далолат. Қолаверса, ОФК Ҳакамлар департаменти Равшан Эрматовга Осиё кубоги-2015 очилиш ўйинини ишониб топширди. Энди Равшан ҳам Осиё кубоги, ҳам жаҳон чемпионати очилиш ўйинларини бошқарган ҳакам сифатида тарихда қолди.

- Валентин Коваленконинг бригадаси тўлиқ биздан эмасди...

- Афсуски, шундай бўлиб қолди. Унинг ёрдамчиси Маъмур Саидқосимов имтиҳон топшириш жараёнида жароҳатланиб, Австралияга боролмади. Ёмғир ёғиб турганлиги учун майдон ҳолати ёмон аҳволга келганди. Қисқаси, сирпанчиқ майдонда тойиб кетган Саидқосимов кутилмаган жароҳат орттирди. Нафақат Маъмур, балки яна бир қатор ҳакамлар айнан жароҳат туфайли катта мусобақада қатнашиш бахтидан маҳрум бўлишди.

- Ўтган мавсум сиз бошқараётган қўмитага клублар томонидан ҳакамлар иши юзасидан эътирозлар тушмадими?

- Жиддий эътирозлар кузатилмади. Лекин инсон зоти камчиликлардан холи эмас. Ҳакам қаердадир ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этишда кечикиши мумкин. Кўряпсиз, футбол жуда тезлашиб кетди. Тўп билан тенг югуришнинг иложи йўқ. Бу билан ҳакамларимизни оқламоқчи эмасман. Ҳақиқатан ҳам, бугунги футбол билан аввалгисининг фарқи катта. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳакамлар учун турли семинар-машғулотлари ўтказиб беряпмиз. Халқаро тажрибага эга инспекторларни таклиф этяпмиз. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, йилдан-йилга ҳакамлик соҳасида ижобий томонга ўзгаришлар сезилмоқда.

- Янги футбол мавсумини Осиё кубоги бошлаб берди. Табиийки, йил давомида ҳакамларимиз учун хал­қаро ўйинларга тайинловлар бўлади. Бугунга келиб, қандай таклифлар тушди?

- 2015 йилги халқаро мусобақаларга аллақачон чорловлар оляпмиз. Айтайлик, Осиё Чемпионлар Лигаси-2015нинг илк ўйинларида бир йўла 2та бригадамиз ҳакамлик қилади. Равшан Эрматов 17 февраль куни Эронда, Валентин Коваленоко эса БААда ўтказиладиган «плей-офф» ўйинида ишлашади. Ильгиз Танташев эса Турк­манистон ва Тожикистонда бўлиб ўтадиган ОФК кубоги доирасидаги 2та учрашувга тайинланди. Азиз Асимов 8 февраль куни Ҳиндистонда ўтказиладиган ўйинни бошқаради. Шу кунларда гуруҳ босқич учрашувларига ҳам тайинловлар бўлиши кутиляпти.

- Бу йил олий лигада 16та жамоа иштирок этади. Табиийки, ­ўйинлар сонининг ошиши Ҳакамлар қўмитасига ҳам қўшимча масъулият юклайди. Бу борада қандай ишлар олиб боряпсизлар?

- Дарҳақиқат, ўйинлар сонининг кўпайиши ҳакамларга талабни оширади. Ҳозирда яна 2 нафар реферини ўтган йилги ҳакамлар сафига қўшишни мақсад қилганмиз. Эрматов ва Коваленко халқаро ўйинларни бошқаришга кетишганида, ўз-ўзидан ҳакамлар тақчиллиги сезилади. Шуларни ўйлаган ҳолда, ҳозирдан ҳаракатни бошлаб юборганмиз. Тез орада ҳакамлар ва назоратчилар учун имтиҳонлар бошланади. Яъни ҳакамлар ва ассистентлар жисмоний тайёргарлик бўйича синовдан ўтишади. 28 нафар ҳакамимизни Туркияга юборишни режага киритганмиз. Вакилларимиз у ерда ўтказиладиган халқаро ўйинларни бошқариб, ўз тажрибаларини оширишади. Ҳар бири камида 2тадан ўйинда ишлаши учун Туркияда ўртоқлик баҳсларини ташкил қиладиган компания билан гаплашяпмиз. Маълумки, бугунги кунда Европа ва Осиёнинг кўплаб клублари айнан Туркия ва БААда ўқув-йиғин машғулотларини олиб боришади. Бу ҳакамларимиз учун тайёр ўйин ва тажриба ошириш имкониятидир. Равшан Эрматов Австралиядан қайтганидан сўнг Туркиядаги ҳамкасблари сафига қўшилади. Ҳакамларимиз учун 5та босқичдан иборат семинар бор. 7-12 ва 15-20 февраль кунлари ҳам ҳакамлар ва назоратчилар учун семинар, ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилади. Умуман олганда, бу йилги чемпионатимизда жами 129 нафар ҳакам ва 37 нафар назоратчи ишлайди.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:23, 01.02.2015.
Ўқилди: 5874 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.