Сербиялик теннисчи Новак Жокович Мельбурн шаҳрида якунига етган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи Австралия Очиқ чемпионатининг ғолибига айланди. Сайёрамизнинг биринчи ракеткаси 3 соату 44 дақиқа давом этган финал учрашувида британиялик Энди Маррейни 7/6(5), 6/7(4), 6/3, 6/0 ҳисобида таслим этди.
Australian Open турниридаги муваффақият Жоковичга 3 миллион 100 минг АҚШ доллари ҳамда 2000 рейтинг очкосини тақдим этди. Новакнинг “Катта дубулға” туркумидаги ғалабалари сони 8 тага етди. Австралия Очиқ чемпионатида эса бешинчи бор бош мукофотни қўлга киритди.