Маълумки, 17 февраль куни юртимизда футбол мавсумини очиб берувчи илк расмий учрашув бўлиб ўтади. “Бунёдкор” ОЧЛ-2015 “плей-офф” босқичи доирасида БААнинг “Ал-Жазира” жамоасини қабул қилади. Ўйин ўтказиладиган аренанинг мавсумга тайёргарлиги борасида “Бунёдкор” стадиони директори Воҳид Фарҳодович Зокировга мурожаат этдик.
- Воҳид Фарҳодович, футбол ишқибозларини “Бунёдкор” стадиони майдонининг мавсумга тайёрлиги қизиқтирмоқда...
- Майдон ҳолати Чемпионлар лигаси учрашувини ўтказишга тайёр. Об-ҳаво ҳарорати ўтган йилнинг ўзидаёқ қўшимча уруғлантиришга имкон берганди. Иситиш ва бошқа тизимлар майдон ҳолатини янада яхши савияда ушлаб туришни таъминлади. Қисқа қилиб айтганда, майдон халқаро талабларга бемалол жавоб бера олади.
- 12-17 февраль кунлари пойтахтимизда ёмғир ёғиши хабар қилинмоқда. Бу ҳолат майдон сифатига таъсир ўтказмайдими?
- Майсалар остига ўрнатилган дринаж тизими, насослар ва бошқа мосламалар ҳар қандай шароитда ҳам “Бунёдкор” стадионида учрашув ўтказиш имконини беради. Мутахассисларимиз майдонни синаб кўришди. Ўйлайманки, бу ҳолат ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.
- Стадионда ўтган Чемпионлар лигаси доирасидаги учрашувларда ҳали ҳеч ким гол ура олмади. Бу жиҳат майдон сифатининг ўша пайтдаги ҳолати билан боғлиқ. Нима деб ўйлаймиз, бу статистика 17 февраль куни йўққа чиқадими?
- Стадионга келиб, дарвозалар ишғол қилинишини жуда-жуда истайдиган мухлисларни тушунаман. Биз ҳам голларга бой футбол тарафдоримиз. Бироқ бу футболчилар маҳоратига боғлиқ нарса. Мураббий ва футболчиларнинг фикрлари билан қизиқиб, “Бунёдкор” стадионининг ҳозирги ҳолатида жудаям тезкор футбол намойиш этиш мумкинлиги ҳақида жавоб олдик. Демак, футболчилар мухлисларни голлар билан хушнуд этадилар. Яхши ният қилардимки, 17 февраль куни ўша соғинилган голлар айнан “Бунёдкор”нинг рақиби дарвозаси тўридан жой олса.
- “Бунёдкор” – “Ал-Жазира” учрашувига кириш чипталар қандай нарҳларда белгиланди?
- Чипталар 13 минг сўмдан сотилмоқда. СИП сектор чипталари 30 мингдан белгиланган.
- Мухлислар учун қандай қулайликлар яратилган. Стадион худудида яна қандай хизматлар кўрсатилади?
- Умуман, февраль об-ҳаво учун ноқулай бўлган ой. Лекин “Бунёдкор” стадионига ташриф буюрган мухлислар усти ёпиқ ва қулай ўриндиқларга жойлашишади. Стадион томи мухлисларни ёмғир ёки қордан ҳимоя қилади. Стадион худудининг бир нечта нуқталарида савдо-сотиқ йўлга қўйилиб, меҳмонларимиз учун хизмат қилади.
- Мухлисларнинг саволи: Стадион мониторида учрашувнинг ҳавфли вазиятлари такрорий лавҳада намойиш этиладими?
- Бу борада биз ёрдам бера олмаймиз. Осиё Чемпионлар лигаси регламентига мувофиқ, стадиондаги мониторда видеолавҳаларни такроран намойиш этиш қатъиян ман этилади. Ўйинолдидан ва танаффус вақтида “Бунёдкор”нинг ОЧЛдаги аввалги учрашувларидан тайёрланган энг эсда қоларли лавҳаларни намойиш этамиз.
- Шахсан ўзингиз “Бунёдкор” – “Ал-Жазира” учрашувидан қандай натижа кутяпсиз?
- Аввало, юқори савияли футболчилар иштирокида чиройли ва шиддаткор ўйин бўлишини хоҳлардим. Албатта, бизнинг футболчиларимиз арабларнинг юлдузли таркибини мағлубиятга учратишини истайман.
- Мавсум бошланиши олдидан футбол мухлисларига тилакларингиз...
- Мавсум давомида чиройли, кескин учрашувлар кўп бўлишини ва бундан биринчи навбатда мухлислар ютишини тилайман. Учрашувлар мухлислар билан лиқ тўла ареналарда ўтиб, ишқибозлар ўзларининг севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашда давом этишсин. Стадионларда мухлисларга янада яхши шароитларини яратиб, уларни дам олишлари учун барча чораларни кўришга тайёрмиз. Ўзбекистонлик футболчиларга янги мавсумда омад тилаб қоламан.
Омонбой Тўхтамирзаев суҳбатлашди.