Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Вячеслав Солохо: «Гуруҳда ғолиб чиқишимиз керак»

Баҳо:
+ | -

«Бунёдкор» академияси базасида Ўзбекистон аёллар термаси назорат учрашувида майдонга тушди. Унда термамиз «Бунёдкор» аёллар клубини 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жамоанинг голларига Нилуфар Қудратова (3та), Зумрад Назарова, Феруза Тожибоева ва Мардона Эламасова муаллифлик қилишди. Маълумки, қизларимиз Эронда мезбонлар билан 3та ўйин ўтказишни режалаштиришган. Сафар олдидан «Бунёдкор»га қарши ўйин ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Ўз ўрнида айтиш жоиз, Эрон йиғини 9-16 март кунлари Иорданияда бўлиб ўтадиган 2016 йилги Олимпиада ўйинлари саралаш баҳсларига тайёргарлик жараёни ҳисобланади.

Иорданиядаги турнир саралашнинг биринчи босқичидир. Кейин­чалик яна 2та босқич ўтказилади. Рио-де-Жанейро Олимпиадасига эса қитъадан атиги 2та жамоа йўл олади. «Бунёдкор»га қарши ўйиндан сўнг махсус мухбиримиз терма жамоа устози Вячеслав Солохо билан суҳбатлашди.

- Вячеслав Васильевич, Эрон сафаридан асосий мақсад нима?

- Биринчидан, бу узоқ муддатдан сўнг биринчи йиғинимиз. Зеро, миллий термамиз (бу жамоа олимпия термаси ҳам ҳисобланади. Чунки аёллар ўртасидаги турнирда Олимпия қўмитаси футболчилар ёшига лимит қўймаган- муаллиф) анчадан буён расмий мусобақаларда иштирок этмади. Умуман, бундай мусобақанинг ўзи бўлмади. Олимпиада-2012 саралашидан чиқиб кетиб, Осиё кубогига ҳам боролмадик. Шу боис, танаффус юзага келди. Энди яна ишга киришдик. Энг муҳими, ЎФФ раҳбарияти бизга ишонч билдирмоқда. Иккинчидан, таркибимиз тубдан янгиланди. Ҳозир сафимизда ёшлар (U-19), ҳаттоки, ўсмирлар (U-16) терма жамоаларида ўйнашган қизлар бор. Мақсадимиз ҳам шу. Ёш қизларимизга тажрибали футболчиларга қарши қўрқмай ўйнашни уқтириш. Эронда худди шунга урғу қаратамиз.

- Нима учун тажрибали футболчиларни таклиф қилмадингиз? Санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Чунки гап кимлар ҳақида кетаётганини кўпчилик билади.

- Шуни айтишим керак, терма жамоа эшиклари ҳамма учун очиқ. Бу ерда ёшнинг аҳамияти йўқ. Ҳозир бўлмаса, ёшларни қачон кўздан кечирамиз? Демак, Эрон варианти жуда маъқул. Йиғинга жалб этилмаган айрим қизларимизнинг эса қандай кучга эга эканликларини яхши биламиз.

- Ушбу йиғиндан сўнг режалар қандай? Иорданиядаги турнирга қай тарзда тайёргарлик кўрасизлар?

- Аниқ режалар уйга қайтганимиздан сўнг тузилади. Лекин жиддий тайёргарлик кўришимиз аниқ. Қанчалик қийин бўлмасин, мақсадимиз - гуруҳда ғолиб чиқиб, кейинги бос­қичга йўл олиш. Албатта, бунинг қийинлиги тайин. Негаки, мезбонлар жамоаси анча кучли. Бунинг устига, Гонконг термаси ҳам анойи рақиб эмас.

- Айтайлик, Аммонда ижобий натижага эришдинглар. Кейин нима бўлади?

- Табиийки, 2-босқичга ўта жиддий тарзда тайёргарлик кўрамиз.

****

Олдин хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Теҳронда Эрон термасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Унда Вячеслав Солохо шогидлари 5:1 ҳисобида зафар қучишди. Жамоамиз голларига Шоҳида Тожиддинова, Феруза Турдибоева (2та), Нилуфар Қудратова ва Нозима Камолтоевалар муаллифлик қилишди. Солоҳо мазкур учрашувда қуйидаги таркибни майдонга туширди: Лайло Тилолова, (Мафтуна Жонимқулова, 80), Шохида Тожиддинова, Елена Лагуткина, Мафтуна Шоимова, Дилноза Бектемирова, Мардона Эламасова, Умида Зоирова, Феруза Турдибоева (Нозима Камолтоева, 77), Зумрад Назарова, Нилуфар Қудратова (Мохигул Икромова, 78 ), Шахноза Қурбонова (Нодира Муйдинова, 69).

Манба: interfutol.uz
Киритилди: 12:35, 13.02.2015.
Ўқилди: 8261 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.