Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўз дарвозасини ишғол эта олмаган жамоа

Баҳо:
+ | -

Миллионлар ўйинининг қонун-қоидалари бугунгача кўп бора ўзгарди. Таъкидлаш жоизки, илгари футболда тушуниб бўлмайдиган қоидалар ҳам қабул қилинар, бу эса кутилмаган ҳолатларга сабаб бўларди. Буни қарангки, ана шундай қоидалар натижасида футбол тарихидаги ўйинлардан бири жуда ғалати ва кулгили тус олган.

Бу матч Барбадос ва Гренада ўртасида ўтказилганди. Ўшанда Кариб ҳудудига кирувчи мамлакатлар «Кариб денгизи мамлакатлари кубоги» деб аталган турнирда иштирок этишаётганди. Айни шу давр, яъни 1994 йилда футбол тарихидаги энг кулгили воқеа содир бўлди. Бу воқеага кўпчилик ишонмаслиги мумкин, аммо қуйида эътиборингизга ҳавола этаётганларимиз айни ҳақиқат.

Демак, 1 гуруҳ. Гуруҳдан Барбадос, Гренада ва Пуэрто Рико терма жамоалари жой олишган. Турнир регламентига кўра, фақат битта жамоагина финал босқичи йўлланмасини қўлга киритади. Бунгача Гренада Пуэрто Рикони 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган, Барбадос термаси эса кейинги турда пуэрто-риколикларга минимал ҳисобда имкониятни бой берганди. Натижада иккита турдан кейин гуруҳдаги вазият қуйидагича тус олганди:

Гренада 3 очко, тўплар нисбати 2-0
Пуэрто-Рико 3 очко, тўплар нисбати 1-2
Барбадос 0 очко, тўплар нисбати 0-1.

Бундан кўриниб турардики, Гренада гуруҳда биринчи ўринни олиши учун сўнгги турда Барбадосни мағлуб этиши керак эди. Шунингдек, Барбадос термасида ҳам кейинги босқичга чиқиш имконияти бор, бунинг учун эса улардан Гренадани камида иккита тўп фарқи билан мағлуб этиш талаб қилинарди. Ўша пайтдаги қонун-қоидаларга кўра, ўйин дуранг билан тугаса, қўшимча таймлар белгиланар, ана шу дақиқаларда киритилган гол эса иккита голга тенг келар ва у «Олтин гол» ҳисобланарди.

Гуруҳнинг сўнгги ўйини: Барбадос-Гренада. Тезкор иккита гол ургач, Барбадос ўйиндаги ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Барбадосликлар ўзларига керакли ҳисобни 83-дақиқагача ушлаб туришди. Айнан шу дақиқада киритилган автогол барча уринишларни йўққа чиқарди, ҳисоб 2:1 кўриниш олди. Гренадаликлар энди ўз дарвозаларини қаттиқ қўриқлай бошлашди, чунки 3-гол уларнинг имкониятини йўққа чиқарарди.

Ўйин якунига етиб бораётган бир пайтда Барбадоснинг икки нафар ҳимоячиси (Сиели ва Стаут) тўпни бир-бирига узатишди. Шу пайт кутилмаганда Сиели ўз дарвозасига тўп киритди. Бу эса ишқибозларга ёқмади, улар дарҳол Сиелини ҳақорат қила бошлашди. Аммо футболчи ҳаммасини тўғри бажарганди, яъни у ҳисобни тенглаштириб, жамоасига яна ўттиз дақиқа ўйнаш имконини олиб беришни ният қилганди. Агар Барбадос қўшимча таймларда гол уришни уддаласа, жамоа гуруҳда пешқадамликни қўлга киритарди.

Воқеалар жараёнининг бундай тус олишини кутмаган гренадаликлар довдираб қолишади. Ўйиннинг асосий вақти якунланишига уч дақиқа қолганда эса вазият қуйидагича тус олганди, яъни гренадаликлар гол киритишмаса, яна ўттиз дақиқа ўйнашга тўғри келарди. Агар рақиб дарвозасини ишғол қилишса, нур устига аъло нур. Борди-ю, ўз дарвозаларига тўп киритишса ҳам 2:3 ҳисобидаги мағлубият уларни қониқтирарди. Табиийки, Гренада ўйинчилари энг осон йўлни танлашди, яъни ўз дарвозаларини ишғол қилишга киришишди. Ўйин бу ёғига жуда антиқа кўриниш олди.

Лекин барбадосликлар аъзоси Карпов вазият шундай тус олишини кутгани учун дарҳол рақиб жарима майдони томон югурди ва Гренада терма жамоаси посбонини йиқитиб, ўзи дарвозани қўриқлай бошлади. Ҳа, барбадослик футболчи гренадаликлар дарвозасини ҳимоя қилишга киришди. Барбадос ҳимоячиси Сиели эса Гренада посбонини майдонга қўймасликка ҳаракат қилар, у рақиб жарима майдончасининг сўнгги чизиғида турарди. Ўйин асосий вақтининг сўнгги икки дақиқаси ҳамда ҳакам томонидан қўшиб берилган тўрт дақиқа мобайнида ишқибозлар жуда кулгили ва антиқа ўйин гувоҳига айланишди: Гренада футболчилари ҳар икки дарвозага ҳам гол киритишга интилар, барбадослик ўйинчилар эса ҳам ўзларининг, ҳам рақиб дарвозасини қўриқлаш билан овора бўлди. Мана сизга ғаройиб жараён. Ҳакам ўйиннинг асосий вақти якунланганини билдирувчи ҳуштакни чалганида эса таблода 2:2 ҳисоби порлаб турар, яъни барбадосликлар ўз мақсадига эришганди. Гренада футболчилари эса ҳатто ўз дарвозаларини ҳам ишғол эта олмади.

Қўшимча дақиқаларда Барбадос жамоаси аъзолари катта саҳнага чиқишди. Аниқроғи, жамоа аъзоси Торн «Олтин гол» муаллифига айланди ва ҳакам ўйинни якунлади. Хуллас, якунда 4:2 ҳисоби қайд этилиб, Барбадос терма жамоаси гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган ҳолда Кариб денгизи мамлакатлари Кубогининг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Брижтаундаги «National Stadium» ўйингоҳи кулги ва қувончли ҳайқириқлардан ларзага келди.

Мазкур ўйиндан кейин интервью берган Гренада терма жамоаси бош мураббийи Жеймс Кларксон ўз норозилигини яшириб ўтирмади:

— Бунақанги аҳмоқона матчдан кейин ўзимни ғалати ҳис қиляпман. Бундай ўйин кўрсатган футболчиларни тўғри руҳий касалликлар шифохонасига жўнатиш керак. Футболчилар майдонда ўзаро кураш олиб боришади, ўйинда мантиқ бўлади. Бизнинг ўйинчилар эса қайси дарвозани қўриқлашни билмай қолишди. Очиғи, мен бунақа матчни умуман кўрмагандим. Футбол анъаналари ва қоидаларига кўра, ўз дарвозасига эмас, рақиб дарвозасига киритилган гол ғалаба олиб келиши керак.

Айни дамда футболдаги қонун-қоидалар олдингиларидан кескин фарқ қилади. Бу яхши, албатта. Чунки футболда, аввало, мантиқ ва адолатли рақобат бўлиши керак. Шундагина биз мухлислар миллионлар ўйинидан завқ оламиз.

Интернет материаллари асосида НИЗОМ тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 00:04, 01.03.2015.
Ўқилди: 8066 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.