"Бунёдкор" ва "Пирузи" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Сергей Лушчан иштирок этишди.
— Биз ютқаздик. Бунақаси ҳам бўлиб туради. Энди кейинги ўйинларда вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз. Рақиб тўлиқ ҳимояда ўйнагани учун бизга қийин бўлди. Яратилган вазиятларни эса голга айлантира олмадик. Битта хато туфайли ютқазиш алам қилади, албатта.
— Жамоа бутун ўйин давомида тезкор ўйин кўрсата олмади, бунинг сабаби нимада?
— Пенальти кўп нарсани ўзгартириб юборди. Шогирдларим ўйин охиригача ҳаракат қилишди. Уларга эътирозим йўқ. Ғалаба қозониш учун қўлдан келган барча ишни қилдик. Лекин гол ура олмадик. Бу бизнинг асосий муаммомиз.
— Воҳид Шодиев нима учун бошланғич таркибда туширилмади?
— Воҳид 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмас, деб ҳисобладим. Шомуродов ўзига юклатилган деярли барча ишни бажарди.
— Сардор Рашидов нима учун иккинчи қаватдаги тўп учун курашмаяпти?
— Машғулот пайтида бунинг учун уни койиймиз. Аммо уни жазоламаймиз. Унинг асосий кучи — тезкорлигида. Ҳар бир футболчининг ўзига яраша кучли ва кучсиз томонлари бўлади.
— Шомуродов бугун берилган кўрсатмаларнинг деярли барчасини бажарганини айтдингиз. Аммо у доим тўпни йўқотди. Бу ҳам кўрсатма эдими?
— У бугун 4 марта хато қилди. Унинг асосий вазифаси жарима майдончаси ичида тўп учун курашишдан иборат. Агар у бугун гол урганида қаҳрамонга айланарди.
— Кейинги ўйинда жамоа таркибида ўзгаришлар бўладими?
— Ҳозирча бирор нарса дейиш қийин. Ўша куни ўйинга ким тайёр бўлса, ўша майдонга тушади.
— Рақиб жамоа бош мураббийи "Бунёдкор"ни яхши ўрганганини ва шундан келиб чиқиб таркиб ва тактика танлаганини айтиб ўтди. Сиз "Персеполис"ни яхши ўргана олмаганмадингиз?
— Албатта ўргангандик. Лекин улар бизга қарши қандай тактика қўллашини билмасдик. Кўп масалани пенальти ҳал қилди. Бу катта хато. Голдан кейин ўйин ўзгариб кетди.