Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

ОЧЛ. Клубларимиз 2-турда 10 очко йўқотишди

Баҳо:
+ | -

Кўнгил нималарни хоҳламайди... Айниқса, футбол мухлисининг истаклари ҳар доим бир хил. Унинг хоҳиши бўйича суюкли жамоаси доим ғалаба қозониши даркор. ОЧЛ биринчи турини анча сермазмун ўтказган тўрт жамоамиздан барчамиз яна муваффақиятли ўйинлар кутгандик. Озгина ўхшамади...

Бизни хурсанд қилган ва ранжитган жиҳатлар

Иккинчи турда – икки очко! “Бунёдкор” аввалгисидан кўра бошқача ўйин кўрсатди. Ўйинни стадиондан кузатганим боис, Сергей Лушан шогирдлари ҳаракатларига алоҳида тўхталаман. Тасаввур қилинг, стадионга 22 мингдан зиёд мухлис тушди. Улар орасида водий, воҳа, қўйингки, юртимизнинг барча ҳудудларидан атайин футбол кўриш учун пойтахтга ташриф буюрганлар сони кўпчиликни ташкил этарди. Ўйин олдидан стадион сухандони катта экранда таркибни таништираётганидаги ҳолат байрамона кайфиятни юзага келтирди. Ҳар бир ўйинчини ишқибозлар бор кучлари билан ҳайқириб қарши олдилар. Ўйиннинг қандай натижа билан тугаганидан хабардор бўлганингиз сабаб тафсилотларга тўхталиб ўтмайман.

Ҳўш, “қалдирғочлар” қандай хатоларга йўл қўйишди? Ўша оқшом “Бунёдкор” рақиб ва мухлисларни менсимай ҳаракат қилгани бор гап. Мен сингари мухлис-у-мутахассисларни ҳайрон қолдирган жиҳатга эътибор қаратамиз! Пойтахтликларнинг савияли футболчилардан ташкил топган ўрта чизиғи кучли ўйнади. Лекин, ҳужум ва ҳимоя эса... Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг кўп сонли ҳужумларимиз ҳар сафар самарасиз якун топса, “Персиполис”нинг аҳён-аҳёнда қилган ҳужумлари жарима майдонимизда албатта, саросима туғдираверди. Ҳимоячилар довдираб қолишгач, рақибга пенальти совға қилиб, битта гол ўтказиб юборишди. Уёғига, савия жиҳатдан “Бунёдкор”га яқин бўлган рақиб, ўйинни ушлаб турди ва уч очко форслар ўлкасига равона бўлди. Бирор марта, жарима майдони ташқарисидан дарвоза томон берилган кучли зарбага гувоҳ бўлмадик. Жарималардан унумли фойдаланиш коэффиценти нолга тенг. Бу сафар, Сардор Рашидовнинг ўйинидан ҳеч кимнинг кўнгли тўлмади.

“Қалдирғочлар”лар ўйинида барчани хурсанд қиладиган жиҳат бор: бу ҳам бўлса, Осиёнинг нуфузли жамоаларига қарши сифатли ўйин кўрсатаётганидир. - Лекин, самара қани? - деган саволга фақат Лушан жавоб бериши мумкин, холос.

Ўша куни “Пахтакор”нинг меҳмондаги ўйинини томоша қилиб, жамоанинг анча шаклланиб, бир мақсад йўлида жонини аямай ғалаба сари интилганига гувоҳ бўлдик. Ўз гуруҳида пешқадам бўлиб олган клуб гуруҳдан чиқиш учун яхшигина пойдевор қўйиб бўлди, ҳисоб. Даврон Ҳошимовни кўп хато қилди, деганлар адашишади! Тўп билан кўп муаомала қилган футболчи ҳар доим ҳам беқусур ўйнай олмайди. Лобанов, эса ўйининг асосий қаҳрамонларидан бири. Мана шу 29 ёшли дарвозабон қиёфасида терма жамоага муносиб номзодни кўргандекмиз.

“Локомотив” мана шу ўйинни ютиши шарт эдими?! Балки... Тажрибали мураббий, ишончли ўйинчилар... “Локо”ни ёмон ўйнайди, дейиш ноўрин. Улар ғалаба қозонишни жуда қаттиқ истаганлари самараси ўлароқ бор кучини ҳужумга бериб, ҳаракатларни гол билан якунлайдиган ижрочи йўқлиги сабаб, бир очколи бўлишди, холос. Вадим Абрамов жамоасига яхши ҳужумчи керак! Темурҳўжа ёриб киришни уддалай олмаяпти. Қисқаси, “Фулад” автобуси бир очкога ишлади.

“Насаф” дурангга эришиши мумкин эди-ю, қаршиликлар рақибнинг ақлли ўйини қурбонига айланишди. “Ал Аҳли” ўйин суръатини зўр бошқарар экан. Бизникилар темпни тезлаштирса, араблар йиқилиб, ётиб олиб ва бошқа усуллар билан ўйинни ўзларига мослаштира олдилар. Аминмизки, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ҳали ўзларини кўрсатишади.

Легионерлардан кўнглимиз тўлмади

Четдан катта умид боғлаб чақирилган ва ўзимизникилардан каттароқ маблағ эвазига тўп сураётган футболчи жамоадошларига намуна бўлиши керак! Бироқ, “Бунёдкор” сафидаги - Самир Бекрич, Иван Милошевич, Сато Минори, “Локомотив” легионерлари - Неманья Янинич, Руслан Корьян, қаршиликларнинг ярим ҳимоячиси Рой Рок ҳақида ижобий фикрларни билдириш жуда қийин. “Қалдирғочлар” ярим ҳимоячиси Шакир Зуаги ва “Насаф”да “ўзимизники” бўлиб улгурган Артур Геворкяндан жамоалар наф топяпти, десак адашмаган бўламиз. Қаршиликлар сафида икки бўлим давомида бесамар тўп сурган Рой Рок ўрнига Баҳром Абдураҳимовни асосий таркибга тушириб кўриш керакми?..

Умуман олганда...

Иккинчи турда чор жамоа икки очко тўплади. “Пахтакор” гуруҳда пешқадам, “Насаф” иккинчи ўринда. Мухлислар катта ишонч билдирган тажрибали икки клубимиз - “Бунёдкор” ҳамда “Локомотив”нинг эса аҳволи яхши эмас. ОЧЛда навбатдаги турни “Бунёдкор” ва “Пахтакор” ўз майдонида ўтказади. “Локо” ва “Насаф” эса меҳмонда. Ҳали воқеалар ривожини ўзгартириш учун имкониятлар етарли.

Мухлислар ранжимасин...

Илк турдаги мазмунли ўйинлар мухлисларни футболимизга бўлган муҳаббатини янада оширганига барчамиз хурсанд бўлдик. Ишқибозларни стадионга қайтаришни асосий омили – чиройли ғалабалар экан. Футболчи ва мураббийлар мана шу жиҳатга жиддий эътибор беришлари лозим. Ўйин олдидан ўтказиладиган матбуот анжуманларида журналистларимиз мураббийларга айнан мана шу мавзуда кўпроқ савол бериб, мухлислар талабини етказишларини сўраган бўлар эдик. Нима қилганда ҳам футбол стадиони ишқибозлар билан тўлиб-тошиб турса, қандай гўзал бўлади.

Манба: sports.uz
Киритилди: 09:53, 07.03.2015.
Ўқилди: 6274 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.