Ўзбекистон суперкубогидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Локомотив" бош мураббийи Вадим Абрамов иштирок этди.
— Бугун бутун жамоа яхши ўйнади. Ҳеч бир футболчини алоҳида ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Жамоадошлари Темурхўжага яхши вазиятларни яратиб беришди.
— Бугун "Локомотив" зўр ўйнади, жамоа нега ОЧЛда шундай ўйнамаётганди?
— ОЧЛ жиддий мусобақа. Унда масъулият ва иштиёқ юқори бўлади. ОЧЛдаги ўйинларимиз борасида ҳали ишларимиз кўп.
— Ғалабага қарамай, кайфиятингиз йўққа ўхшайди.
— Бу ёшим билан боғлиқ бўлса керак.
— Миллий чемпионатимиз бошланмоқда. Терма жамоага номзод футболчиларнинг ўрнини тўлдирадиган ўйинчилар борми?
— Бугунги ўйинда захира таркибини синаб кўриш учун имконият бўлмади. Ҳали олдинда ўйинлар кўп, барчага имконият берамиз.
— Темур Кападзе кўп хатоларга йўл қўйяпти. Унинг ўрнига бошқа футболчи йўқми?
— Унинг ёшини ҳисобга олсак, Темурнинг ҳозирги ҳолати ёмон эмас. Умуман олганда, терма жамоа билан Осиё кубогига бориб келган футболчиларнинг функционал ҳолати яхши эмас. Улар оптимал формага киришлари учун вақт керак. Терма жамоа футболчиси эмоционал жиҳатдан чарчаган бўлади. Соддароқ қилиб тушунтирсам, сиз "Мерседес" машинасида юриб, бирданига "Тико"ни ҳайдасангиз, бунга мослашишингиз қийин кечади. Терма жамоа футболчиларида пасайиш шундай ҳолат билан боғлиқ.